00:01 / 16.02.2024
456

Украин армияси Авдийивкани бой беришга яқин. Бу қандай оқибатларга эга?

Украин армияси Авдийивкани бой беришга яқин. Бу қандай оқибатларга эга?
Фото: Libkos / AP / Scanpix / LETA
Рус қўшини Украина қуролли кучлари қаршилигини синдиришга қандай эришди?

Украин армияси яқин вақтлар ичида Донецк чеккасидаги муҳим истеҳкомни — Авдийивка шаҳрини узил-кесил йўқотиши мумкин. РФ қуролли кучлари шаҳарни қуршаб олиш ҳаракатларини 2023-йил октябрида бошлаганди, аммо фақат энди — бир неча ойлик оғир жанглар ва катта йўқотишлардан кейин — ўз мақсадига эришишга яқин турибди. Уларга украин қўшини қаршилигини синдиришда нима ёрдам берди? Ва Авдийивканинг бой берилиши Украина қуролли кучлари учун нимани англатади?

2023-йил охирида Россия қўшини Авдийивкани шимолдан айланиб ўтиб, шаҳардаги украин гарнизонини, шунингдек Авдийивка кокскимё заводини ҳимоя қилаётган гуруҳни ҳам асосий таъминот йўлидан узиб қўйиш учун уринишлари бесамар кетганди. Бунинг учун улар Степове қишлоғи яқинидаги далалар ва ўрмонзорлардан ўтиб, темирйўл кўтармаларини ортда қолдириши талаб этиларди. Очиқ ҳудуд орқали ҳужумлар фақат катта миқдордаги техникалар ва жонли кучлар қурбон бўлишига олиб келди — бу йўқотишлар эвазига фақат бир неча юз метрга илгарилашга эришилди.

Янги йил бошида РФ қуролли кучлари қўмондонлиги амалиёт шаклини ўзгартирди: қўшинлар энди шаҳарни кокскимё заводидан узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда, шаҳар ичкарисидаги гарнизонга таъминот айнан завод ҳудуди орқали келади (бу йўл завод жанубий чеккасидаги Ласточкино қишлоғидан Индустриал проспект бўйлаб жанубга кетади). Авдийивкага асосий кириш жойларидан бири шу йўлда жойлашган — украин ҳарбийлари шаҳарга киришдан олдин анъанага кўра олдида фотосуратга тушадиган стела ҳам (2023-йил декабр ойи охирида президент Володимир Зеленский ҳам шу ерда туриб видеомурожаат йўллаганди). Россия қўшини заводга шарқдан — далаҳовлилардан иборат посёлка орқали зарба берди, бу ҳудудда очиқ далалардан фарқли ўлароқ, украин разведка дронлари ва камикадзе дронларидан яшириниш мумкин.

10-феврал куни қўшимча ниқобланиш имконини «тақдим этган» тумандан фойдаланган РФ қуролли кучлари Авдийивкага ўнлаб бомбалар ташлаган авиация кўмагида ҳал қилувчи ҳужумни бошлади. 14-февралга келиб улар Индустриал проспектга кетиб келишди — ва Авдийивкани кокскимё заводи орқали келувчи асосий таъминот йўлидан узиб қўйди. Уларга қаршилик кўрсатган 110-механизациялашган бригада, унинг зобитлари тан олишича, катта йўқотишларга учраган ва бўлинмаларнинг бир қисми фронт ортига олиб кетилган.

Украина қуролли кучлари хавфли участкага захира кучлар ташланганини эълон қилди — жумладан, 2023-йилда Бахмут жанубидаги Клешчиевка ва Андрийивка аҳоли яшаш манзилларини қайтариб олишда жонбозлик кўрсатган, «Азов» 3-штурм бригадаси ҳам. Ўтган вақт давомида бригада таътил ва сафларини тўлдириш учун фронтдан қайтарилганди — энди эса яна шошилинч тарзда жангга ташланмоқда.

Россия қўмондонлиги рақиб захира кучларини олиб келишига тайёр эди ва узоқ вақтдан буён илк бор бундай амалиётга жиддий тарзда халақит беришга қарор қилди. Бу ҳарбий тилда «ҳарбий ҳаракатлар театрини иҳоталаш» деб аталади — яъни олиб келинаётган қўшинларни фронт чизиғига етишидан олдинроқ бомбардимон қилиш, шунингдек ўқ-дори ташилиши, ярадорлар олиб чиқилишига масофадан туриб тўсқинлик қилишга уриниш ва бошқалар. Сўнгги кунларда Россия авиацияси ва ракета қўшинлари украинларнинг ички ҳудудлари бўйлаб ўнлаб зарбалар йўллади — кокскимё заводидан тортиб шаҳардан 35 километр ғарбдаги ва жануби-ғарбдаги Селидово ва Курахово шаҳарларигача.

Бу зарбалар орқали қўшинлар олиб келинишига қанчалик тўсқинлик қилингани маълум эмас (бунгача РФ Ҳаво-космик кучларининг бундай мураккаб амалиётлари муваффақиятли бўлмаган). Фақат шуниси маълумки, 3-штурм бригада жангчиларини 14-феврал куни Авдийивкага кириш жойидаги стела яқинида пайқашган — лекин улар бу ерда рақиб зарбалари остида чекинишга мажбур бўлган.

15-феврал куни бригада телеграм-каналида «Авдийивкадаги жаҳаннам» сарлавҳали пост пайдо бўлди. Унда бригада ҳарбий хизматчилари Авдийивка ҳудудидаги Украина қуролли кучларини кучайтириш учун шу ерга ташлангани тасдиқланган. Штурм бригада шаҳарнинг россияликлар томонидан эгаллаб олинган ҳудудларида рейдлар ўтказгани ва РФ қуролли кучларининг икки бригадасини «оғир мағлубият»га учратгани билдирилган. Шунга қарамай, украин бўлинмаси «Авдийивкадаги объектив вазият таҳдидли ва беқарорлигича қолаётгани» тан олинган — бу Россия қўмондонлиги «ўз қўшинларини фаоллик билан ротация қилаётгани ва шаҳарга янгидан янги куч ва воситаларни жалб этаётгани» билан изоҳланган.

Россиялик ҳарбий мухбир Евгений Поддубний 15-феврал куни шаҳарга шимолдан кириб келиш жойидаги стелага Россия байроғи ўрнатилгани акс этган видеони намойиш этди.

Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси эса Россия қўшини Авдийивкадан шимол ва жанубда илгарилашда давом этаётганини маълум қилди. DeepState харитасида Поддубний эълон қилган видеода акс этган участка Россия қўшини томонидан эгалланган ҳудуд сифатида кўрсатилган. Бу Авдийивкадаги гарнизон таъминоти амалга оширилган асосий йўл РФ қўшинлари назоратига ўтганини англатади.

Авдийивка ичкарисида қолган минглаб украин ҳарбийлари тақдири «театр иҳоталаниши» қанчалик муваффақиятли амалга оширилишига боғлиқ. Ҳозирча уларни яқинлашиб келаётган қуршовдан олиб чиқиш имкони сақланиб турибди — худди 2023-йил майида Бахмутдаги қўшинлар олиб чиқилгани каби. Авдийивкадан ғарбда ҳали РФ қуролли кучлари томонидан кесиб қўйилмаган бир қанча тупроқ йўллар бор (тўғри, уларнинг барчаси артиллерия зарбалари остида турибди).

Аммо, агар таъминот ва захира кучлари олиб келиниши авиация зарбалари анча ичкаридаги базалар оператив-тактик ракеталар орқали тўхтатиб қўйилса, Авдийивка гарнизонини олиб кетиш имконсиз ишга айланади. Кўринишидан, Украина қуролли кучларида энди шаҳарни узоқ вақт давомида ушлаб туришнинг имкони қолмаган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украин армияси Авдийивкани бой беришга яқин. Бу қандай оқибатларга эга?