07:30 / 18.02.2024
224

ОАВ: Россия сунъий йўлдошларга қарши ядровий космик қурол ишлаб чиқишга уринмоқда

ОАВ: Россия сунъий йўлдошларга қарши ядровий космик қурол ишлаб чиқишга уринмоқда
Фото: CNN
Россия ядровий космик қуролларни ишлаб чиқмоқда, у портлатилганда ҳукумат ва тижорат сунъий йўлдошларини йўқ қила оладиган кучли электромагнит импульс (ЭМП) ҳосил қилади, деб хабар берди CNN АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб.

Ушбу қурол кўп сонли сунъий йўлдошларни, жумладан, мобил ва интернет алоқаларини таъминлайдиган йўлдошларни ўчириб қўйиши мумкин. Масалан, бу қурол Starlink каби кичик сунъий йўлдошларнинг катта гуруҳини йўқ қилишга қодир бўлади.

Бироқ, бу қурол, масалан, юқорироқ орбитада жойлашган GPS сунъий йўлдошларининг ишлашига таъсир қилиши мумкинлиги номаълумлигича қолмоқда. Пентагоннинг собиқ юқори мартабали мулозими сўзларига кўра, ҳамма нарса портлашгача бўлган масофа ва унинг кучига, шунингдек, сунъий йўлдошларнинг ёшига боғлиқ.

Нашрнинг бошқа манбасига кўра, орбитадаги ҳар қандай ЭМП қурилмасининг энг катта хавфи шундаки, у ишдан чиққан сунъий йўлдошлардан иборат «мина майдони»ни яратиши мумкин. Бу эса янги сунъий йўлдошларга хавф туғдиради.

Шу билан бирга, баъзи суҳбатдошлар фикрига кўра, Россия фақат охирги чора сифатида фойдаланиши мумкин бўлган қурол яратмоқда, чунки у фазодаги ҳар қандай, жумладан, Россия сунъий йўлдошларига ҳам зарар келтиради.

Феврал ойи ўрталарида АҚШ Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси раиси Майк Тёрнер «миллий хавфсизликка жиддий таҳдид» ҳақида огоҳлантириб, президент Жо Байдендан маълумотларни ошкор этишни талаб қилган эди. ABC телеканали манбаларининг таъкидлашича, гап Россиянинг коинотда ядро қуролини жойлаштириш режалари ҳақида кетмоқда.

Кейинроқ АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Россия сунъий йўлдошга қарши қуролларни ишлаб чиқаётганини айтди. Журналистлар учун ўтказилган брифингда у қурол ишлаб чиқиш босқичида эканлигини ва ҳозирча бевосита хавф туғдирмаслигини таъкидлади. Кирби шунингдек, Қўшма Штатлар Россия ва бошқа давлатлар билан бу қуроллар бўйича тўғридан-тўғри дипломатик алоқаларни бошлаганини айтди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков янги қуроллар ишлаб чиқилиши ҳақидаги хабарларни Вашингтон томонидан Конгрессни Украинага ёрдам ажратиш лойиҳасига овоз беришга ишонтиришга қаратилган «ҳийласи» деб атади. Шунингдек, у Вашингтон Москва билан алоқа ўрнатмаганини айтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё