Европа комиссияси 18 декабр, душанба куни X микроблоглар хизмати (собиқ Twitter)га қарши расмий иш очди. «Бугун биз X томонидан эҳтимолий қоидабузилишлар бўйича расмий тартибни очмоқдамиз», деб ёзди Европа Иттифоқининг ички савдо ва хизматлар бўйича комиссари Терри Бретон.
Европалик сиёсатчи таъкидлаганидек, онлайн-сервис ноқонуний контент ва дезинформацияга қарши курашиш мажбуриятларини бузиш, фойдаланувчи интерфейсини чалғитувчи дизайн шаффофлигини таъминлаш мажбуриятларига риоя қилмасликда гумон қилинмоқда. Компания Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуннинг (DSA) саккизта моддасини бузганликда айбдор деб топилиши мумкин.
Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун Европа Иттифоқида 25 август куни кучга кирди. Унга кўра, компаниялар ирқчилик, наркотиклар ва контрафакт маҳсулотлар савдоси, дезинформация тарқалишига қарши курашиши шарт. Октябр ойида Брюссел X тармоғини Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш билан боғлиқ ёлғон маълумот тарқатгани учун огоҳлантирган, деб эслатади AFP. Танқидчилар компания эгаси Илон Маскни ўтган йили Twitter’га раҳбарлик қила бошлаганидан бери контент модерациясини ва нотўғри маълумотларга қарши курашни сезиларли даражада қисқартирганликда айбламоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг