22:00 / 23.12.2023
627

Путин Ғарбга Украинада сулҳ тузишга тайёрлигини билдирмоқда

Путин Ғарбга Украинада сулҳ тузишга тайёрлигини билдирмоқда

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин 2023 йил сентябр ойидан бошлаб, турли дипломатик каналлар орқали Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашга тайёрлигини билдирмоқда. Бу ҳақда Американинг The New York Times (NYT) нашри Кремлга яқин бўлган юқори мартабали россиялик икки нафар собиқ амалдор, шунингдек, АҚШ ва бошқа давлатлар расмийларига таяниб хабар берди.

Манбаларга кўра, Путин воситачилар орқали ҳозирги чегаралар доирасида ўт очишни тўхтатишга ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга тайёрлигини билдирган.

«Улар ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга тайёрмиз», дейишмоқда. Улар ҳозир жанг майдонида турган жойида қолишни истайди», деди кузда Россия вакиллари билан учрашган юқори мартабали хорижлик амалдор. Россиялик собиқ амалдорлардан бири Путин «армия турган жойида қолишга ҳақиқатан ҳам тайёр»лигини айтди. «У бир метр ҳам орқага чекинишга рози эмас», деб қўшимча қилди манба.

Америка расмийларининг таъкидлашича, Владимир Путин 2022 йил кузида ҳам Украина қўшинлари Харкив ва Херсон вилоятидаги ҳудудларни озод қилган пайтда ўт очишни тўхтатиш бўйича худди шундай таклиф билан чиққан. Путин «агар Россия босиб олинган ҳудудларни сақлаб қолса», сулҳ тузишга тайёрлигини очиқ айтган.

NYT таъкидлаганидек, Украина бу таклифга рози бўлади деб айтиш учун асос йўқ, чунки Киев аввалроқ барча босиб олинган ҳудудларни қайтариш ниятида эканини очиқ билдирган эди. Америка расмийлари фикрича, Путин уларни чалғитмоқчи бўлиши мумкин. Россиянинг собиқ расмийлари, агар рус армияси муваффақият қозонса, Путин фикрини ўзгартириши мумкинлигини тан олди. Июн ойида Россия ва Украинага борган ва исми ошкор этилмаган африкалик расмийнинг фикрича, Россия президенти «вақти келганда» музокаралар учун яхши тайёрланган каналга эга бўлишни хоҳлайди.

АҚШ расмийларига кўра, Путиннинг таклифи Украинани пойтахти Киев бўлган суверен давлат сифатида сақлаб қолади, аммо босиб олинган 20 фоиз ҳудуди Россияга ўтади. Лекин энди украиналик таниқли сиёсатчилардан ҳеч ким Россияга Украинанинг шунча ҳудудини берилишига олиб келадиган келишувга рози бўлмайди. Украина президенти Владимир Зеленский 19 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Россия билан музокаралар масаласи долзарб эмас», деди. «Уларнинг риторикасида биз фақат беадаблик ва қотилликни кўрмоқдамиз», деди Зеленский.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков NYT газетасига берган изоҳида «концептуал нуқтаи назардан сиз тақдим этган тезислар нотўғри» деди. Россия ҳозирги фронт чизиғида ўт очишни тўхтатишга тайёрми ёки йўқми деган саволга жавоб бераркан, Песков Россия фақат ўз мақсадларига - «денацификация», «демилитаризация» ва Украинанинг нейтрал мақомига эришилганидан сўнг урушни тўхтатишини айтди.

«Путин ҳақиқатан ҳам музокараларга тайёр ва бу ҳақда гапирган. Россия ҳам тайёр, лекин фақат ўз мақсадларига эришиш йўлида», деди Песков.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё