07:13 / 11.03.2024
172

Қийин Рамазон. Муқаддас ой вақтида Қуддусда вазият кескинлашиши мумкин

Қийин Рамазон. Муқаддас ой вақтида Қуддусда вазият кескинлашиши мумкин
Фото: Getty Images
Яқин кунларгача мусулмонлар учун муқаддас саналган ой арафасида ҳарбий ҳаракатлар тўхтатиши имконли ишдек кўринаётганди — Исроил ва ҲАМАС воситачилар орқали Қоҳирада гаровдагиларни Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларга алмаштириш эвазига вазиятни юмшатиш учун музокаралар олиб борди.

Аммо ўтган ҳафтада бу музокаралар натижасиз якунланди, гарчи Мисрдаги манбалар якшанба куни воситачилар Исроил билан келишувга эришиш мақсадида яна бир бор ҲАМАС делегацияси билан учрашув ўтказишини маълум қилган бўлса-да, бундан натижа бўлишига умид қилинмаяпти.

Жума куни АҚШ президенти Жо Байден яхшиликдан умидвор бўлса-да, ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишувга эришиш «осон бўлиб кўринмаётгани»ни айтганди.

АҚШнинг Исроилдаги элчиси Жек Лю аввалроқ агар келишувга эришилмаса, АҚШнинг Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги тинчлик келишувини ҳам ўз ичига олувчи нисбатан кенгроқ стратегиясини амалга ошириб бўлмаслигини айтганди.

«Ҳарбий ҳаракатлардаги танаффус мамлакат шимолида тинчлик юзага келиши ва Саудия Арабистони билан муносабатлар нормаллашиши эҳтимолини оширади. Гаровдагилар билан боғлиқ инқироз барҳам топиши керак», — деганди у.

Нотинч Рамазон

Исрои ҳукумати Қуддуснинг Эски шаҳар қисмидаги мусулмонлар орасида Ал-Ҳарам аш-Шариф деб номланадиган, яҳудийлар Ибодат тоғи деб атайдиган комплексни назорат қилади.

Юз минглаб мусулмонлар ислом оламида Макка ва Мадинадан кейинги учинчи муқаддас қадамжо саналадиган, фақат Рамазон ойида ибодат қилиш учун ихтисослашган «Ал-Ақсо» масжидига киришга ҳаракат қилиб келишади. «Ал-Ақсо»нинг ёнида яҳудийлар ибодат қилувчи энг муқаддас жой саналган Ғарбий девор жойлашган.

ҲАМАС фаластинликларни муқаддас ой вақтида масжидга ташриф буюришда фаол бўлишга чақирган, Исроил бунга жавобан ҳаракатни «Рамазон ойи вақтида минтақадаги вазиятни кескинлаштиришга интилиш»да айблаган.

Шанба куни Исроил МРБ директори Билл Бёрнс Иорданияда Исроилнинг Моссад ташкилоти директори Дэвид Барнеа билан учрашиб, Ғазода гаровда ушлаб турилганларни озод этиш бўйича келишувга эришиш учун саъй-ҳаракатларни муҳокама қилгани ҳақида хабар берди.

«ҲАМАС Рамазон ойи вақтида Ғазо секторидаги фаластинликлар ҳисобига ҳудудда олов ёқишга ҳаракат қилмоқда», — дейилган Моссаднинг Бёрнс ва Барнеа учрашуви тўғрисидаги баёнотида. — ҲАМАС ён беришдан бош тортмоқда ва очиқчасига келишувдан манфаатдор эмаслигини билдирмоқда».

ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти вакили Абу Убайда жума куни Рамазон ойини «Ал-Ақсо тўфони»нинг эскалациясига айлантиришга чақирди — ҲАМАС Исроилга 7 октябр кунги ҳужумни шундай номлаганди.

Жума куни телеграмда эълон қилинган видеомурожаатда Абу Убайда Рамазонни «ғалабалар ойи, жиҳод ойи» деб атади ва гуруҳ Ғазода бутун дунёдаги мусулмонлар шарафини ҳимоя қилаётганини айтди.

«Биз халқимизни Қуддус бўйлаб марш қилишга… масжидда ибодат қилишга… ҳамда назорат ва бўлинишга олиб борувчи оккупацияни тўхтатишга чақирамиз. Ал-Ақсо масжиди бизга тегишли».

Март ойи бошида ҲАМАСнинг сиёсий қаноти раҳбари, Қатарда истиқомат қилувчи Исмоил Хония Яқин Шарқдаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи гуруҳларни Рамазон ойи вақтида Исроилга ҳужумларни кучайтиришга, «Ал-Ақсо масжидини қамалдан ечишга қаратилган кенг кўламли ва халқаро ҳаракат»га чақирганди.

Европа халқаро муносабатлар бўйича кенгаши вакили Хю Ловаттнинг ҳисоблашича, Рамазон ойида бутун минтақада вазият кескинлашиши мумкин: «ҲАМАСда Ҳарам аш-Шариф таҳдид остида қолганини айтиб, Исроилдаги ва Ғарбий соҳилдаги фаластинликларни сафарбар қилиш имконияти бор… Муқаддас жойдаги зўравонлик осонлик билан бошқа жойларда, Ғарбий соҳилда ёки ҳатто Исроил чегараларидан ташқарида, масалан Ливанда бошқа зўравонликларни келтириб чиқариши мумкин».

Чеклов ва провокациялар

Бу йил Рамазон ойи қандай ўтиши кўп жиҳатдан Ғазодаги воқеаларга, шунингдек Исроил томонидан қўйиладиган чекловларга боғлиқ.

Исроилнинг ултраўнг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Исроилнинг мусулмон фуқаролари «Ал-Ақсо» масжидига боришига қатъий чекловлар киритишга чақириб, бу исроилликлар Ғазода асирликда қолаётганида ҲАМАСга «ғалабани нишонлаш»га йўл қўймаслик учун зарурлигини маълум қилган. Бен-Гвир бош вазир Бинямин Нетаняҳуга бу Рамазон ойида Исроилдаги диний озчилик саналган, жами аҳолининг 18 фоизини ташкил этадиган мусулмонларга масжидда ибодат қилишни тақиқлашни ҳам тавсия этган.

Аммо Нетаняҳу бу режани рад этган ва диндорларга олдингидек Рамазоннинг илк ҳафтасида масжидга ташриф буюришга рухсат берилишини, хавфсизлик ҳолати ва зиёрат қоидалари ҳар ҳафта баҳоланиб, зарурат бўлса қайта кўриб чиқилишини айтди.

Ҳозирча Исроил қанча намозхонларни «Ал-Ақсо»га киритиши номаълум. Кузатувчилар фикрича, масжидда ибодат қилишга қўйиладиган қатъий чекловлар намойишлар ва ҳатто зўравонликларга йўл очиши мумкин. Аммо мусулмонларга Рамазон ойида масжидга келишга рухсат берилиши кескинликни юмшатган бўларди.

Исроил 1967 йилги Яқин Шарқ уруши вақтида Шарқий Қуддусни, жумладан Эски шаҳар қисмини Иорданиядан тортиб олганидан буён бу жой фаластинликларнинг озодлик кураши рамзига айланган.

2000 йилда ўша вақтдаги Исроил мухолифати етакчиси Ариэл Шароннинг муқаддас тоғ чўққисига кўтарилиши «Ал-Ақсо интифодаси» деб ном олган Иккинчи Фаластин қўзғалонига туртки бўлгани айтилади.

Бу ерда айниқса Рамазон вақтида Исроил хавфсизлик кучлари ҳамда фаластинлик диндорлар ўртасида тез-тез тўқнашувлар рўй бериб туради.

Шунингдек, Эски шаҳарда исроиллик миллатчиларнинг марши ўтказилиши, шунингдек Исроилнинг ултраўнг кучларининг яҳудийларга комплексга келишга рухсат берувчи, аммо у ерда ибодат қилишини тақиқловчи олдиндан мавжуд бўлган қоидани ўзгартиришга чорловлари ҳам кескинликни оширади.

2021 йил майида Қуддусдаги кескинлик «Ал-Ақсо»да зўравонликларга уланиб кетганди. Шундан кейин ҲАМАС шаҳар бўйлаб ракеталар учиради. Бунинг ортидан Ғазода қисқа муддатли ҳарбий амалиёт, шунингдек Исроилнинг араб ва яҳудий аҳолиси ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтади.

Ҳар йили минглаб яҳудий активистлар Қуддуснинг Эски шаҳар қисми орқали Йиғи девори томон марш қилиб боради (архив фото)
Ўтган йили, Рамазон яҳудийларнинг Песах байрами билан бир вақтга тўғри келганида яҳудий экстремистлар Ибодат боғида эчкини қурбонликка келтириш маросимини ўтказмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ўшанда Исроил полициясига ишонмаган юзлаб мусулмонлар «Ал-Ақсо»да баррикадалар ўрнатишган, улар бу ердан шовқинли гранаталар орқали чиқариб юборилганди.

Лекин бу сафарги Рамазон яҳудийларнинг бирорта йирик байрами билан бир вақтга тўғри келмайди.

Рафаҳга юриш

Ўтган ҳафтада Нетаняҳу Исроил Рамазон ойи вақтида ҳам қуруқлик орқали Рафаҳга юришини давом эттириши мумкинлигини маълум қилди. Исроилнинг иттифоқчилари ҳам бундай юриш Ғазода гуманитар ҳалокатга олиб келиши ва зўравонлик авж олишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Рафаҳ — Ғазодаги энг жанубий шаҳар бўлиб, бу ерда анклавнинг шимолий қисмидан кўчиб келган миллиондан ортиқ киши тўпланган. Инсонпарварлик ёрдами ҳам ушбу шаҳар орқали олиб ўтилади. Исроил ҲАМАС етакчиларининг кўпчилиги ва ҳарбий кучларнинг қолган қисми шу ерда жойлашгани, шу туфайли ушбу шаҳар жангарилардан тозаланмас экан, Ғазодаги амалиётни якунлаб бўлмаслигини айтди.

Шанба куни Байден Рафаҳга бостириб кирилиши унинг учун «қизил чизиқ» бўлишини билдирди, аммо ҳеч қачон «Исроилни ёлғиз қолдира олмаслиги»ни ҳам қўшимча қилди.

MSNBC учун интервюсида Байден Нетаняҳу урушга ёндашуви билан «Исроилга ёрдам беришдан кўра, зарар етказаётгани»ни айтди. «У қўлланган ҳаракатлар оқибатида ҳалок бўлаётган бегуноҳ инсонлар ҳаётига кўпроқ эътибор қилиши лозим», — деди Байден.

Таҳлилчилар фикрича, бу баёнотни АҚШ президенти ва исроилликлар бош вазири ўртасидаги муносабатлар тобора кескинлашиб бораётганидан далолат сифатида талқин қилиниши мумкин.

Гаровдагилар бўйича келишув — Американинг Ғазодаги ва умуман минтақадаги уруш бўйича стратегиясининг муҳим таркибий қисмидир ва Байден маъмурияти бу борадаги ишлар барбод бўлмаслиги учун қаттиқ ҳаракат қилаётганини айтади.

Йўл ва вақтинчалик порт

Айни вақтда Ғазонинг ўзида Исроил мудофаа армияси анклавнинг шимолий қисмида шарқий ва ғарбий нуқталарни боғловчи янги йўл қурилишини якунлади. BBC буни сунъий йўлдош тасвирлари орқали тасдиқлаган.

ЦАҲАЛ расмийси нашр билан суҳбатда «оператив плацдарм» ташкил этишга ҳамда қўшинлар ва техникалар ҳаракатини осонлаштиришга ҳаракат қилинаётганини маълум қилган.

Аммо айрим экспертлар бу йўл шимолдаги уйига қайтадиган фаластинликларга тўсиқ сифатида фойдаланиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Бошқалар эса бу йўлни Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлардан кейин ҳам Ғазода мавжудлигини сақлаб қолиш бўйича режасининг бир қисми деб ҳисоблайди.

Нетаняҳунинг режаси бўйича, Исроил Ғазода чекланмаган муддатда хавфсизликни назорат қилади.

Бир ҳафта олдин АҚШ Ғазо сектори аҳолиси учун ҳарбий самолётлар билан ҳаводан инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш бўйича илк амалиётни ўтказганди
Бу вақтда америкаликларнинг General Frank S Besson ҳарбий кемаси Ғазо соҳилларида вақтинчалик пирс (кемалар боғлаб қўйиладиган махсус жой) қурилишида ишлатиладиган жиҳозлар билан Яқин Шарққа йўл олди.

Пентагон пирс қурилиши икки ойгача вақт олиши мумкинлигини билдирган. Шу билан бирга, америкалик ҳарбийлар анклав ҳудудига кирмайди.

Аввалроқ президент Байден АҚШ Ғазога денгиз орқали ёрдам етказиб бериш учун сузиб юрувчи гаван қуришини айтганди.

Қуруқлик ва ҳаво орқали ёрдам етказиб берилиши мураккаб ва хавфли бўлиб чиқди. Жаҳон озиқ-овқат дастури ўз карвони ўққа тутилгани ва талончилар ҳужумига учрагани туфайли қуруқлик орқали ёрдам етказиб беришни тўхтатишга мажбур бўлди. Жума куни эса парашют очилмагани туфайли гуманитар ёрдам посилкаси қулаши оқибатида беш киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар келди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё