09:57 / 23.03.2024
469

Москвада — 10 йил ичидаги энг йирик теракт. «Крокус Сити Ҳолл»даги фожиа ҳақида ҳозиргача нималар маълум?

Москвада — 10 йил ичидаги энг йирик теракт. «Крокус Сити Ҳолл»даги фожиа ҳақида ҳозиргача нималар маълум?
Фото: Видеодан кадр
Москва яқинидаги «Крокус Сити Ҳолл» ҳарбий либосдаги шахслар «Пикник» гуруҳи концерти арафасида автоматдан одамларни ўққа тутди. Россия Федерал хавфсизлик хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, камида 60 киши ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 115 нафар жабрланувчи шифохоналарга ётқизилгани, шундан беш нафари болалар эканини маълум қилган.

Отишма бошланган маҳалда залда олти мингга яқин томошабин бўлган бўлиши мумкин — «Пикник» концерти учун барча чипталар сотиб бўлинганди. Одамлар «Крокус Сити Ҳолл»ни тарк этаётганида у ерда бир неча портлашлар содир бўлган. Бинода ёнғин бошланган, унинг томи амалда бутунлай қулаб тушган. Россия Тергов қўмитаси теракт тўғрисида иш очган. Владимир Путинга рўй берган ҳодиса ҳақида «илк дақиқалардаёқ» хабар берилди, деган Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.

Отишма «Пикник» гуруҳининг Москва чеккасидаги «Крокус Сити Ҳолл»даги концерти арафасида бошланди.

РИА Новости мухбири хабарига кўра, партерга камуфляжда бўлган камида уч киши бостириб кириб, автомат қуролдан ўт оча бошлаган. Шундан кейин, улар граната ёки ёндирувчи шашка улоқтирган, натижада ёнғин бошланган. Залдаги одамлар полга ётишган, 15–20 дақиқа ўтиб у ерни эмаклаган ҳолда тарк этишга киришишган.

Концертга келган ва омон қолганлардан бири «Новая газета Европа» нашри билан суҳбатда отишма концерт бошланиши арафасида, иккинчи ва учинчи қўнғироқлар оралиғида рўй берганини айтган. У фойеда автоматдан сидирғасига ўт очилганини эшитгани, шундан кейин қўриқчилар одамларни залдан саҳна орқали чиқар бошлаганинин айтган. Отишма вақтида айрим томошабинлар ҳали палтоларини гардеробга топшираётганди.

Гувоҳлар «Москва 24» нашрига болхонада ўтиришгани ва отишма овозларини эшитишганини гапириб беришган. Улар иккинчи қаватдан туша бошлашганида аллақачон залда ҳам одамларни ота бошлашганини тушунишган. Бошқа гувоҳлар, ўқ овози келиши билан полга ётишгани, аммо барча юқорига чиқаётганини кўргач, улар ҳам кўтарила бошлаганини айтишган. «Барча томондан отишарди, шунчаки ҳамма ёқдан», — деган гувоҳлардан бири.

Отишма оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлган. Россия тергов қўмитаси камида 40 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган, 115 киши шифохонага ётқизилган. Қурбонлар ва ярадорлар сони ҳали ортиши истисно этилмаяпти.

«Осторожно, новости» телеграм-канали ҳарбий либосдаги камида уч киши ҳолл бурчакларида яширинишга уринган одамларни яқин масофадан тутиб ўққа тутаётгани акс этган видеоларни намойиш этган. Воқеа жойида бўлган Msk1 мухбири ўлдирилганларнинг жасадлари кўчаларда ётгани ҳақида хабар қилган.

Москва области соғлиқни сақлаш вазирлиги «Крокус Сити Ҳолл»даги терактдан кейин жабрланганлар рўйхатини эълон қилди — унда 146 киши акс этган. Москва бўйича болалар омбудсмани Олга Ярославская терактда болалар ҳам жабрланганини маълум қилган.

Кейинроқ соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко жабрланганлардан 115 нафари шифохонага ётқизилгани, катта ёшли 60 киши оғир аҳволда эканини маълум қилди. Жабрланганлар орасида беш бола бор. Baza телеграм-канали қурбонлар сони ҳали ортиши мумкинлиги, чунки бино тўлиқ текшириб чиқилмаганини хабар қилган.

Теракт вақтида залда олти мингдан ортиқ киши бўлган бўлиши мумкин — «Крокус Сити Ҳолл» концерт зали 6200 томошабинни сиғдира олади, «Пикник» концерти учун чипталарнинг барчаси сотиб бўлинганди. ТАСС хабарига кўра, мусиқачиларнинг ўзи жароҳатланмаган.

Кейинроқ гуруҳ директори Юрий Чернишевский мусиқачилар жамоа аъзоларидан бири билан боғлана олмаётгани ҳақида хабар қилди. У бинони тарк этган-этмагани — номаълум.

«Крокус Сити Ҳолл»да отишма ортидан портлаш рўй берган. Гувоҳлар ёнғин чиққач, комплекс томи қулай бошлаганини айтишган. Baza телеграм-канали бинода 100 га яқин киши қолиб кетган бўлиши мумкинлигини айтган. Айримлар бино ертўласида яширинган, яна бир гуруҳ одамлар тўртинчи қаватда блокланиб қолган бўлиши мумкин.

Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар бинодан 100 нафар атрофидаги одамни эвакуация қилган. ТАСС мухбири том қисмида ёрдам кутаётган одамлар борлигини хабар қилган. Биринчи портлаш ортидан яна бир портлаш овози эшитилган.

Махсус топшириқли бўлинма «Крокус Сити Ҳолл»ни штурм қилган. Воқеа жойига тревога бўйича СОБР (Махсус тезкор жавоб қайтариш отряди) ва ОМОН (Махсус топшириқли мобил отряд)нинг Москва бўлинмалари етиб келган.

СОБР жангчилари «Крокус Сити Ҳолл» атрофида
Фото: «Москва» агентлиги

Msk1 телеграм-канали хабарига кўра, бинога камида учта гуруҳ кирган. Шу вақтда бинонинг юқори қавати ёнғин туфайли қулай бошлаган. Тахминан бир соат ўтиб «Крокус Сити Ҳолл» томи тўлиқ қулаб тушган.

Отишма камуфляж кийган камида уч киши томонидан уюштирилган. Тергов қўмитаси «Крокус»дан олган видеода ҳужум қилганлар томонидан қолдириб кетилган автомат, кўплаб гилза ва патронларни кўриш мумкин.

Оператив хизматларга отишмада икки нафардан беш нафаргача киши иштирок этганини айтмоқда. Яна бир гувоҳ Mash телеграм-каналига бинога «соқолли бўлган камида беш киши» бостириб кирганини айтган. «Тайёрланган ва ўқитилган жангарилардек ҳаракат қилишди. Бинога кириш вақтида қўриқчилар ҳамда эшик олдида турган одамларни ўлдиришди. Кейин асосий кириш жойини блоклашди», — деган у.

Mash телеграм-канали маълумотига кўра, қўриқчи киришда сумка ва кийимларни текширмаган, металлодетекторлар эса ўчирилганди.

Москва вақти билан соат бирда РИА Новости «Крокус Сити Ҳолл»га ҳужум қилган террорчилар оқ рангли «Рено» автомобилида яширинганини хабар қилди — машина фотосуратини намойиш этди.

Ушбу теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган, бу ҳақда CNN телеканали ва Reuters агентлиги террорчи гуруҳга алоқадор Amaq ахборот агентлигига таяниб хабар қилган.

Rybar телеграм-канали бу хабар фейк бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, гуруҳ ёки унинг минтақавий филиалларининг ресурсларида ҳеч қандай баёнот йўқлигини билдирган.

Шу билан бирга, америкалик мулозимлар The New York Times билан суҳбатда террорчи гуруҳ баёноти ҳақиқийлигини айтишган. CBS News ҳам Amaq агентлиги баёнотига ҳавола бериб, АҚШда ИШИДнинг жавобгарликни ўз зиммасига олгани тўғрисидаги баёнотини тасдиқловчи разведка маълумотлари борлиги ва бу баёнотга шубҳа қилишга асос йўқлигини айтган аноним мулозимнинг сўзларини келтирган.

Владимир Путинга «Крокус Сити Ҳолл»даги теракт тўғрисида хабар берилган, деган президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков. Унинг сўзларига кўра, Путинга «илк дақиқалардаёқ» ҳисобот етказилган.

Путин соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко, бош вазир ўринбосари Татяна Голикова ва Москва области губернатори Андрей Воробев билан, шунингдек ФХХ, ИИВ, Тергов қўмитаси ҳамда Росгвардия раҳбарлари билан учрашувлар ўтказган.

Путин бош вазир ўринбосари Голикова орқали жабрланганларга соғлиқ тилаган. Ҳодисадан етти соат ўтганидан кейин ҳам унинг ўзи ҳали чиқиш қилмади.

РИА Новости агентлигининг рутюб саҳифасида Путиннинг мурожаати анонс қилинганди. Кейин трансляция ўчириб юборилди; РИА Новости матбуот хизмати ҳавола «техник хатолик туфайли пайдо бўлгани»ни билдирди.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев «террорчиларни ёппасига қатл этиш ва уларнинг оилаларини қатағон қилиш»га чақирди. «Агар бу террорчилар Киев режимига алоқадорлиги аниқланса, уларга ва уларнинг ғоявий илҳомлантирувчиларига бошқача муносабатда бўлиш имконсиз. Уларнинг барчаси топилиб, террорчилар сифатида шафқатсизлик билан йўқ қилиниши керак. Жумладан, бундай қаттолликни уюштирган давлатнинг расмий шахслари билан қўшиб. Қонга — қон», — дея ёзган Медведев.

Давлат думаси спикери Вячеслав Володин «Крокус Сити Ҳолл»даги ҳодисани «қўрқинчли фожиа» деб атади. «Қуролланган бандитлар қўлидан ҳимоясиз одамлар ҳалок бўлди ва жабрланди», — деб ёзган Володин. У «бу мудҳиш терактни содир этган разиллар йўқ қилиши лозимлиги»ни таъкидлаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова жаҳон ҳамжамиятини «бутун инсоният кўз ўнгида рўй берган қонли теракт»ни қоралашга чақирди.

Тергов қўмитаси теракт ҳақидаги модда бўйича жиноий иш қўзғатди. Омбудсман Татяна Москалкова ҳам отишмани теракт деб атаган. Москва мэри Сергей Собянин дам олиш кунлари Москва шаҳрида режалаштирилган барча спорт, маданият ва бошқа оммавий тадбирлар бекор қилинганини маълум қилди. Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам шанба ва якшанба кунларига мўлжалланган оммавий тадбирлар ҳам бирин-кетин бекор қилинмоқда. Москва области губернатори Андрей Воробев воқеа жойига бориб, оператив штаб ташкил этилганини маълум қилган.

ФХХ махсус хизматлар «Крокус Сити Ҳолл»даги «воқеалар муносабати билан барча зарур чоралар кўрилаётгани»ни билдирган.

Росавиация Москва аэропортларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини маълум қилди. Пойтахтдаги тўртта аэропорт йўловчилардан эртароқ келишни сўраган. Шунингдек, Россия темирйўлларида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Евроиттифоқ «Крокус Сити Ҳолл»даги терактни қоралади. «Европа иттифоқи Москвадаги „Крокус Сити Ҳолл“да содир этилган теракт ҳақидаги хабарлардан карахт ҳолатига тушди. Евроиттифоқ тинч аҳолига қарши ҳар қандай ҳужумни қоралайди. Бизнинг хаёлларимиз — Россиянинг [ушбу терактдан] жабрланган фуқаролари билан», — деган ЕИнинг хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Петер Стано.

Шунингдек, Франция, Германия, Буюк Британия ва қатор мамлакатларда ҳам теракт қораланиб, ушбу давлатларнинг ташқи ишлар вазирликлари жабрланганларга ҳамдардлик билдирди. Оқ уй ҳам воқеа жойидан олинган кадрларни «қўрқинчли» деб атаб, қурбонлар ва жабрланганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.

АҚШ 8 март арафасида Москвада теракт эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган, ўз фуқароларига яқин 48 соат ичида одамлар тўпланган жойларга боришдан тийилишни тавсия этганди. Америка элчихонаси «экстремистлар шаҳарда одамлар кўп тўпланадиган жойларга, жумладан концертларга ҳужум қилишни режалаштираётгани» тўғрисидаги «хабарларни кузатиб бораётгани»ни маълум қилганди.

Суриштирувчи Христо Грозевнинг аниқлик киритишича, АҚШ элчихонаси Россия махсус хизматлари Афғонистондаги ИШИД билан алоқадор бўлган ИШИД-Хуросон гуруҳи теракт тайёрлаётгани ҳақида «аниқ далиллар» олгани ҳақида огоҳлантирган. Унинг сўзларига кўра, Россия томони америкаликлар томонидан тақдим этилган маълумот «етарлича аниқ эмас» деб жавоб қайтраган. Шундан кейин, Грозевнинг қайд этишича, Россияда барибир «ИШИД уяларининг айрим аъзолари» ҳибсга олинган. «Яъни ФХХ барибир кимларни ҳибсга олишни аниқлаб олди ва бу ишга киришди», — деган Грозев.

The New York Times манбалари март ойида АҚШ ИШИД-Хуросон бўлинмаси Москвага ҳужум қилишни режалаштиргани ҳақидаги разведка маълумотларини қўлга киритгани ҳақида айтишган. Америкалик расмийлардан бири ИШИД аъзолари «Россияда фаол ҳаракатланаётгани»ни айтган.

Отишмадан кейин Оқ уйдагилар теракт тайёрлангани тўғрисида маълумотга эга бўлишмаганини маълум қилди.

Украинадагилар терактга алоқадорлик тўғрисидаги айбловларни рад этишмоқда. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк Украина «Крокус Сити Ҳолл»даги ҳодисага «ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқлиги»ни маълум қилди.

Украина бош разведка бошқармаси терактни «Россия махсус хизматларининг Путиннинг топшириғи билан режалаштирилган ва қасддан уюштирилган провокацияси» деб баҳолади. «Унинг мақсади — Украина бўйлаб янада қаттиқроқ зарбалар йўллаш ҳамда Россияда тўлиқ сафарбарликни оқлаш», — дейилади бошқарма баёнотида.

Украина томонида туриб жанг қилаётган «Россия кўнгиллилар корпуси» ҳам терактга алоқадорлигини рад этган. «Россияга озодлик» легиони ҳодисада «Путиннинг террорчи режими»ни айблаган. «Биз Кремл диктатурасининг бу каби кўринишларига Путин ҳокимиятга келган илк кунлардаёқ гувоҳ бўлганмиз ва навбатдаги қонли провокация ҳайратланарли эмас. Теракт тайёрланган. Унинг медиада қандай ёритилиши ҳам», — дейилади легион баёнотида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвада — 10 йил ичидаги энг йирик теракт. «Крокус Сити Ҳолл»даги фожиа ҳақида ҳозиргача нималар маълум?