
Фото: РИА Новости
Москвадаги «Crocus City Hall» савдо-кўнгилочар мажмуасида содир бўлган теракт атрофидаги воқеалар ривожи билан таништирамиз.
7 март куни еттита ғарб давлатлари махсус хизматлари Россияда одамлар кўп тўпланадиган жойларда террорчилик актлари уюштирилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Россия президенти Владимир Путин Федерал хавфсизлик хизмати ҳайъат йиғилишида чиқиш қилиб, бу хабарларни «очиқча шантаж» деб атаб, россияликларни қўрқитишга уриниш деб баҳолаган эди.
Оқ уй «Crocus City Hall»даги террорчилик актини «даҳшатли ҳужум» деб атаган. Бироқ бу терактга тайёргарлик кўрилгани ҳақида ахборотга эга бўлмаганини таъкидлаган. Шунингдек, Оқ уй Украина давлати ёки украиналиклар Москвадаги терактга алоқадорлиги борасида бирор белги кўрмаётгани ҳақида баёнот берган.
Бу баёнот Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг кескин реакция билдиришига сабаб бўлган.
«Оқ уй Москвадаги терактга украинларнинг алоқаси борлигига бирор белги кўрмаётганини таъкидлади.
Қандай асосга кўра Вашингтондаги расмий шахслар фожиа ўзининг авж палласига чиққанида кимнингдир алоқадор эмаслиги тўғрисида хулоса чиқаришмоқда? Агар АҚШда бу борада ишончли маълумотлар бўлса, уларни зудлик билан Россия томонига узатиши керак.
Агар бундай маълумотлар бўлмаса, Оқ уй кимгадир индулгенция беришга ҳақли эмас.
Россия раҳбарияти таъкидлаганидек, барча алоқадор шахсларни тегишли органлар аниқлаштиради», — деб ёзган Мария Захарова.
Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев агар терактни Украина томони уюштирган бўлса қонга қон билан жавоб берилиши кераклигини ёзди:
«Терактда қурбон бўлганларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик, уларнинг яқинларига руҳий куч-қувват билдирамиз.
Террорчилар фақат жавоб террорини тушунишади. Ҳеч қандай суд ва суриштирувлар куч ишлатиш ва қотилликларга қарши террорчиларни тотал қатл этиш ва уларнинг оилаларига репрессия уюштиришнинг ўрнини боса олмайди. Бу жаҳон тажрибаси.
Агар бу террорчилар Киев режимига алоқадорлиги аниқланса, уларга ва уларнинг ғоявий илҳомлантирувчиларига бошқача муносабатда бўлиш имконсиз. Уларнинг барчаси топилиб, террорчилар сифатида шафқатсизлик билан йўқ қилиниши керак. Жумладан, бундай қаттолликни уюштирган давлатнинг расмий шахслари билан қўшиб.
Қонга — қон», деб ёзган Медведев.
Украина томони Москвадаги терактга алоқадор эмаслиги ҳақида баёнот берди. Украина президенти маслаҳатчиси Михайло Подоляк «Crocus City Hall»да рўй берган террорчилик актига Украинанинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Украина президентининг офиси раҳбари Андрий Ермакнинг матбуот котиби содир бўлган воқеаларда «Россия махсус хизматларининг қўли» кўринаётганини таъкидлаган. Украина Бош разведка бошқармасининг ҳарбий разведка вакили Андрий Юсов терактни «Путин режимининг провокацияси» деб атаган.
Бу орада Москва шаҳри мэри Сергей Собяниннинг қарорига кўра, дам олиш кунлари Москва шаҳрида режалаштирилган барча спорт, маданият ва бошқа оммавий тадбирлар бекор қилинди.
Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам бирин-кетин шанба ва якшанба кунларига мўлжалланган оммавий тадбирлар бекор қилинмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар