10:30 / 18.12.2023
1 231

СССР тарихидаги энг сирли раҳбар: пештахталарга арзон ароқ чиқарган ва кескин ислоҳотлардан қўрққан Юрий Андропов тақдири

СССР тарихидаги энг сирли раҳбар: пештахталарга арзон ароқ чиқарган ва кескин ислоҳотлардан қўрққан Юрий Андропов тақдири

74 йил давомида бир-бирининг ўрнини эгаллаган етти нафар совет етакчиси орасида Андропов энг сирлиси ҳисобланади. У 1 йилу 3 ой давомида ҳокимият тепасида ўтирган бўлса, 10 ойдан камроқ ишлади, қолган вақтлари касал ётди. Айримлар уни янги Сталин деб атаган бўлса, баъзилар учун у совет Ден Сяопини эди. Аслида эса у ҳар иккисига ҳам ўхшамасди. Андроповни кўпчилик либераллар қаторига қўшар эди, чунки у шеърлар ёзар, жаззни яхши кўрар ва зиёлиларни ишга жалб қиларди. Буларнинг барчаси сиёсатчига консерватив қарашларини сақлаб қолиш ва ёрдамчилар сифатида вилоятлик “райком”ларни танлашда тўсқинлик қилмади.

Юрий Андропов
Фото: Wikipedia

Андропов шахсияти

Юрий Андроповнинг биографиясида бир-бирига ёпишмайдиган маълумотлар шу қадар кўпки, бир нарса аён бўлади: ёшлиги ҳақидаги маълумотлар у юқори лавозимни эгаллашида халақит бермаслиги учун яширилган. Андропов узоқ вақт давомида ота-онасининг шахсини яшириб келди, кейинчалик биринчи оиласи бўлгани ҳам маълум бўлди. Ноқобил ўғли карьерасига таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирланиб, биринчи аёли билан алоқани бутунлай узиб юборди: йигитча кўча болаларга қўшилиб қолган, кўп ичар ва бир неча бор қамалиб чиққанди.

Андропов ўз ишининг устаси эди: 1967 йилда у “КГБ” бошлиғига айланди. Тарихчиларга кўра, айнан унинг даврида ушбу ташкилот ўзининг улкан қудратига эга бўлган. Сталин даврида давлат хавфсизлиги органи ҳам қудратли эди, аммо элитар эмасди, боз устига ходимлари сони ҳам камроқ эди. Андропов “КГБ” иштирокисиз бирорта жиддий масала кўриб чиқилмаслигига эришди. Унинг даврида давлат хавфсизлиги органлари ичига кириш қийин бўлган ёпиқ клубга айланди: хизматга чақириладиган номзодларда катта талаблар қўйиларди, аммо улар катта маош ва улкан имтиёзлар билан таъминланди.

Андропов 68 ёшида Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котибига айланди. У Брежнев бошқарувининг охирги йилларида совет одамлари анча эркин бўлиб қолди, шу сабабдан уларни тартиб-интизомга ўргатиш керак дея ҳисобларди. Ҳокимият тепасига келиши билан у гайкаларни қотира бошлади: 1982 йил декабрда дўконлар, ҳаммомлар, ресторанлар, кинотеатрлар, сартарошхоналарда рейдлар бошланди — у ерларда ишлаш ўрнига шахсий юмушлари билан юрганлар қўлга олинарди.

Фото: Wikimedia Commons

Бундай чора-тадбирлар халқ орасида ҳали қўлланилмаган эди. Норозиликларни бир оз пасайтириш учун дўконлардаги пештахталарни янги ароқлар эгаллади. Унинг нархи 10 фоизга — 50 тийинга яқин арзонлашди. Брежнев бошқарувининг сўнгги йилларида ушбу алкогол маҳсулоти анча қимматлашган эди, шу сабабдан янги маҳсулотларнинг пайдо бўлиши кўпчиликка маъқул келди — ароқлар тезда “андроповка” номини олди. Арзон ароқ бир муддатдан кейин йўқолиб қолган бўлса-да, у узоқ вақт халқ онгида сақланиб қолди.

Сирли етакчи

Сочларига оқ тушган, кўзойнак таққан ҳолда бир оз энгашиб юрадиган эркак кўпроқ профессорга ўхшарди — у ўз нутқларини ҳам ўқитувчиларга хос оҳангда ўқирди. Андропов ёш ва таъсир доирага эга амалдорларга асосий эътиборини қаратди, иқтисодий ислоҳотлар ўтказди, машинасозликни ривожлантиришга уринди.

Андроповнинг ҳамкасблари “Юрий умуман дам олишни билмайди”, дея ҳазиллашарди. У соат 09:00 да ишхонада бўлар, “Время” дастури тугаганидан кейин соат 21:30 да уйига кетарди. Баъзида дам олиш кунлари ҳам хизматга келарди. Иш жойида дам олиш хонаси бўлса-да, бош котиб у ерга яқинлашмас эди. Андроповга яқин бўлган шахсларнинг айтишича, у максимум юмшоқ курсида 20-30 дақиқа ўтириб, ором оларди.

Театр ва концертларда фақат иш юзасидан борар, кўп китоб ўқирди. Ҳафтада бир маротаба унинг ёнига Ленин ва Тарих кутубхоналаридан ўнта китоб олишга келишарди. У бадиий адабиётдан тортиб, ихтисослик бўйича адабиётлар буюртма қиларди.

Андроповнинг камтарлиги зоҳидликка ўхшаб кетар эди. Қўл остида ишлаган ходимларнинг эслашича, у узоқ вақт битта кийимда юрар, ҳатто баъзан янги костюм ёки палто буюртма қилиш учун уни кўндиришга тўғри келарди. Амалдор, шунингдек, ўз автомобили ўтиб кетиши учун “ГАИ” ходимлари бошқа транспорт воситалари учун ҳаракатни чеклашидан хижолат тортарди. У Леонид Брежневнинг мутлақо акси эди — ҳеч қанақа ўтиришлар, банкетларга бормас, туғилган кунини нишонламасди. Одатда дўстлари ва ҳамкасблари битта-битта келиб, табриклаб кетарди.

Фото: “ТАСС”

Андропов ўз фарзандлари Игор ва Иринани ҳам ҳашаматга ўргатмади. У ходимларидан фарзандлари қилган қўнғироқлар ва барча илтимослар бўйича маълумот беришини талаб қиларди. Ҳамкасбларига ўғли учун машина бериш ва уни хизмат сафарларидан кутиб олишни тақиқларди. Қизи қўнғироқ қилиб, театрга билет топишга ёрдам сўраганида эса у контрамарка (томоша жойларига кириш учун билет ўрнида пулсиз бериладиган қоғоз) беришдан бош тортар, бироқ пул эвазига билет топишга ёрдам берарди.

Агарда Андроповга коняк, вино, мевалар, идиш-товоқ совға қилишса, уларни махсус буфетга, қимматбаҳо совғаларни “Гохран”га юборар, қолганлари стеллажлардан жой оларди. Бир сафар Нур Муҳаммад Тарақий Афғонистондан Андроповга қимматбаҳо гилам йўллайди. Андроповнинг қизи шу вақтда квартира олганди. Йиғилганлардан бири совғани унга бериш таклифини ўртага ташлайди. “Бу давлат ходимининг давлат ходимига совғаси, унинг қизига эмас. ‘Гохран”га юборилсин!”, — дейди Андропов.

Бош котибнинг таомномаси ҳам жозибадор эмасди. Буйракларидаги оғриқ сабаб шифокорлар унга тузсиз диетани буюрган, шунинг учун баъзида у ёрдамчиларидан шифокорларга кўрсатмасдан озгина селёдка олиб келишни сўраб турарди.

СССР етакчисининг хонадони

Андроповнинг квартираси анча бежирим бўлса-да, оддий совет фуқароси яшайдигандан фарқ қиларди — биринчи навбатда ўлчамлари билан. У кўпчилик орзу қилиши мумкин бўлган катта даҳлизга эга эди. Бош котибнинг дивани, бир жуфт курсиси ва журнал столи ўша ердан ўрин олганди.

Фото: “РИА Новости”

Меҳмонхона эса дабдабадан асар ҳам йўқ эди: силлиқланган стол, оддий сервант, чиройли жавон ва лампа. Иш кабинети ҳам оддий — шифтга қадар бўй чўзган китоб жавонлари ва ёзув столи. Андропов бошқа совет етакчиларидан кескин фарқ қиларди: у чекмас, ичмас, соғлом ҳаёт тарзига риоя қиларди, чанғи учишни яхши кўрар, уйида, иш кабинетида бўлса, доим тош ва штангалар топиларди. Бундан ташқари, у сиёсий бюронинг аксарият кекса вакилларидан зиёлироқ эди. Ақли олдингидек бўлса-да, сиёсатчи соғлиғидан азият чекарди. Бутун умри давомида у буйрагидаги муаммодан қийналиб яшади.

Ўта эҳтиёткор шахс

Андроповни таниган кўпчилик у эҳтиёткор, совет тизими хатоларни кечирмаслигини билган ҳолда иш тутганини яхши эслайди. Бунга балки Венгрияда элчи бўлиб юрганида 1956 йили ушбу мамлакатда рўй берган инқилоб воқеалари сабаб бўлгандир. Ислоҳотчилар кураши ўшанда совет танкларининг киритилиши билан якунланган. Андропов буларнинг барчасини Будапештдаги совет миссияси деразасидан кузатиб турган.

Содир бўлган воқеалар унинг рафиқасига таъсир қилган бўлиб, шундан кейин у хасталикка учрайди. Бўлажак бош котибни таниганлар ушбу воқеаларни Андроповнинг “венгер синдроми” деб атайди — у кескин ўзгаришлардан қўрқиб қолганди.

СССР 1956 йилги воқеаларни бостиришда иштирок этганига қарамай, айнан Андропов Венгрия раҳбарияти тепасига эҳтиёткор, бироқ энергияга тўла Янош Кадар келишига катта ҳисса қўшади — ҳозирда ушбу сиёсатчини Будапештда яхши сўзлар билан хотирлашади. Кадар Венгрияни ўша даврдаги ижтимоий лагерлар орасидаги бир оз эркин мамлакатнинг энг ривожланганига айлантирди.

Завод ишчилари билан суҳбатлашаётган Андропов
Фото: “ТАСС”

Янги етакчининг кўплаб қадамлари олқишланарди — Андропов давлат аппаратида тозалашларни ташкиллаштирди, унинг даврида 18 нафар СССР вазири лавозимдан олинди, коррупцияга ботган қатор совет амалдорларига қарши жиноят ишлари очилди.

1983 йил 1 сентябрь куни Андропов охирги марта сиёсий бюро йиғилишини ўтказади ва Қримга йўл олади. У ердаги тоза ҳаводан нафас олиб даволанган бош котибнинг таътили узоқ чўзилмади. Сайрларнинг бирида у ўриндиққа ўтириб, кучли қалтирашни ҳис қилади. Унга қалин кийимини олиб келиб беришади, аммо бу ҳа ёрдам бермайди — бош котиб ҳеч исина олмайди. Шундан кейин у ўрнидан турмади.

Андропов зудлик билан Москвага етказилади ва шифохонага ётқизилади. 20 га яқин академик ва профессорлар жалб этилганига қарамай, сиёсатчининг аҳволи оғирлашиб борарди. Содир бўлган воқеадан кейин “КГБ”нинг 9-бошқармаси қўриқчилари совет етакчиси яхши эътиборда бўлмай, унинг совуқда ўтиришига рухсат бергани учун анча таъна-дашном эшитади.

Андроповнинг дафн маросими
Фото: “ТАСС”

1984 йил 9 февралда Андроповнинг юраги уришдан тўхтайди. Орадан бир соат ўтар-ўтмай Константин Черненко сиёсий бюронинг мажлисига бошчилик қилади. Унинг бош котиб лавозимидаги фаолияти янада қисқа бўлди — Черненко бир йилга ҳам бормай юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этади.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » СССР тарихидаги энг сирли раҳбар: пештахталарга арзон ароқ чиқарган ва кескин ислоҳотлардан қўрққан Юрий Андропов тақдири