50 га яқин давлатдан иборат гуруҳ Россияга Шимолий Корея ракеталарини етказиб бериш ва улардан Украинага қарши фойдаланишни қоралади.
«Биз КХДР экспорти ва КХДР баллистик ракеталарининг Россия томонидан сотиб олинишини, шунингдек, Россиянинг 2023 йил 30 декабр ва 2024 йил 2 январ кунлари ушбу ракеталарни Украинага қарши қўллаганини кескин қоралаймиз», — дейилади 10 январ, чоршанба куни АҚШ Давлат департаменти ва Германия ташқи ишлар вазирлиги чиқарган баёнотда. Ҳужжатга Германия ва деярли барча Европа давлатлари, шунингдек, Канада, Исроил, Австралия, Япония ва Жанубий Корея қўшилди.
Давлатлар қурол сотиб олинишини танқид қилиб, бу - Россиянинг ўзи қўллаб-қувватлаган БМТнинг бир қанча резолюцияларига зид эканини билдирди. Улар Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо барча давлатларни Москва ва Пхенян томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни қоралашга чақирди. Баёнотда, шунингдек, «Россиянинг Шимолий Корея қуролларидан фойдаланиши Европа, Корея яримороли, Тинч океани минтақаси ва бутун дунёдаги хавфсизлик ҳолатига таъсир қилиши» таъкидланади.
«Ушбу қуролларнинг берилиши Украина халқи азобини оширади, Россия урушини қўллаб-қувватлайди ва халқаро қуролларни тарқатмаслик режимига путур етказади, - дейилади ҳужжатда. - Россия Украина халқига қарши ракеталар ва учувчисиз учоқларни учирар экан, биз Украинани қўллаб-қувватлашда давом этамиз».
КХДР ракеталари Украинага катта зарар етказди
Янги йил арафасида ва ундан кейин ҳам Россия уруш бошланганидан бери Киев, Харкив ва Украинанинг бошқа шаҳарларига барча турдаги ракеталар ва ҳужумкор дронлардан фойдаланган ҳолда ҳужумларнинг энг йирик тўлқинларидан бирини амалга оширди. 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 29 декабрдан бери Россия қўшинлари Украина ҳудудига 300 га яқин ракета ва 200 дан ортиқ учувчисиз учоқларни учирган.
АҚШ РФ ва КХДР ҳамкорлигидан хавотирда
Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Россиянинг халқаро майдонда тобора яккаланиши фонида кучайиб бормоқда ва янги йилда рус қўшинлари Украинага ҳужум қилиш учун КХДРдан олинган баллистик ракеталардан фойдаланган, деди ўтган ҳафта АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби.
Унга кўра, Пхеняндаги режим яқинда Россияга бир нечта баллистик ракеталар ва улар учун қурилмалар етказиб берган. Оқ уй матбуот котиби гап қанча ракета ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлигини айтмади. «Бу - Шимолий Корея Россияни қўллаб-қувватлашининг сезиларли ва хавотирли кучайиши», деди Жон Кирби.
Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталарнинг учиш масофаси 900 кмга яқин. АҚШ маъмурияти тахминига кўра, Пхенян ўз ёрдами эвазига Россиядан ҳарбий техника, жумладан, қирувчи самолётлар, «ер-ҳаво» ракеталари, зирҳли техника ва илғор ҳарбий технологияларни олмоқчи. Бу Корея яримороли ва бутун Ҳинд-Тинч океани минтақаси хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг