19:46 / 05.01.2024
225

КХДР Жанубий Корея билан чегара яқинида 200 га яқин снаряд учирди

КХДР Жанубий Корея билан чегара яқинида 200 га яқин снаряд учирди

Фото: Yonhap

Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси маълум қилишича, 5 январ тонгида КХДР ҳарбийлари Жанубий Кореянинг Пэннёндо ва Ёнпҳёндо ороллари яқинида 200 га яқин артиллерия снарядлари отган. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

«Ёнҳап» агентлиги аниқлик киритишича, снарядлар Сариқ денгиздаги шимолий демаркация чизиғи яқинидаги буфер зонага — амалда икки мамлакатнинг денгиз чегарасига қулаган.

Отишма оқибатида, Сеул маълумотига кўра, жабрланганлар йўқ. Жанубий кореялик ҳарбийлар КХДР ҳаракатларини «провокация» деб баҳолаган ва Пхенянни буни зудлик билан бас қилишга чақирган.

Шимолий Кореянинг ҳаракатларига жавобан жанубий кореялик ҳарбийлар Сариқ денгиздаги оролларида ўт очиш бўйича машғулотлар ўтказишни режалаштирмоқда.

«Ёнҳап»нинг ёзишича, расмий Сеул «Шимолий Корея томонидан ҳарбий провокациянинг яққол аломатлари фонида» Ёнпҳёндо оролидаги тинч аҳолини бошпаналарга эвакуация қилишга буйруқ берган.

КХДР расмийлари Жанубий Корея баёнотлари юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.

  • 2018 йил сентябрида КХДР ва Жанубий Корея икки давлат чегарасидаги демилитаризация ҳудудида кенг кўламли артиллерия ва дала ўқув машғулотлари ўтказмаслик, шунингдек, бу ҳудудда ҳарбий самолётлар парвозларига йўл қўймаслик бўйича келишиб олганди. Икки мамлакат ўртасидаги келишув Сариқ денгизда ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказилмайдиган буфер зона яратишни назарда тутган.
  • 2023 йил ноябрида Шимолий Корея Сеулни «провокацион манёврлар»да айблаб, бу келишувни бекор қилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё