11:44 / 17.01.2024
414

Давосда Украинадаги урушни дипломатия билан тугатишга чақириқлар янгради

Давосда Украинадаги урушни дипломатия билан тугатишга чақириқлар янгради

Фото: Stefan Wermuth/AFP

Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида Европа ва жаҳон сиёсатчилари ҳамда йирик бизнес вакиллари Украинани Россиядан ҳимояланишда қўллаб-қувватлашни давом эттиришини билдирди ва Киев ҳал қилувчи паллада ташқи молиявий ёрдамни бой бераётганидан хавотир билдирди. Бироқ, шу билан бирга, улар ҳам очиқчасига, ҳам саҳна ортида урушни дипломатик йўл билан тугатишга чақирди, деб ёзди Американинг The New York Times газетаси 16 январ, сешанба куни.

Нашрнинг таъкидлашича, бу ҳафта Давосда Украинадаги уруш мавзуси «сезиларли бўлди, аммо доминант эмас». The New York Times сешанба кунги форумда Украинага бағишланган икки воқеани эслатиб ўтади: Украина минерал захираларининг Европа қайта тикланадиган энергияга ўтишидаги аҳамиятига бағишланган муҳокама ва урушда Украина учун жанг қилган тўрт аёлнинг нутқи.

Зеленский Россия раҳбариятини айблаб чиқди

Бундан ташқари, 16 январ куни Украина президенти Володимир Зеленский Давос форумида нутқ сўзлади. У Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги можарони музлатиш ғоясини рад этиб, «Россия раҳбарияти музлатилган нарсадан қониқмайди», деди. «Урушни музлатиш билан у тугаганини англатмайди. 2014 йилдан кейин Донбассда урушни тўхтатишга уринишлар бўлди, нуфузли кафиллар бор эди», деб эслатди Зеленский. Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам якшанба куни Давосдаги матбуот анжуманида: «Украинага музлатилган можаролар керак эмас, Украинага адолатли дунё керак», деди.

Бунгача, 15 январ куни форумда Зеленский томонидан 2022 йил ноябрида тақдим этилган «тинчлик формуласи» муҳокама қилинди. Унга Россия қўшинларини Украинанинг халқаро тан олинган ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, ҳарбий жиноятчиларни жазолаш ва Украинага етказилган зарар учун товон тўлаш киради. Шу куни Швейцарияда Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича конференция Россия иштирокисиз ўтказилиши маълум бўлди. Аввалроқ Швейцария ташқи ишлар вазири Иняцио Кассис Россиянинг музокараларга қўшилиши тарафдори бўлиб, бусиз «тинчлик бўлмайди» деган эди.

Путин 16 январ куни Россия Федерацияси «сўнгги бир ярим йил ичида Украинада қўлга киритган ютуқларидан воз кечмаслигини» айтди.

Ғарб Украинага ёрдам ваъда қилди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Давос форумида Зеленскийни Оқ уй Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришда «қатъий» экани ва «бу мақсадга эришиш учун Конгресс билан жуда яқин ҳамкорлик қилаётганига ишонтирди. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен «Украина 2024 йил ва ундан кейинги йиллар учун молиялаштиришда аниқликка муҳтож», деди ҳамда Украина қуролли кучларига «Украинани ҳимоя қилиш ва унинг қонуний ҳудудини қайтариб олиш учун узлуксиз қурол-яроғ таъминоти» кераклигини эслатди.

Бундан ташқари, Зеленский Давосда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашди. «Биз кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилдик - жанг майдонидаги вазият, давлатимизнинг мудофаа эҳтиёжлари, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини янада мустаҳкамлаш, НАТОнинг Вашингтонда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитига тайёргарлик, ҳамкорлик доирасида икки томонлама хавфсизлик шартномалари бўйича ҳамкорлар билан ишлаш, Украина НАТОга киргунга қадар амал қиладиган G7 декларацияси», деди Украина раҳбари.

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми 19 январга қадар давом этади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё