date
views 834

Москва вилоятидаги концерт залида номаълум шахслар одамларни ўққа тутди

Москва вилоятидаги концерт залида номаълум шахслар одамларни ўққа тутди
Россиянинг Москва вилояти, Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида отишма юз берди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, номаълум шахслар автомат милтиқдан одамларга қарата ўқ узган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўнлаб қурбонлар бор. Воқеа «Пикник» гуруҳининг концерти бошланишидан олдин содир бўлган.

Воқеаларнинг дастлабки сониялари акс этган видеолавҳада қуролланган икки киши кўринади. Бироқ, уларнинг сони камида беш нафар экани айтилмоқда.

Қайд этилишича, концерт зали биносида ёнғин бошланган. Бунга портлаш сабаб бўлгани айтилмоқда. Бино томининг бир қисми қулаб тушган.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв воқеа жойига етиб борган. «Мен воқеа жойидаман. Оператив штаб тузилди. Барча тафсилотлар кейинроқ», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Москва вилоятининг ҳуқуқ-тартибот идоралари, махсус кучлари «тревога» билан оёққа турғизилган.

Воқеа жойига махсус тезкор жавоб қилиш отряди ва ОМОН, шунингдек, ўт ўчирувчилар жалб қилинган. Ёнаётган бинонинг ертўласидан 100 га яқин одам эвакуация қилинган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Crocus City Hall’да юз берган воқеани қонли теракт деб атаган. АҚШ Москвадаги отишма муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

Crocus City Hall’га ҳужум қилган одамлар ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Улар концерт залининг фойесида ташриф буюрувчиларни отиб ташлаган. Ҳозирда бинода яширинишга муваффақ бўлишгани айтилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москва вилоятидаги концерт залида номаълум шахслар одамларни ўққа тутди