Яқин ҳафталарда Буюк Британия Украина билан ўн йиллик хавфсизлик кафолати шартномасини имзолайди ва бундай қадам ташлаган биринчи давлатга айланади. Бу ҳақда The Telegraph ёзди.
Киев сўнгги олти ойдан бери 30 га яқин давлат билан шу каби икки томонлама келишувлар бўйича музокаралар олиб бормоқда. Дастлаб, тегишли ҳужжат имзоланадиган биринчи давлат Қўшма Штатлар бўлиши режалаштирилган, бошқалар ундан ўрнак олиши керак эди. Бироқ Вашингтон ҳозир Киевга 2024 йилда қўшимча молиявий ёрдам кўрсатишни ҳам кафолатлай олмаяпти, шу сабабли Америка-Украина ҳарбий ҳамкорлигининг контурлари, асосан, катта сўроқ остида. Бундай вазиятда Бирлашган Қироллик Украинанинг шериклари орасида бўш бўлган етакчи ўрнини - ҳеч бўлмаганда маънавий ўрнини эгаллашга қарор қилди.
Таъкидланишича, Россияга қарши «Киевни қўллаб-қувватлаш» мақсадини белгилаб берувчи ўзаро англашув меморандумининг асоси, биринчи навбатда, денгиз ҳамкорлиги бўлади.
Янги келишув Украинани миналардан тозалаш учун кемалар билан таъминлаш ва денгиз кучларини мустаҳкамлаш учун Буюк Британия ва Норвегия бошчилигидаги «денгиз коалициясини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларнинг давоми бўлади.
Лондон денгиз ишларидаги «ўз кучи ва билими» Украина флоти имкониятларини оширишга ёрдам беришига ишонади. Қироллик денгиз флоти аллақачон украиналик мутахассисларга учувчисиз сув ости кемалари ёрдамида миналардан тозалаш, денгиз бомбаларини, миналанган майдонларни йўқ қилиш, шунингдек, амфибия операцияларини ўргатмоқда.
Бироқ, масала шу билан тўхтаб қолмайди. Лондон шунингдек, Киевнинг ҳарбий эҳтиёжларини молиялаштириш мажбуриятини олади.
Келишувда қанча маблағ ёрдам берилиши ҳозирча номаълум, бироқ сўнгги икки йил давомида Буюк Британия Украинага камида 2,3 миллиард фунт стерлинг ажратди, бу йилига тахминан 3 миллиард долларга тенг. 2024 йилда бу миқдор камида бир хил даражада бўлиши кутилмоқда. Нашрнинг Британия Мудофаа вазирлигидаги манбалари Киевга қурол-яроғ етказиб бериш бўйича аниқ режаларни ошкор қилмади, бироқ улар орасида «ер ва ҳаво воситалари» ҳам борлигига ишонтирди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг