Прага полицияси Россия фуқароси Евгений Герасименкони Вацлав Ҳавел номидаги аэропортда қўлга олди, Россия ҳукумати уни ҳибсга олиш учун халқаро ордер берган, деб хабар тарқатди Denik N нашри 9 январ, сешанба куни полицияга таяниб.
Нашрнинг ёзишича, қўлга олиш халқаро ҳибсга олиш ордери асосида амалга оширилган. Россия расмийлари ҳозирда Герасименконинг молиявий фирибгарликлари сабабли ватанига экстрадиция қилинишини кутмоқда. Герасименкони Россия Федерациясига экстрадиция қилиш имконияти ҳақидаги қарор Прага шаҳар суди томонидан кўриб чиқилади. Ҳозирда россиялик ҳибсга олинган.
Россия Герасименкони 2023 йилда ҳибсга олишга ордер берган. Ҳибсга олинган шахс билан мулоқотда бўлган Denik N манбаларининг айтишича, унга нисбатан Россияда қўзғатилган иш Герасименкони Россияга қайтариш мақсадида сиёсий хусусиятга эга.
Россиялик 7 январ куни тушдан кейин Ригадан Прага орқали Парижга учаётган вақтида қўлга олинган. У урушга қарши позицияси ва намойишларда қатнашгани учун Россияда таъқиб қилинаётганини айтиб, Франциядан сиёсий бошпана сўрамоқчи эди, деб ёзади Denik N.
Россия Федерацияси Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2023 йил январ-ноябр ойларида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари Россиядан фуқароларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки жазони ижро этиш учун экстрадиция қилиш бўйича 101 та сўровни қондиришдан бош тортган. Шу билан бирга, ушбу даврда 126 киши хориждан Россия томонига экстрадиция қилинган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг