22:00 / 29.12.2023
125

Қозоғистон ҳукумати «Толибон»ни мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан олиб ташлади

Қозоғистон ҳукумати «Толибон»ни мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан олиб ташлади
Фото: AFP

Қозоғистон ҳукумати Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракатини мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ойбек Смадияров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу қарор БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатида «Толибон» ҳаракатининг йўқлиги билан изоҳланади.

«Қозоғистон тақиқланган террористик ташкилотларнинг миллий рўйхатини янгилаш мақсадида мунтазам равишда аудит ўтказади. Ушбу жараён доирасида БМТ амалиётига кўра, «Толибон»ни ундан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажбурий бўлган резолюцияларига кўра, «Толибон» ҳаракати БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатига киритилмаган», деб тушунтирди ТИВ вакили.

Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистон ва «Толибон» ўртасидаги сиёсий алоқалар масаласида Остона Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган қарор ва резолюцияларга қатъий амал қилади.

Маълумот ўрнида, БМТ Хавфсизлик Кенгаши «Толибон»ни 2003 йилда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Шунингдек, 1999 йилдан бери ушбу ҳаракат вакилларига нисбатан санкциялар қўллайди. БМТ томонидан «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарилгани ёки санкциялар олиб ташлангани ҳақида хабар берилмаган.

2005 йилда «Толибон» Қозоғистон Олий суди томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган эди.

2021 йил август ойида АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этгач, «Толибон» мамлакатда ҳокимиятни қўлга олди ва шундан бери дунё томонидан тан олинишига уриниб келмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё