Саудия Арабистонида биринчи спиртли ичимликлар дўкони пойтахт Ар-Риёз шаҳрининг дипломатик кварталида очилди. Бу ҳақда муассасага борган бир неча гувоҳларга таяниб, CNBC телеканали хабар берди.
Дўконда спиртли ичимликларни фақат чет эл дипломатлари ва мусулмон бўлмаган давлатларнинг элчихона ходимлари харид қилиши мумкин. Илгари, уларда бундай имконият йўқ эди, чунки мамлакатда 1952 йилдан буён спиртли ичимликлар тақиқланган.
Дўкон қоидаларига кўра, дипломатлар фақат махсус Diplo иловаси орқали тизимга кириш орқали спиртли ичимликлар сотиб олиши мумкин.
Бошқа чекловлар ҳам бор: дипломатлар бошқа шахслар ёки 21 ёшдан кичик бўлганлар ҳамроҳлигида дўконга кира олмайди. Шунингдек, дўконда суратга олиш ва мобил телефон ишлатишга рухсат йўқ.
Бундан ташқари, харидлар сонига ойлик чеклов қўйилган, бу элчихона ходимларининг айримлари спиртли ичимликларни «қора бозор»да сотмаслиги учун белгиланган.
Биринчи спиртли ичимликлар дўкони очилгани Саудия Арабистони расмийлари томонидан тасдиқланмаган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг