23:00 / 12.02.2024
960

Рус нашрлари Сирскийнинг Россиядаги оиласи ҳақида ёзмоқда

Рус нашрлари Сирскийнинг Россиядаги оиласи ҳақида ёзмоқда
Фото: Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
8 феврал куни Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни истеъфога чиқарди. Унинг ўрнига Украина ҚК қуруқлик қўшинларига раҳбарлик қилиб келган Александр Сирский тайинланди. ОАВ дарҳол украинларнинг янги бош қўмондони Россиянинг Владимир областида туғилгани ва Москвадаги олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ўқиганига эътибор қаратди. Бу ҳақда айниқса Россия пропагандаси фаоллик билан ёзди.

Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони Александр Сирский 1965 йилда РСФСРнинг Владимир области Новинки қишлоғида ҳарбий оиласида дунёга келган. BBC Украина хизмати ёзишича, 1970-йилларда Сирскийнинг отаси Украинада хизмат қилишга юборилган, бутун оила у билан бирга кетган. Украина ҚКнинг янги бош қўмондони мактабни Харкивда тамомлаган ва у бу шаҳарни ўз она шаҳри деб билади.

1982 йилдан 1986 йилга қадар Сирский Москва олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ўқиган. BBC Украина хизмати эътибор қаратишича, тахминан ўша йилларда бу ерда РФ давлат думаси депутатлари — Андрей Картаполов (мудофаа бўйича қўмита раиси) ва Андрей Луговой (собиқ разведкачи Александр Литвиненконинг ўлдирилишида гумонланувчи) ҳам таҳсил олган.

1980-йилларда Сирский Полтава области Лубни шаҳридаги мотоўқчилар взводига командирлик қилган, 1990-йилларда — базаси Харкив областида жойлашган Украина миллий гвардиясининг 6-дивизия баталёни ва полкига раҳбарлик қилган. Кейинроқ у Украина қуролли кучлари академиясида ва Украина миллий мудофаа академиясида ўқийди.

Россия нашрлари тасдиқлашича, Владимирда Александр Сирскийнинг акаси Олег яшайди. Сирскийнинг тайинлови тўғрисидаги хабарлар тарқалишидан тахминан бир соат ўтиб ТАСС давлат агентлиги Олег билан боғланган. У анчадан буён укаси билан кўришмаганини айтган. «Мен у билан мулоқот қилмайман, мен ҳатто унинг қаердалигидан бехабарман. Мен у ҳақида ҳеч нарса билмайман. Анча олдин, жуда кўп вақт олдин у у ерга [Украинага] кетган. У бутун ҳаётини ўша ерда қурган, у ўша ерда хизматга кирган ва уни давом эттирмоқда, оиласи ўша ерда», — деган Олег.

Россия пропагандаси Сирскийнинг ота-онаси ҳақида ҳам фаол ёзмоқда. RT телеканали тасдиқлашича, улар Россияда яшайди ва гўёки «мунтазам равишда» «Ўлмас полк» акцияларида иштирок этади. Канал Сирскийнинг ота-онаси экани айтилган шахсларнинг ижтимоий тармоқларини кўриб чиқиш орқали шундай хулосага келган.

Шунингдек, RT ўз ходимлари Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондонининг ота-онасини танийдиганлар билан гаплашгани ҳақида маълум қилган. Канал Владимирда яшовчи аёл ва мактаблардан биридаги музей раҳбари Татяна Веселованинг сўзларини келтирган, у аввал Сирскийнинг қариндошлари билан таниш бўлган. У мактаб битирувчиларидан кўпчилиги Сирскийни танишлари ва битирувчилар учрашувида уни «сотқин» деб аташгани ҳақида айтган. RT нашри ёзишича, ходимлар оиланинг танишларидан яна бири Олга билан гаплашган. У бош қўмондоннинг ота-онасини ватанпарварлар деб атаб, улар ҳозирда Александр ҳақида умуман гапирмаслиги, «худди у ҳеч қачон бўлмагандек» унутишганини билдирган.

Ҳукумат таъсиридаги Shot телеграм-канали ҳам Сирскийнинг ота-онаси ҳақида ёзган. Нашр украин армияси янги бош қўмондони отаси билан боғланишга муваффақ бўлгани, у эса «оиласига тегмасликни сўрагани, чунки улар учун ҳозирда қийин дамлар кечаётгани»ни айтгани ҳақида маълум қилган. Телеграм-канал бунинг учун ҳеч қандай далил келтирмаган. Shot ҳам Сирскийнинг ота-онасиники экани айтилган ижтимоий тармоқ саҳифаларига асосланган ҳолда улар «Ўлмас полк»да иштирок этиб келишлари ҳақида ёзган. Каналга кўра, ҳозирда улар «нафратомуз изоҳлар тўлқини остида қолган».

RT пропагандачиси Константин Придибайло ўзи эълон қилган фотосуратда Александр Сирский Россия кунини нишонлаётгани акс этганини айтган. «Қабулда тепасига Украинаа ва Россия байроқлари туширилган тортни татиб кўриб, россиялик ҳарбийлар билан қучоқлашиб кўришди», — дея ёзган Придибайло. У гап қайси тадбир ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.

РИА Новости давлат агентлиги хабарида келтирилишича, Сирскийнинг акаси экани айтилаётган Олег 2013 йилда Владимир суди томонидан портлаш тайёрланаётгани тўғрисида ёлғон хабар бергани учун 30 минг рубл жаримага тортилган. Катта эҳтимол билан, гап ТАСС билан гаплашган ака ҳақида кетмоқда, аммо РИА Новости уни «тахминан акаси» деб қайд этган.

«Комсомолская правда» газетаси ёзишича, Сирскийнинг ота-онасининг исм-шарифлари Людмила Ивановна ва Станислав Прокопевичдир. «Медуза» Владимир шаҳри Ленин райони суди сайтида Станислав Прокопевич Сирский томонидан 2013 йилда област ҳарбий комиссариатига қарши киритилган даъво аризасини топган. Унда у ҳарбий унвони бўйича иш ҳақи ошиши муносабати билан пенсиясини қайта ҳисоблаш ҳуқуқини тан олишни талаб қилган. Суд қарорида айтилишича, Сирский С. П. — РФ мудофаа вазирлиги пенсионери бўлиб, унга узоқ муддатли хизмат учун пенсия тайинланган. Бу чиндан ҳам Украина ҚК янги бош қўмондонининг отасининг даъвосими ёки йўқми, буниси номаълум.

«Комсомолская правда» хабарига кўра, нашр мухбири Владимирга борган ва Сирскийнинг ота-онаси яшайдиган квартирани аниқлаган. Нашрга кўра, ота-она «журналистлардан яшириниб квартирада қамалиб олган ва қўшнилардан умумий ҳоллга ҳеч кимни киритмасликни сўраб, ҳақиқий жангчилар каби мудофааланмоқда». «КП» корреспонденти уй секретари, Александр Сирскийнинг онасига дугонаси бўлган Наталя Алексеевна билан гаплашган. Унинг айтишича, 2014 йилдан кейин Сирский бирор марта ҳам ота-онасини кўришга келмаган.

Сирскийнинг ота-онаси «ватанпарвар позицияда» экани ҳақида Кремл таъсиридаги бошқа бир телеграм-канал Readovka ҳам ёзган. Нашрнинг тасдиқлашича, Сирскийнинг онасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасини топган, у ерда «президент Путинга мустаҳкам соғлиқ тиланган постлардан тортиб Украина қуролли кучларига қурол-яроғ етказиб бергани учун ГФР канцлери Шолц устидан қилинган ҳазиллар»ни топиш мумкин.

RT хабар беришича, Сирскийнинг онаси Иккинчи жаҳон уруши вақтида «қуролдошларини фашистлардан қутқараётиб» ҳалок бўлган отасига ёзган мактубни топган. Скриншотларга кўра, матн «ВКонтакте»га жойлаштирилган. RT мактубнинг ҳақиқийлигига ҳеч қандай далил келтирмаган. Бу хабар ҳукумат таъсиридаги бошқа нашрлар, жумладан «Известия», «Российская газета», «Взгляд», «Газета.ру», РИА Новости ва бошқаларда фаоллик билан такрорланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё