14:30 / 29.02.2024
331

Зеленский Тиранада Болқон давлатлари қўллаб-қувватловига эришди

Зеленский Тиранада Болқон давлатлари қўллаб-қувватловига эришди
Фото: Украина президенти офиси
Украина президенти Володимир Зеленский ўзи таклиф қилган «тинчлик формуласи»ни амалга оширишда Жануби-Шарқий Европа давлатларидан ёрдам сўради. 28 феврал, чоршанба куни Тиранада бўлиб ўтган Болқон давлатлари саммити иштирокчилари қўшма декларациясида «Россиянинг Украинага қарши асоссиз ҳужуми Европа хавфсизлиги ва халқаро тинчликка энг катта таҳдид бўлиб қолмоқда», дейилади.

Баёнот муаллифлари келаётган баҳорда Швейцарияда бўлиб ўтадиган тинчлик саммитида иштирок этишга ваъда берди, унда Зеленский таклиф қилган, Россия қўшинларини Украинанинг барча ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетишни назарда тутувчи «тинчлик формуласи» амалга оширилиши муҳокама этилади, шунингдек, товон тўлаш ва жиноятчиларни суд қилиш масаласи кўриб чиқилади. Бундан ташқари, декларацияни имзолаган жанубий Европа давлатлари раҳбарлари Россия Федерациясининг март ойида, жумладан, Украина эгаллаб олинган ҳудудларида президентлик сайловларини ўтказиш режаларини қоралади.

Имзоловчилар орасида Сербия президенти ҳам бор

Бошқалар қаторида бу баёнотни Россия президентининг Европадаги кам сонли иттифоқчиларидан бири ҳисобланган Сербия президенти Александр Вучич ҳам қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, ҳужжатни Косово, Молдова ва Шимолий Македония президентлари, шунингдек, Албания, Босния ва Ҳерцеговина, Болгария, Хорватия ва Руминия бош вазирлари имзолади.

Ўз навбатида, Зеленский Болқон мамлакатлари раҳбарларига сўнгги икки йил давомида кўрсатган ҳарбий ёрдам учун миннатдорчилик билдирди, шу билан бирга, юзага келган қийинчиликларга тўхталиб ўтди. «Биз ўқ-дорилар етказиб беришда жанг майдонидаги вазиятга таъсир этувчи муаммоларни кўряпмиз», - деди у. Зеленский сўзларига кўра, Киев Украина-Болқон мудофаа саноати форумини ўтказишдан манфаатдор.

Украина ва Албания мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиради

Айни вақтда, Украина президенти Албания бош вазири Эди Рама билан учрашувдан сўнг Киев ва Тирана мудофаа соҳасида, хусусан, қурол-яроғларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича кейинги ҳамкорлик имкониятларини ўрганишини маълум қилди. «Тўлиқ миқёсли ҳужум дастлабки кунлариданоқ Албания Украинани, эркинлик ва ҳудудий яхлитлигимиз учун курашимизни қўллаб-қувватлади. Мамлакат бош вазири Эди Рама билан учрашувда Украина ва Албания ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Ушбу ҳужжат ҳамкорлигимизни ривожлантиришга ва Украинанинг Болқон минтақасидаги мавқейини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади», деди Зеленский Telegram’да.

НАТОга аъзо Албания Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Украинани қаттиқ қўллаб-қувватлаяпти, аммо ҳалигача Киевга ҳарбий ёрдам бўйича маълумотларни ошкор қилмаяпти. Ўтган ҳафталарда Володимир Зеленский Ғарбдан қурол-яроғ етказиб бериш қисқаришидан хавотирланиб, бир қатор хорижий давлатларга ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё