17:13 / 12.01.2024
162

Зеленский: жанглардаги танаффус фақат Россияга ёрдам беради

Зеленский: жанглардаги танаффус фақат Россияга ёрдам беради

Фото: AP

Украинанинг унга ҳужум қилган Россияга қарши ҳарбий амалиётларидаги ҳар қандай танаффус фақат россияликларга фойда келтиради ва уларга қайта қуролланиб олишга ёрдам беради. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 11 январ, пайшанба куни Таллинда Эстония президенти Алар Карис билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. Эстония Украина давлати раҳбарининг Болтиқбўйи бўйлаб турнесининг иккинчи босқичи бўлди, у Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ҳамроҳлигида Таллинга келди.

Матбуот анжуманида Володимир Зеленский Россиянинг ўзи томонидан ишлаб чиқарилган дрон ва ракеталар ҳажми ва уларнинг катта танқислигини таъкидлади. Россия Федерацияси Эрондан учувчисиз учоқлар сотиб олмоқда, ракеталар бўйича музокаралар олиб бормоқда ва КХДРдан аллақачон 1 миллиондан ортиқ артиллерия снарядларини олган, дея эслатди у. Шунинг учун ҳарбий ҳаракатлардаги танаффус можарони тўхтатмайди, бу фақат Москвага янги қуроллар олиш ва Украинага ҳужумларни давом эттиришга тайёргарлик кўришга ёрдам беради, дея қўшимча қилди Украина президенти. «Россия учун ҳеч қандай танаффус бўлмайди», деб огоҳлантирди у.

Шу билан бирга, Володимир Зеленский Россия ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлиши, Украинага ёрдам бериш учун музлатилган активлари мусодара қилиниши кераклигини таъкидлади. «Россия тажовуз учун молиявий жавобгар бўлади. Бу ҳам барча учун ибратли сабоқдир», деди Зеленский. У Эстонияга Украинани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди, хусусан, ушбу мамлакатда украиналик ҳарбий хизматчиларни даволаш ва реабилитация қилишда кўрсатилаётган ёрдам ҳамда 12 та ҳарбий ёрдам пакетини қайд этди.

Карис: Эстония Украинага ЯИМнинг 0,25 фоизини беради

Ўз навбатида Алар Карис Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига ваъда берди. Эстония ЯИМнинг 0,25 фоизини Киевга ўтказади ва бошқа давлатларни ундан ўрнак олишга чақиради, деди у. «Россия нафақат Украинани эгаллаб олмоқчи. Шимолий Кореядан олган қуроллардан фойдаланиб, бутун демократик дунёга қарши чиқяпти. Европа қарши туриши учун ҳарбий жиҳатдан кучлироқ бўлиши керак», - дея унинг сўзларини келтиради Delfi.ee.

Кариснинг таъкидлашича, урушга кўникиш мумкин эмас, Украина ғалабаси учун демократик дунёнинг барча саъй-ҳаракатлари зарур. «Россиянинг мақсади - ғарб қулаши, аммо бу амалга ошмайди. Биргаликда ҳаракат қилсак, биз ғалаба қозонамиз. Уруш демократик дунёнинг кучини кўрсатади. Бу урушнинг натижаси Украинага узоқ муддатда ёрдам беришга тайёрликка боғлиқ. Биз РФни санкциялар билан заифлаштиришимиз керак, уни сиёсий жиҳатдан изоляция қилиш керак», - дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Алар Карис Эстониянинг мақсади «Украинани НАТО тўлақонли аъзоси сифатида кутиб олиш» эканлигини таъкидлади. Таллин, шунингдек, Россия Федерациясига депортация қилинган барча болаларни Украинага қайтариш ва уруш жиноятларида айбдорларнинг барчасини жавобгарликка тортиш учун ҳаракат қилади. «Украинага кўпроқ ва яхшироқ қуроллар керак. Украина керакли нарсани олиши учун Европа Иттифоқи ҳарбий саноатининг салоҳиятини ошириш лозим. Эртага эмас, бугун буни қилиш шарт», - деди Эстония президенти.

Зеленскийнинг Болтиқбўйи мамлакатларига турнеси

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Карис Эстонияда Зеленскийнинг ташрифи муносабати билан «махсус кун» эканлигини айтганди. «Бизнинг мустаҳкам дўстлигимиз умумий қадриятларга асосланади, биз интилаётган ғоялар эса - демократия ва эркинликдир», деб ёзади у.

Зеленскийнинг Болтиқбўйи бўйлаб турнесининг навбатдаги бекати Латвия бўлади, бир кун олдин эса у Литвада бўлди. Вилнюсда у Украина зудлик билан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига муҳтожлигини айтди. Литва президенти Гитанас Науседа билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида у Россия декабр ойи охири ва январ ойининг биринчи кунларида Украинага бир қатор йирик ҳаво ҳужумларини амалга оширганини, жами 500 га яқин ракета ва учувчисиз учоқларни учирганини эслатди. Уларнинг 70 фоизга яқини уриб туширилган.

«Мен (ҳаво ҳужумидан мудофаа) тўпламини миқдорий жиҳатдан бизга жуда зарур бўлган тизимлар билан мустаҳкамлашни истардим. Айнан тизимлар ва Россия баллистикасига қарши курашадиган махсус ракеталар керак», - деди Зеленский. Унинг сўзларига кўра, Вилнюсда имзоланган мудофаа соҳасида ҳамкорлик бўйича икки томонлама келишувлар Украинадаги қурол тақчиллигини камайтиришга ёрдам беради.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё