Ғарб — Россиянинг душмани, қайсики Украина ёрдамида ўз масалаларини ҳал қилишга уринаётган, деди Россия президенти Владимир Путин Вишневский номидаги ҳарбий ҳоспиталда Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда яраланган жангчилар билан учрашув вақтида.
«Гап улар бизнинг рақибга ёрдам бераётганидамас, уларнинг ўзи рақиблигида. Улар уларнинг қўли билан ўз масалаларини ҳал қилишмоқда, барча гап шунда», — деган Путин.
Унинг сўзларига кўра, «асрлар мобайнида» шундай бўлиб келган.
«Украинанинг ўзи бизга душман эмас. Россиянинг душманлари — Россия давлатчилиги яксон бўлиши ва жанг майдонида Россияни стратегик мағлубиятга учратишни истаётганлар», — дея қўшимча қилган у. У ғарб Россияни мағлубиятига учратишга эриша олмаслигига ишонч билдирган.
Ғарб мамлакатларининг ҳарбий ёрдамларига қарамай, украин ҳарбийлари «аста-секин бўшашиб бормоқда, деган Путин. У Украина қуролли кучларида хориждан етказиб берилган ўқ-дорилар тугаб бораётгани, Россия эса, аксинча, уларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошираётганини қайд этган.
«Улар қадимдан ўз олдига Россия масаласини ҳал қилишни мақсад қилиб қўйган бўлса-да, афтидан, биз ўзимиз улар билан шуғулланамиз», — дея хулоса қилган президент.
РФ президенти Ғарб Украинадаги можаро бўйича риторикасини ўзгартираётгани ва уни якунлаш йўлларини излаётганини, Россия ҳам уни имкон қадар тезроқ якунлашни исташи, аммо бу ўз шартлари асосида бўлишини маълум қилди.
«Муаммо моҳияти Украинада эмас, балки Украина қўли орқали Россияни йўқ қилишга уринаётганларда. Мана гап қаерда. Аммо улар ҳеч нарсага эриша олмайди, бу шунчаки истисно қилинган, мутлақо. Шунчаки мутлақо истисно қилинган. Ўйлайманки, буни англашмоқда ва риторика ўзгармоқда», — деган у.
РФ президенти Ғарбнинг Россияни ҳарбий ва стратегик мағлубиятга учратиш учун уринишлари рус аскарининг жасорати ва матонати туфайли барбод бўлганини, бунда Россия ҳарбий саноатининг имкониятлари ҳам муҳим рол ўйнаганини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, айни вақтда ҳарбий амалиёт ҳудудида стратегик ташаббус Россия қўлида. У командирлар «топшириқни катта қурбонликлар эвазига бажармаслик»ни ўргангани ва «рақибнинг жиддий зарбасидан кейин» ҳар қандай юриш амалиёти ўтказишни ёқлаётганини айтиб ўтган.
- 2023 йил декабрида Россия мудофаа вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида Путин Украина қуролли кучлари «ўз хўжайинлари»га қарши ҳужумда қандайдир натижа кўрсатиш учун захираларининг катта қисмини сарфлаб юборганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, «ғарб ҳарбий техникаларининг бенуқсонлиги тўғрисидаги афсоналар ҳам чиппакка чиққан».
- Путин бунгача ҳам бир неча марта Россия тинчлик музокараларига тайёрлигини билдирганди. Декабр ойи охирида у яна бир бор буни такрорлаб, Москва урушни тўхтатишга фақат ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда рози бўлишини қайд этганди. У Киев мулоқотдан бош тортаётгани ва музокараларни тиклаш учун Украина президенти Володимир Зеленскийнинг музокаралар ўтказишга тақиқи бекор қилиниши даркорлигини таъкидлаганди.
- Зеленский ҳам ўзи таклиф этган «Тинчлик формуласи» асосида урушга барҳам беришга тайёр. Бу таклиф Россия қўшинлари Украинадан олиб чиқилишни назарда тутади. Кремлдагилар бу ҳақда гап бўлиши мумкинмаслигини таъкидлашган. Россия ТИВ тинчликка эришиш учун Киев НАТО ва ЕИга кириш режасидан воз кечиши ҳамда бетарафлик мақомига қайтиб, «янги ҳудудий реаллик»ни тан олиши лозимлигини билдирган.