Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байденнинг чақириғидан сўнг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» жангчиларига қарши огоҳлантирувчи зарба беришдан воз кечгани ҳақидаги The Wall Street Journal (WSJ) хабарини «ёлғон» деб атади.
«Қўшма Штатлар минтақадаги операцияларимизга тўсқинлик қилгани ва тўсқинлик қилаётгани тўғрисидаги ёлғон маълумотларни кўрдим. Бу ҳақиқат эмас. Исроил - суверен давлат», - деди Нетаняҳу 24 декабр, якшанба куни бўлиб ўтган вазирлар маҳкамаси йиғилишида. Исроил бош вазири мамлакат армиясининг ҳаракатлари «оператив мулоҳазалар»га асосланганини таъкидлади.
WSJ 23 декабр куни хабар беришича, ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганидан бир неча кун ўтиб, Исроил армияси Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» кучларига зарба беришга тайёр бўлган. 11 октябр куни Исроил ҳарбий самолётлари ҳавода Нетаняҳу буйруғини кутган, бироқ Байден Исроил бош вазирини бундай хатти-ҳаракатларнинг эҳтимолий оқибатлари туфайли фикрини ўзгартиришга кўндирган, деб таъкидлади WSJ манбаларга таяниб.
Нетаняҳу: «Уруш узоқ давом этади»
Бинямин Нетаняху, шунингдек, сўнгги бир неча кун ичида 15 исроиллик аскарнинг ўлимига изоҳ бериб, якшанба тонгини «қийин» деб атади. «Биз оилаларга ҳамдардмиз», деди Исроил бош вазири. У шундай қўшимча қилди: «Тўғрисини айтайлик: бу узоқ уруш давом этади». Ғазо секторида ҲАМАСга қарши қуруқликдаги операция бошланганидан бери жами 150 дан ортиқ исроиллик аскар ҳалок бўлди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 20 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг