16:16 / 02.01.2024
440

Россия Украинага кенг кўламли зарба берди. Киев ва Харьковда уйлар ёниб кетди

Россия Украинага кенг кўламли зарба берди. Киев ва Харьковда уйлар ёниб кетди

Фото: Telegram

2 январга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли ҳужум уюштирди. Тунда Россия ҳарбийлари Shahed-136/131 русумли 35 та ҳужумчи дрон учирди, деб хабар бермоқда Украина Қуролли кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари. УҚК маълумотларига кўра, барча дронлар уриб туширилган.

Россия қўшинлари шунингдек, бир нечта ракета ҳужумларини амалга оширди: Ту-95МС бомбардимончи самолётлари ва МиГ-31К қирувчиларининг (Кинжал ракеталарини ташийди) ҳужуми ҳақида хабар берилган. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россия қўшинлари Киев йўналиши бўйлаб “Кинжал” ракеталарни учиргани ҳақида маълум қилди. Жами Россия Украинага 11 га яқин “Кинжал” ракеталарини учирди, деди Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинец. Бутун Украина бўйлаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.

Киев

Киевдаги Деснянский туманида, очиқ майдонга учувчисиз учоқ парчаси келиб тушди, деди шаҳар мэри Виталий Кличко. Унинг аниқлик киритишича, ҳудуддаги супермаркетда ёнғин содир бўлган. Соломенский туманида ракета ҳужуми оқибатида иккита кўп қаватли турар жой биносида ёнғин содир бўлди. Шаҳар маъмурияти раҳбари Сергей Попконинг сўзларига кўра, Печерский туманида тўққиз қаватли уй томи ва яна бир турар жой биносига ракета қолдиқлари тушган. Голосеевский туманида вайроналар паркдаги очиқ майдонга, Оболонский туманида — нотурар жойга қулаган.

Киевда зарбалардан жиддий шикастланган кўп қаватли уй ҳудудидаги қутқарувчилар
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Подолск вилоятида газ қувури, фуқаролик инфратузилмаси объекти ва сув таъминоти тизими шикастланган. Шунингдек, икки минг квадрат метр майдонни эгаллаган омбор биносида, бозор ҳудудида ва тура жой биносида ёнғинлар содир бўлган. Оболонский туманида ракета парчалари омбор ҳудудига тушди, деди Попко.

Зарба оқибатида жиддий шикастланган кўп қаватли уй ҳудудидан тинч аҳоли вакилларини олиб чиқаётган қутқарувчила
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Кличконинг айтишича, Святошинский туманида ижтимоий инфратузилма объектига зарба берилган. Украина ОАВ Tesla автосалонида ёнғин содир бўлганини хабар қилмоқда, бироқ бу ҳақда ҳеч қандай тасдиқ йўқ.

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LET

Украина расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, Киевга қилинган ҳужум оқибатида 20 киши жабрланган. Киевнинг Соломенский туманида зарбалар остида қолган уйдан 17 киши қутқариб олинди. Жабрланганларнинг аксарияти касалхонага ётқизилган. Киевнинг айрим ҳудудларида сув таъминотида вақтинчалик муаммолар юзага келди, деди Кличко. Шевченковский, Святошинский, Голосеевский ва Оболонский туманларида электр энергияси қисман йўқолган. Киев вилоятининг Бучанский ва Вишгород туманларида ҳам электр йўқ.

Харьков

Россия қўшинлари Харьков марказига 2 январь куни тахминан соат 7:30 да зарба берди, деди Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Унинг сўзларига кўра, хусусан, ҳужум Шевченко туманида бўлиб ўтган. Полиция маълумотларига кўра, тўртта зарба қайд этилган. Ракеталардан бири турар жой биноси яқинига қулаган, 91 ёшли маҳаллий аҳоли у ерда касалхонага ётқизилган.

Ҳукумат маълумотларига кўра, кўп қаватли уйлар, хўжалик иншоотлари ва бошқа фуқаролик инфратузилмаларига зарар етган, ёнғинлар содир бўлган. Шунингдек, бир нечта машина ёниб кетган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Харьковдаги ракета ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 41 киши жароҳатланган.

Украинанинг қолган қисми

Портлашлар Кировоград вилоятидаги Кропйвницкийда ҳам эшитилди, деб хабар берди “Суспилне” телеканали. Ҳужум оқибатлари ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган. Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, портлаш Суми шаҳрида содир бўлган. унинг сабаби ҳозирча номаълум.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча Украинага уюштирилган оммавий ҳужумга изоҳ бермади.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Украинага кенг кўламли зарба берди. Киев ва Харьковда уйлар ёниб кетди