
Мюнхен хавфсизлик конференциясида иштирок этган Украина ҳамкорлари украин армиясининг фронтдаги истиқболларидан хавотир билдирди. Бу ҳақда 18 феврал куни Американинг Politico нашри манбаларига таяниб хабар берди. АҚШнинг 60 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети тасдиқланмаса, Украина урушда ютқазади, дейди юқори мартабали Ғарб сиёсатчилари ва расмийлари. Шу билан бирга, нашрнинг кўплаб суҳбатдошлари Украинанинг Россияга қарши урушдаги ғалабаси қандай бўлишига жавоб беришга қийналди.
АҚШ Конгресси разведка қўмитаси раиси, демократ сенатор Марк Уорнернинг сўзларига кўра, Вакиллар палатаси томонидан янги ёрдам пакетининг маъқулланиши Украина учун «бурилиш нуқтаси» бўлади. Бироқ Уорнер бу ҳаракат мамлакатнинг урушдаги ғалабасини таъминлашини даъво қилмади, шунчаки Америка ёрдами Киевнинг сўнгги ва энг яхши умиди эканини таъкидлади: «Мен украиналикларга қурол-яроғ, ўқ-дори ва техникани олишнинг Қўшма Штатлардан ташқари бошқа йўлини билмайман. Улар қисқа муддатда керак бўлади».
Шу билан бирга, Politico’нинг жами 13 нафар суҳбатдошига кўра, Украинани қўллаб-қувватлашнинг ҳозирги режаси шунчаки ўқ-дорилар, шахсий таркиб етишмаслиги ва Авдийивканинг рус қўшинлари томонидан қўлга киритилиши шароитида унинг қуролли кучлари «қуламаслиги»ни таъминлаб туришдан иборатдир.
Украина қуролли кучларининг Авдийивкадан олиб чиқилиши
17 феврал куни Украина қуролли кучларининг янги тайинланган бош қўмондони Александр Сирский ва «Таврия» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳи қўмондони Александр Тарнавский мамлакат қуролли кучлари Донецкнинг Авдийивка шаҳридан чиқиб кетаётганини маълум қилди. Шу куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Владимир Путинга шаҳарнинг рус қўшинлари томонидан эгаллаб олингани ҳақида ҳисобот берди.
Россия қўшинлари 2023 йил октябр ойида Авдийивкага ҳужум бошлади. АҚШ разведкаси декабр ойида уларнинг катта йўқотишлари ҳақида хабар берди.
АҚШ Украинага ёрдам бериш борасида келиша олмаяпти
АҚШ Конгресси 2023 йилнинг кузидан бери Украинага янги ёрдам кўрсатиш бўйича келиша олмаяпти. 13 феврал куни АҚШ Сенати янги пакетни маъқуллади, унинг доирасида Киевга 60 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатилиши керак. Бироқ кўпчилик республикачилардан иборат бўлган Вакиллар палатаси ҳужжатни маъқуллайдими ёки йўқми, ҳозирча ноаниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар