10:39 / 17.01.2024
120

Германия Украинага ҳарбий ёрдамни қарийб икки баравар оширади

Германия Украинага ҳарбий ёрдамни қарийб икки баравар оширади
Фото: AP /Gregor Fischer

Германия 2024 йилда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун аввал режалаштирилганидек 4 миллиард эмас, балки 7 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратади. Бу ҳақда Германия ҳукумати матбуот хизмати 16 январ, сешанба куни Германия канцлери Олаф Шолц ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасидаги телефон суҳбатидан сўнг маълум қилди.

Германия ва АҚШ раҳбарлари ўз суҳбатида «Украина Россиядан ўзини ҳимоя қилишда давом этар экан, унга молиявий, ҳарбий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади», деди Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебештрайт.

Шолц ва Байден, шунингдек, Исроил Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиётини давом эттираётган, Эрон эса Ироқ, Сурия ва Покистондаги нишонларга ракета ва учувчисиз учоқлардан зарбалар бераётган бир ҳолатда, Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди.

Германия Украинага 6 миллиард евролик ҳарбий ёрдам тақдим этди

Қўшма Штатлар ва Германия Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Украинага кўрсатилган ёрдам миқдори бўйича етакчилик қилмоқда. 2022 йил 24 февралдан бери Берлин Киевга тахминан 6 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам берди. Хусусан, Германия Украинага Leopard танклари, IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва улар учун ракеталарни етказиб берди. Айни пайтда Германия Украинага узоқ масофага учувчи Taurus ракеталарини бериш масаласини муҳокама қилмоқда.

Германия ҳукумати 2024 йилда Украинага ҳарбий ёрдам миқдорини икки баравар оширишни режалаштираётгани ноябр ойида маълум бўлган эди. Ушбу икки баравар кўпайиш туфайли Германия, бошқа нарсалар қатори, мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2,1 фоизигача оширади ва шу тариқа НАТО талабини қондиради.

Германиянинг Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (),) маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар 2023 йил охиригача Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун 44 миллиард евро ажратган. Бироқ 2024 йил бошида Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами Конгрессда республикачилар ва демократлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли вақтинчалик тўхтаб қолди. 6 январ куни The New York Times газетаси Қўшма Штатлар яқин орада Украинага Patriot тизими учун тутиб олувчи ракеталарни етказиб беришни тўхтатиши ҳақида хабар берди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё