18:23 / 22.02.2024
287

Украина Херсон областида ҳам руслар полигонига HIMARS билан зарба берди

Украина Херсон областида ҳам руслар полигонига HIMARS билан зарба берди
Фото: Видеодан кадр
Украина армия HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан Херсон областида Россия қўшини жамланган нуқтага зарбалар йўллади. Бу ҳолат акс этган видеоёзувлар 21 феврал куни кечқурун украин каналларида тарқатилган.

Украинадаги OSINT DeepState проектига кўра, зарбалар Херсон областининг оккупация қилинган қисмидаги Подо-Калиновка қишлоғи яқинида жойлашган полигон бўйлаб берилган. Жой геолокациясига кўра, бу «Олешковские Пески» миллий боғи ҳудудидир.

BBC рус хизматининг украин махсус хизматларидаги Херсон йўналиши бўйича ишловчи манбаси украин армияси Подо-Калиновка қишлоғи яқинида тўпланган рус қўшинига зарба берилганини тасдиқлаган.

Украинанинг «Зеркало недели» нашрига кўра, бу вақтда полигонда РФ армиясининг учта бўлинмасининг қўшма машғулотлари ўтказилаётган бўлган, бу ерга Россиянинг «Днепр» қўшинлар гуруҳи раҳбарлари текширув ўтказиш учун ташриф буюриши кутилаётганди.

«Зеркало недели» иқтибос келтирган украин мониторинг пабликлари камида 60 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилган. Бу маълумотни тасдиқловчи мустақил манбалар йўқ.

Подо-Калиновка украинларнинг Днипронинг чап соҳиидаги плацдарми саналган Кринкидан 27 км масофада жойлашган — ушбу плацдарм учун сўнгги ойларда қақшатқич жанглар олиб борилмоқда.

РФ мудофаа вазирлиги полигон бўйлаб зарба юзасидан изоҳ бермаган.

Кейинроқ Украина қуролли кучлари Херсон областида Россия қўшини устига зарба берилганини тасдиқлади. Украина «Жануб» мудофаа кучлари расмийси Наталя Гуменюк украин телевидениеси эфирида «камида 60 нафар босқинчи энди жанговар позицияларига қайтмаслиги аниқлиги»ни айтган.

Украина қуролли кучлари 20 феврал куни «ДХР» ҳудудидаги Волноваха шаҳри яқинида Трудовское қишлоғи атрофидаги ҳарбий полигонга ҳужум уюштирганди. BBC маълумотига кўра, зарба вақтида полигонда учта рота аскарлари генерал келишини кутиб саф тортиб туришган. «Важние истории» хабарига кўра, зарба оқибатида камида 68 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, улар доимий жойлашув манзили Байкалорти ўлкасида бўлган 36-гвардия мотоўқчилар бригадаси жангчилари эди. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина Херсон областида ҳам руслар полигонига HIMARS билан зарба берди