06:56 / 23.02.2024
569

Алексей Навалнийнинг жасади онасига кўрсатилди

Алексей Навалнийнинг жасади онасига кўрсатилди
Фото: Reuters
Алексей Навалнийнинг онаси Людмилага марҳум ўғлининг жасади кўрсатилди. Бу ҳақда у видеомурожаатида гапирди. Людмила Навалная, шунингдек, терговчилар сиёсатчини яширин тарзда дафн қилишни талаб этишаётганини, агар у рад қилса, жасадни «бир нарса қилиш» билан таҳдид қилишаётганини айтди.

«Мен ҳозиргина Салехард шаҳри Тергов қўмитаси биносидан чиқдим… Кеча кечқурун улар мени яширинча ўликхонага олиб боришди ва у ерда Алексейни кўрсатишди. Терговчилар ўлим сабабини билишини айтмоқда... Уларда барча тиббий ва юридик ҳужжатлар тайёр, гўё мен уларни кўрган эканман, гўё тиббий ўлим ҳақидаги гувоҳномага имзо чеккан эканман.

Қонунга кўра, улар менга Алексейнинг жасадини дарҳол бериши керак эди, аммо ҳозиргача буни қилишмади. Бунинг ўрнига улар мени шантаж қилмоқда, Алексейни қаерда, қачон ва қандай дафн қилиш кераклиги бўйича шарт қўймоқда. Бу ноқонуний...

Улар мени қабристоннинг четига, янги қабрга олиб бориб: «Мана, ўғлингиз ётибди», демоқчи. Мен бунга рози эмасман. Мен бошқалар ҳам Алексей билан хайрлашиш имкониятига эга бўлишини хоҳлайман… Ўғлимнинг жасадини зудлик билан менга топширишни талаб қиламан
», деди Людмила Навалная.

Алексей Навалнийнинг матбуот котиби Кира Ярмишнинг маълум қилишича, сиёсатчининг ўлими ҳақидаги тиббий хулосада у «табиий сабаблар туфайли» вафот этгани ёзилган. Унинг сўзларига кўра, ўлим ҳақидаги гувоҳнома Навалнийнинг онасига терговчилар томонидан кўрсатилган.

16 феврал куни Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИХ) Алексей Навалний Харп колониясида вафот этгани ҳақида хабар берди. Шундан бери Алексей Навалнийнинг онаси ўғлининг жасадини олишга ҳаракат қилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё