Россия президенти Владимир Путин Ил-76 самолётининг Белгород вилоятида ҳалокатга учрашига муносабат билдирди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Путин Россия расмийларининг самолёт Украина томонидан уриб туширилгани ва бортда ҳарбий асирлар борлиги ҳақидаги олдинги баёнотларини такрорлади. У Украина разведкаси Ил-76 самолёти бортида украин ҳарбий асирлари борлигини билганини айтди.
Россия президентига кўра, фалокат жойидан топилган далиллар, самолёт Франция ёки АҚШ ҳаво мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганини кўрсатмоқда, “бир неча кундан кейин бу аниқ бўлади”.
“Улар бизнинг Ил-76 самолётимизни ҳарбий хизматчилари — 65 киши билан уриб туширишди. Ахир уларни шунчаки у ерга олиб борганимиз йўқ эди. Украина Қуролли кучлари бош разведка бошқармаси 65 нафар ҳарбий хизматчини олиб кетаётганимизни билар эди ва жами, менимча, 190 нафар асирни алмашиш режалаштирилган эди. Буни билиб туриб, Украина Қуролли кучлари самолётга ҳужум қилди. Буни атайлаб қилишдими ёки хато, ўйламасданми, билмайман. Аммо улар буни қилгани аниқ”, — деди у.
Украина разведкаси Россия уларни Ил-76 да ҳарбий асирлар борлиги, улар Белгород орқали олиб ўтилиши ҳақида огоҳлантирмаганини таъкидламоқда. Киев ҳалокатга учраган самолёт бортида ҳарбийлар бўлгани ҳақидаги маълумотни, шунингдек, Москванинг самолётда Украина ҳарбийлари томонидан уриб туширилгани ҳақидаги даъволарини тасдиқламади.
Украина президенти Владимир Зеленский самолёт билан боғлиқ ҳодиса бўйича халқаро текширув ўтказилишини талаб қилди.
"Ҳеч қандай шароитда бу “дўстона ўт очиш” бўлиши мумкин эмас эди. Чунки самолёт армия воситалари билан эмас, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан урилган. Бизнинг тизимимиз ўз самолётига зарба бера олмайди. У ерда дўст-душман тизимлари мавжуд ва оператор тугмани қанчалик босмасин, бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз ишламас эди. Техника. Воқеа жойида аниқланган далиллар эса бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси эканини кўрсатади. Эҳтимол, булар Америка Patriot тизимлари ёки Европа, эҳтимол французларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидир. Бир-икки кундан кейин аниқ бўлади", — дейди Путин.
Шунингдек, Россия президенти фақат учувчилар учун қайғудалигини айтиб, Ил-76 иши бўйича тергов натижалари Украина халқи билиши учун эълон қилинишини айтди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг