10:48 / 11.01.2024
216

Путин янги президентлик муддати учун кучга тўла эканини маълум қилди

Путин янги президентлик муддати учун кучга тўла эканини маълум қилди

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин ёши улуғ бўлишига қарамай, лавозимида ишлашни давом эттириш учун ўзини кучга тўла деб ҳисоблайди. «Мен ёши катта одамман, аммо меҳнат қилиш, мамлакат олдида турган муаммоларни ҳал этиш учун куч ва ғайратни ҳис қиляпман», деди Путин 10 январ, чоршанба куни Чукотка маъмурий маркази Анадир шаҳри аҳолиси билан суҳбатда.

Россиянинг чекка ҳудудларига сафар унинг сайловолди кампанияси мажбурий жиҳатидир, дея қайд этади dpa агентлиги. Шу билан бирга, Путин 23 йилда илк бор Чукоткага ташриф буюрди. Экстремал иқлимга эга ҳудуд ҳисобланган Чукотка пойтахтида январ ойи учун совуқ анча мўътадил бўлиб турибди – тахминан -30 даража, деб ёзади «Интерфакс».

2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган Россия президенти сайловларида Путиннинг ғалабаси олдиндан тахмин қилинаётган бўлса-да, у барибир бор кучини жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтиришга сарфламоқда, деб таъкидлайди dpa агентлиги. Йилнинг аксарият қисмида қишки об-ҳаво ҳукм сурадиган Анадирда президентга доимий музликлар устида қурилган, помидор етиштириладиган иссиқхоналар кўрсатилди.

Кейинчалик, маҳаллий аҳоли билан суҳбатда Путин шахсий нарсалар ҳақида гапирди, масалан, «ҳар куни икки соат спорт залида ва бассейнда шуғулланиши»ни айтди. Унинг сўзларига кўра, юридик факултетда ўқиб юрган чоғида қўшимча равишда дурадгорликни ўрганган ва дераза ойналарини ясаш орқали яхши пул топган. У маҳаллий аҳолига ҳудудий муаммоларни, масалан, туғуруқхона йўқлигини ҳал этиш билан шуғулланишга ваъда берди. Россия президенти Украинада яраланган ҳарбий хизматчилар ҳарбий комиссарликларда ишга жойлаштирилишини билдирди. Путин Москва вилояти ва Россиянинг бошқа ҳудудларидаги бир қатор шаҳарларда турар жой биноларини иситиш билан боғлиқ муаммолар ҳақида бир оғиз ҳам гапирмади.

Путиннинг саломатлиги ҳақида миш-мишлар

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг, оммавий ахборот воситаларида Путиннинг соғлиғи ёмонлашган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар бир неча бор пайдо бўлди. Хусусан, 2022 йил апрел ойи бошида «Проект» суриштирув нашри Россия президенти олдига саратон касаллигини жарроҳлик йўли билан даволашга ихтисослашган шифокор тез-тез ташриф буюраётганини ёзган эди. Унинг сўзларига кўра, у биргина Сочига Путиннинг олдига камида 35 марта учиб борган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2022 йил 29 май куни Франциянинг TF1 телеканалига берган интервюсида Россия президентининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу россиялик юқори мартабали сиёсатчининг РФ президенти саломатлиги ҳолати ҳақидаги тахминларга жавобан биринчи баёноти эди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин янги президентлик муддати учун кучга тўла эканини маълум қилди