00:13 / 08.03.2024
93

Швеция расман НАТО аъзоси бўлди

Швеция расман НАТО аъзоси бўлди
Фото: Reuters
Швеция расман НАТО аъзоси бўлди. АҚШ Давлат департаменти хабарига кўра,мамлакатнинг НАТО аъзолигига қабул қилингани ҳақидаги протокол кучга кирди.

7 март куни Швеция ҳукумати навбатдан ташқари йиғилишда НАТО аъзоси бўлиш таклифини маъқуллади. Шундан сўнг, Вашингтонда бўлиб турган мамлакат бош вазири Улф Кристерссон Швециянинг альянсга қўшилиши ҳақидаги ҳужжатларни имзолади ва АҚШ Давлат департаментига топширди.

Швеция ҳарбий иттифоққа қўшилган 32-давлат бўлди. 11 март куни мамлакат байроғи алянснинг Брюсселдаги штаб-квартираси олдида кўтарилади.

Швеция алянсга қабул қилингандан сўнг, Россия учун муҳим нефт савдо йўллари ўтадиган ва Россиянинг Болтиқ флоти жойлашган Болтиқ денгизи амалда НАТО ички денгизига айланди, деб таъкидламоқда Financial Times.

Швеция 2022 йил май ойида, Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинидан кўп ўтмай, НАТО аъзоси бўлиш учун ариза берди. Бунгача мамлакат тахминан 200 йил давомида бетарафликка амал қилган.

Швециянинг НАТО аъзоси бўлишига Туркия ва Венгрия қарши чиқди ва бир неча шартлар қўйди. Жумладан, Анқара Стокҳолмдан Туркия ҳукумати террорчиликда айблаётган шахсларни топширишни, шунингдек, Туркияда террорчи ташкилот деб эълон қилинган Курдистон Ишчилар партияси «фаолиятига йўл қўймасликни» талаб қилди. Будапешт, ўз навбатида, Стокҳолмни Венгрияни «таҳқирлаш» сиёсати ва мамлакатнинг қонун устуворлиги меъёрларидан четга чиқиши ҳақидаги мунтазам изоҳлари учун қоралади.

Натижада Швециянинг алянсга қўшилиш жараёни чўзилиб кетди. Туркия 2024 йил январ ойида, Венгрия эса март ойида Швециянинг НАТО аъзоси бўлишини маъқуллади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё