Туркияда Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи вакиллари махфий учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҲАМАС сиёсий бюроси раиси ўринбосари Солиҳ ал-Арурий, гуруҳ собиқ раҳбари Холид Мешал ва бошқа бир қатор юқори мартабали вакиллар иштирок этди, деб хабар берди 18 декабр, душанба куни Исроилнинг Kan радиоси. Учрашувда ҲАМАСнинг Исроил билан зиддиятдаги кейинги қадамлари муҳокама қилинди.
Радиостанциянинг қайд этишича, ҲАМАС етакчилари Исроил разведка хизматлари масофадан туриб музокаралар чоғида айтилган гаплардан хабар топиши мумкинлигидан ташвишланиб, шахсан учрашишга қарор қилган. Kan маълумотига кўра, Туркиядаги учрашувда бошқа масалалар қатори Ғазо сектори ва Ливандаги жангчилар фаолияти, шунингдек, гаровга олинганларни алмашиш бўйича янги келишув муҳокама қилинган.
Янги оташкесимга тайёргарлик
17 декабр куни Reuters манбаларига таяниб, Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режимини тиклашга тайёрлигини маълум қилди. Янги вақтинчалик оташкесим эълон қилиш учун ҲАМАС бир томонлама озодликка чиқариладиган гаровга олинганлар рўйхатини тузишни талаб қилмоқда. Жангчилар, шунингдек, Исроил армияси олдиндан келишилган чизиқларга чекинишини кутмоқда, бироқ Reuters агентлиги ёзишича, Исроил охирги талабга рози бўлмаган.
Миср ва Қатар Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачи сифатида қатнашиб, ўз шарти сифатида сулҳ бошланишидан олдин Ғазо сектори жанубида яна бир назорат-ўтказиш пункти – Керем Шалом очилишини талаб қилди. 17 декабрда ушбу назорат-ўтказиш пункти очилган, бироқ у орқали инсонпарварлик ёрдамларини ташиш ҳали бошланмади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг