20:05 / 11.02.2024
557

Россия Авдийивкада украин қўшинини тузоққа туширишга уринмоқда

Россия Авдийивкада украин қўшинини тузоққа туширишга уринмоқда
Фото: Reuters
BBC Донецк областида Россия қўшини 2022 йил февралидан буён эгаллаб олишга бесамар уринаётган ушбу кичик шаҳар мудофаасида нималар бўлаётганини таҳлил қилиб кўрди.

«Россия кучлари рақиб мудофаасини ёриб ўтишга ва аҳоли яшаш пункти чеккасига чиқишга муваффақ бўлди», – дея хабар қилинган Россиянинг «Биринчи канали» эфирида 1 феврал куни Авдийивкадаги вазият ҳақида. Бу хабарга кўра, РФ қўшини гўёки шаҳар чеккасидаги 19 та уйни эгаллаган.

BBC маълумотига кўра, россиялик ҳарбийлар гуруҳи чиндан ҳам тахминан 19 январдаёқ Авдийивканинг энг жанубий чеккасидаги кўчалар: Спортивная, Чернишевская, Лесная, Седова ва Соборная кўчаларига етиб келишганди.

Россиялик ҳарбий блогерларнинг айтишича, Россия мазкур ҳудудда бутун бир плацдарм ташкил этишган – «Царская охота» ресторанлар комплексида.

6 феврал куни россияликларнинг телеграм-каналларида Чернишевская кўчасида «Брэдли» зирҳли машинаси минага тушиб портлаб кетгани акс этган видео тарқалди. Бу Украина қуролли кучлари душманни шаҳардан сиқиб чиқаришга муваффақиятсиз уринган чоғда рўй бергани айтилган.

Украина ҳукумати «кўча жанглари» бошлангани тўғрисидаги маълумотни рад этган ва россияликларнинг диверсия-разведка гуруҳи шаҳар чеккаларидан аллақачон чекинтирилгани ҳақида маълум қилган.

Вазият ёмонлашуви

Аммо 5 феврал куниёы украинларнинг нуфузли таҳлилий портали DeepState Авдийивкадаги вазият ёмонлашаётгани ҳақида хабар берди. Хусусан, россияликлар шаҳарнинг нафақат жанубий, балки шимолий чеккаларига, Авдийивка кокскимё заводи яқинидаги дала ҳовлилардан иборат посёлкага фаол ҳужум қила бошлаганди.

«Одатга кўра, шаҳар атрофида ҳам, унинг ичида ҳам мудофаа иншоотларини тайёрлаш масаласида кўп саволлар туғилмоқда», – дея қайд этганди DeepState.

Украиналик ҳарбий корреспондент ва «Цензор.Нет» нашри бош муҳаррири, 5 феврал куни Авдийивкага келган Юрий Бутусов Россия қўшини шаҳарга киришдан 1,2 км масофада турганини маълум қилган.

Чернишевский кўчасида «Брэдли» портлаши
Авдийивка ҳарбий маъмурияти бошлиғи Виталий Барабаш 6 феврал куни украин умуммиллий телемарафони эфирида вазият оғирлашаётганини тасдиқлаган.

«Вазият кескин. Агар бир неча ҳафта олдин вазият оғирлиги, аммо назорат остидалиги ҳақида айтган бўлсак, энди жуда оғир ва ҳатто айтиш мумкинки, баъзи жойларда критик вазият юзага келган», – деган у.

Шу билан бирга, у шаҳарда ҳали кўча жанглари олиб борилмаётгани, аммо россияликларнинг кичик гуруҳлари шаҳарга ёриб ўтишга ҳаракат қилаётгани ҳақида айтган.

Барабашнинг сўзларига кўра, РФ армияси бир куннинг ўзида шаҳарга 37 та авиабомба ташлаган ва 50 марта артиллериядан ўққа тутган.

«Таврия» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳи матбуот котиби Дмитро Лиховой Авдийивка ичкрисида жанглар бошлангани ҳақидаги маълумот юзасидан изоҳ беришни истамаган.

Авдийивкадаги деярли барча уйлар шикастланган ёки вайрон бўлган
«Биз норасмий манбалардан олинаётган шундай гапларни эшитяпмиз, аммо биз бунга изоҳ бермаймиз, чунки вазият доимий равишда ўзгариб турибди», – деган у BBC Украина хизмати билан суҳбатда.

Шу билан бирга, у сўнгги кунларда Россия қўшини штурм ҳаракатлари интенсивлигини оширганини қўшимча қилган: жанговар тўқнашувлар, авиазарбалар ва FPV-дронлар қўлланиши ортди.

«Бизнинг ҳимоячиларимиз мудофаани мустаҳкам ушлаб, душманга кенг қамровли зарбалар бермоқда. Шу билан бирга, рақиб катта йўқотишларга учраётганига қарамай янги захираларини ҳаракатга келтиришга ҳозирлик кўрмоқда», – деган Лиховой.

У Авдийивкадаги гуруҳ таъминоти барқарорлиги ва Украина қуролли кучлари мудофаани яхшилаш чораларини кўриб, қўшимча ўт очиш позициялари ва кузатув пунктлари ўрнатаётганини маълум қилган.

«Вазият мураккаб, аммо назорат остида», – дея ишонтирган «Таврия» гуруҳи вакили.

Россияликлар нимани кўзламоқда?

Россия қўмондонлигининг мақсади яққол кўриниб турибди. РФ қўшини қарийб тўрт ой сарфлади, жонли куч ва техникаларда катта йўқотишларга учради, аммо Авдийивкани «кенг қамраб олиш»га эриша олмади. Яъни руслар шимол ва жанубдаги қанотларда бирдек илгарилаб, шаҳар ортида қисқични ёпишга ва гарнизон таъминотини узиб қўйишга эриша олмади.

Шундай вазиятда Россия қўшини бошқа режани ишга туширди. Январ ойи ўрталарида улар ерости йўлларидан фойдаланиб, шаҳар жанубидаги «Царская охота» ресторани атрофидаги украин позицияларига етиб боришди.

Кўриниб турибдики, уларнинг кейинги мақсади – Соборная ва Чернишевская кўчалари бўйлаб шимол томон ҳаракатланиб, «9-квартал» деб аталувчи 9 ва 15 қаватли уйлар жойлашган ҳудудга етиб боришдир. Бу квартал россияликлар плацдармидан 1,5-2 км масофада жойлашган ва муҳим тактик аҳамиятга эга ҳисобланади.

Бошқа томондан, Россия қўшини гуруҳи шаҳардан шимолда «Бревно» ресторанлар комплекси атрофидаги Авдийивка автобазаси яқинидаги чорраҳа томон ўтишга ҳаракат қилмоқда. Шундай қилиб улар Украина қуролли кучларининг асосий логистика қонтомири – 00542 трассасини кесиб қўйиши мумкин.

Бунинг учун РФ армияси «Ивушка» боғдорчилик ширкатининг хусусий уйлар қурилган массивини тўлиқ эгаллаши ва темирйўлни кесиб ўтиши талаб этилади.

Авдийивка кокскимё заводи Украина ҚК назоратида қолмоқда. Россияликлар уни айланиб ўтишни ва гарнизонни икки қисмга ажратиб қўйишни истамоқда
DeepState бу вазифа қисман уддаланганини кўрсатади. Россияликлар 4-5 феврал кунлари шахсий таркибнинг бир қисмини дачалар массивига кўчириб ўтказган ва темирйўл устидаги кўприкни эгаллашга ҳаракат қилмоқда.

Бу кўприк – автобазадан 500 метр ва «Бревно»даги позициядан бир километр масофада жойлашган.

Бу ҳаракатларнинг барчаси Авдийивкадаги украин гарнизонини иккига ажратиб юбориш учун қилинмоқда. Яъни украин қўшинини ёки шаҳар жануби ва жануби-шарқига – 9-квартал ҳудуди ва «Зенит» позициясига чекинишга мажбур қилиш, ёки бу гуруҳни қуршовга олиб, Индустриалний проспекти ҳудудида ва 00542 трассасида таъминот етказиб бериш йўлларини кесиб қўйиш мақсад қилинган.

Шунингдек, шаҳар шимолидаги Авдийивка кокскимё заводи ҳудудини ҳимоя қилаётган жангчилар ҳам қийин аҳволда қолган.

«Қисман муваффақиятга эришилса ва ҳозирги позициялар ушлаб қолинса, шаҳардаги украин қўшини аҳволи янада қийинлашади ва таъминот линияларини уйлар билан яхши тўсилган кўчалардан шаҳар ғарбидаги очиқ майдонларга кўчиришга мажбур бўлади», - дея бу ҳаракатлар мақсадини изоҳлайди россияликларнинг «Военний осведомител» телеграм-канали (585 минг обуначига эга).

Буёғига нима бўлади?

Украиналик ҳарбий таҳлилчи Михайло Жироховнинг қайд этишича, Авдийивкадаги воқеаларнинг тўлиқ картинасини тузиш қийин иш. Бу ҳам интенсив ҳарбий ҳаракатлар билан, ҳам шаҳарда барқарор телефон алоқаси йўқлиги билан боғлиқ.

«Ҳозирча россияликлар [Авдийивка]ни икки томондан айланиб ўтаётгани ва уларни шимолга кетувчи асосий трассадан бир неча юз метр масофа ажратиб тургани аниқ. Яъни ушбу йўл амалда [россияликлар] томонидан олов назоратига олинган, аммо ҳали ишлашда давом этмоқда», – деган эксперт BBC Украина хизмати учун берган изоҳида.

Кўча жангларига келсак, Жирохов Авдийивка ва Бахмут ўртасида фарқ борлигини айтади. Агар Бахмут текислик ва тиғиз қурилган кўп қаватли иморатлардан иборат бўлган бўлса, Авдийивкада бунинг акси.

«Авдийивкада барчаси бошқача. Агар россияликлар тепаликда жойлашган «9-район»ни ўз назоратига олса, уёғига Авдийивка учун жангларни давом эттиришдан маъно қолмайди. – дейди таҳлилчи. – Чунки у ердан туриб қўшни аҳоли яшаш манзилларига қадар бўлган ҳудудларни назорат қилиш мумкин. Агар улар тепаликни эгаллашса, у ерга дронлар ва артиллерияни жойлаштириши мумкин ва ўшанда украинлар шаҳарни мудофаа қилиши маънога эга бўлмайди. Ҳатто Авдийивка кокскимё заводи ҳам кафтдек кўзга ташланиб туради».

Шу тариқа, таҳлилчи ўтган йил баҳорида Бахмутда кузатилган вазият такрорланиши эҳтимоли жуда кам деб ҳисоблайди, ўшанда «Вагнер» ёлланма жангчилари украин гарнизонини шаҳарнинг ғарбий чеккаларига чекинтириш учун жуда имиллаб ҳаракатланишига, ҳар бир квартал ва ҳатто ҳар бир уйни олиш учун қаттиқ жанг қилишига тўғри келганди.

Украин қўшини нима қилади?

Михайло Жироховнинг сўзларига кўра, икки вариант мавжуд: гарнизонни кучайтириш ва Россия қўшинларининг ички ҳудудларига қарши зарбалар бериш ёки Украина қуролли кучларини шаҳардан босқичма-босқич олиб чиқиш.

«Аммо мен ҳозирда гуруҳнинг қандайдир кучайтирилишини ҳам, қарши зарбаларни ҳам кўрмаяпман. Бу мени ажаблантирмоқда», – дейди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларида захиралар бор, уларни бошқа, нисбатан тинч йўналишлардан олиб келиш мумкин. Бундай тактикани РФ қўллаганди ва бошқа фронтлардан захираларни Авдийивка атрофига тўплаганди.

Президент Володимир Зеленский 2023 йил декабр ойи охирида, Россия қўшини бу йўналишда фаоллигини янада оширишидан олдинроқ Авдийивкага ташриф буюрганди
Агар икки томон ҳам шаҳарда кўча жанглари олиб боришга қарор қилса, бу шахсий таркиб учун жиддий синовга айланади.

«Кўча жанглари олиб бориш учун ғайратли ва яхши тайёрланган пиёдалар зарур бўлади - шунчаки сафарбар қилинган жангчилар буни уддалай олмайди. Бу ҳарбий ҳаракатларнинг ўзига хос туридир», – дейди эксперт.

Агар Украина ҳукумати гарнизонни ярим қуршов ҳолатидаги шаҳардан олиб чиқишга қарор қилса, бунинг учун ҳали вақт бор. Аммо вақт у қадар кўп эмас, дейди Жирохов.

«Ортга қайтиб бўлмас нуқтадан ҳали ўтилмади. Украин гуруҳини босқичма-босқич олиб кетиш ҳали имкон доирасидаги иш. Аммо имкониятлар ойнаси ёпилмоқда. Ва тезлик билан», – дея қайд этган у.

Ҳарбий қўмондонлик бу масала бўйича изоҳ бермаяпти, аммо украин ҳарбийлари ҳаёти – устувор эканини қайд этмоқда.

«Украина ҳукумати ва қуролли кучлар раҳбарлари олдин ҳам бир неча бор таъкидлаганидек, жанг майдонидаги энг оғир шароитларда одамларнинг, Украина ҳимоячиларининг ҳаётини сақлаб қолиш устувор вазифадир», – деган ВВС’га «Таврия» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳи вакили Дмитро Лиховой. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Авдийивкада украин қўшинини тузоққа туширишга уринмоқда