16:23 / 03.03.2024
716

Осиёнинг энг бой одами ўғлини уйлантирмоқда (фото, видео)

Осиёнинг энг бой одами ўғлини уйлантирмоқда (фото, видео)
Мазкур дам олиш кунлари Осиёнинг энг бой одами Мукеш Амбани ўғли учун тўйдан олдинги тадбирларни уюштирмоқда. 28 ёшли Анант Амбани бошқа бир ҳинд миллиардери Вирен Мерчантнинг 29 ёшли қизи Радика Мерчантга уйланмоқда.

Асосий тўй маросими июлга режалаштирилган бўлса-да, тўйдан олдинги уч кунлик базм 1 март куни бошланди. Тадбир Жамнагар шаҳридаги оилавий мулкда ўтказилди. Кечанинг асосий меҳмони Рианна бўлди, миш-мишларга кўра хонанда 7 миллион АҚШ доллари эвазига ташриф буюрган.

Меҳмонлар рўйхатида 1,200 киши — улар орасида Билл Гейтс, Марк Цукерберг ва рафиқаси Присцилла, Канада собиқ бош вазири Стефан Ҳарпер, Австралия собиқ бош вазири Кевин Рудд, Disney бош директори Боб Игер ва Иванка Трамп ҳам бор.

Daily Mail манбаларининг хабар беришича, тўйолди тадбирига 53 миллион АҚШ доллари сарфланган. Миш-мишларга кўра, Ҳиндистоннинг беш юлдузли меҳмонхона гуруҳларидан бири билан тузилган кейтеринг хизмати (умумий овқатланиш)нинг ўзига тахминан 25 миллион АҚШ доллари тўланган.

Рианна билан бир қаторда, тадбирга америкалик иллюзионист Девид Блейн ҳам чиқиш қилади. Reuters маълумотларига кўра, меҳмонларга олдиндан тўққиз саҳифалик дресс-код қоидалари жўнатилган, унда ҳар кунги тадбирга қандай кийиниб келиш кераклиги тушунтирилган.

Жума кунги тадбир “Эверланд кечаси” деб номланиб, ҳашаматли коктейл базми каби кўринишга эга бўлган.

Шанба куни “Чангалзор васвасаси” услубидаги энг чиройли либослар кийган кеча иштирокчилари Ёввойи табиатни қутқариш маркази — Reliance’га “ёввойи табиат бўйлаб сайр”га йўл олган. Ушбу марказ Анант Амбанининг лойиҳаси ҳисобланади.

Шунингдек, ўша куни кечқурун гала-концерт бўлиб ўтган, унда 65 нафар ошпазлар жамоаси томонидан тайёрланган 2 500 хил таом дастухонга тортилган. Меҳмонлар сочларини турмаклаши, макияж қилиши ва сари кийдириш хизматларидан фойдаланиши учун Нью-Деҳли ва Мумбайга бепул чартер рейслар ташкил қилинган.

Охирги кун — яна бир гўзаллик намойиши ва Анантнинг ҳайвонларга бўлган муҳаббатини намойиш этадиган тадбир бўлади. Шу куни меҳмонлар 200 та фил, 300 та йирик мушук ва 120 та судралиб юрувчи жониворлар билан танишадилар.

Тhe Times of India маълумотларига кўра, Гужаратнинг Жамнагар туманида тўй маросими учун махсус 14 та ибодатхона қурилмоқда.

Шунингдек, Амбани оиласи маҳаллий аҳолига дастурхон ёзиб, улардан тўй олди тантаналарига дуо олиш учун “Анна сева” маросимини ўтказди. Таом тахминан 51,000 маҳаллий аҳолига тарқатилди ва бу маросим бир неча кун давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Мукеш Амбани 111 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи соф капитали билан Осиёдаги энг бой одам ва дунёдаги энг бадавлат кишилар рўйхатида 11-ўринда туради. 66 ёшли магнат отаси Дҳирубҳай Амбани асос солган Reliance концернини бошқаради. Унинг бизнеси нефтни қайта ишлаш, чакана савдо, телекоммуникация, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва рақамли платформа хизматларини тақдим этишни ўз ичига олади.

Унинг ўғли Анант Амбани — Reliance компанияси бўлимларидан бирининг директори. Ўтган йилнинг январь ойида у отасига қарашли Encore фармацевтика компаниясининг директорлар кенгаши аъзоси бўлган Радика Мерчантнинг қўлини сўраганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё