12:50 / 23.03.2024
740

Москвадаги теракт. “Крокус”га ҳужум қилган гуруҳ ҳақида ҳозирча нималар маълум?

Москвадаги теракт. “Крокус”га ҳужум қилган гуруҳ ҳақида ҳозирча нималар маълум?
Фото: AP
22 март куни террорчилар Москва областида жойлашган «Crocus City Hall» мажмуасининг концерт залига ҳужум қилишди. Улар Москва вақти билан соат 20:00 лар атрофида «Пикник» гуруҳининг концертига йиғилган 6 мингдан зиёд томошабин бўлган залга бостириб кириб, ўқотар қуролдан томошабинларга қарата ўт оча бошлашган. Бунинг оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган.

Террорчилар ҳақида нималар маълум?

Ҳозирча қуролланган шахсларнинг кимлиги, қандай мақсадда бу ишга қўл ургани ва ҳозир қаерда эканлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Гувоҳлар уларни «жигарранг кийимдаги одамлар» ёки «жилет ё камуфляж кийганлар» дея таърифлашган. Уларнинг аниқ сони номаълум. Воқеага гувоҳ бўлганлардан бирининг сўзларига кўра, ҳужум уюштирган шахслар баланд овозда бақиришмаган. Шунингдек, уларнинг юзларида ниқоб ҳам бўлмаган. Бошқа бир гувоҳнинг таъкидлашича, қуролли ҳужум уюштирган шахсларнинг юзлари рўмол билан ёпилган бўлиб, унинг остидан соқоллари кўриниб турган.

«Крокус»га қилинган ҳужум пайтида пайдо бўлган видеоларга асосланилса, террорчилар камида 3 нафар бўлган деган хулосага келиш мумкин.

Кейинроқ База томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноят жойидан қочиб кетган бўлиши мумкин бўлган «камуфляж кийимидаги тўрт кишини» қидираётгани ҳақидаги хабар тарқатилди.

«РИА Новости» эса Твер вилоятида рўйхатдан ўтган оқ рангдаги Renault Symbol автомобилининг суратини эълон қилди.

«Новая газета Европа» мазкур автомобилнинг охирги эгасини аниқлади. 24 ёшли йигит машинани «тахминан бир ҳафта олдин» хотинининг акасига сотганини айтган. У эса ўз навбатида машина унинг дўстига керак бўлганини маълум қилган.

Рус журналистлари машина қайта бўялганини аниқлади. Дастлаб у қора рангда бўлган. Мазкур автомобил йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг камерасига тушиб қолган. Машинада икки эркак борлиги кўринади, лекин улардан фақат биттасининг юз тузилишини аниқроқ кўриш мумкин бўлган. У кепка кийган, қора сочли ва камуфляжга ўхшаш кийимда бўлган. Бу одамларнинг «Крокус»га қилинган ҳужумга алоқаси бор-йўқлиги номаълум.

Кейинчалик хавфсизлик кучлари иккинчи машина, кулранг Renault Fluence’ни қидираётгани ҳақидаги маълумот пайдо бўлди. Ушбу хабар ҳам расман тасдиқланмаган.

«Коммерсант»нинг ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб ёзишича, ҳужум уюштирган шахслар ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлиши мумкин.

Бир нечта аноним телеграм каналлари террорчилар Брянск вилоятида «кўринишгани» ва улардан бири ўлдирилгани ҳақида ёзди. Аммо бу маълумот ҳозирча тасдиқланмади.

Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг расмий манбалари ҳолат бўйича сукут сақлашда давом этмоқда.

«Крокус»га қилинган ҳужум ортида турган ИШИД-Хуросон қандай ташкилот?

Ушбу гуруҳ 2015 йилда пайдо бўлган. Хуросон сўзи Афғонистон, Эрон, Покистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бир қисмини ўз ичига олган тарихий ҳудуднинг номидир.

ИШИД-Хуросон – энг радикал ва шафқатсиз жиҳодчи гуруҳлардан бири сифатида танилган. Мактаблар, касалхоналар ва туғуруқхоналар каби тинч аҳоли пунктларига қарши ҳам қатор ҳужумлар уюштирган. Улар «кофир» деб ҳисоблаган барчани, жумладан, Ғарб давлатларини ва ҳаттоки шиа мусулмонларини ҳам душман деб билади. Шунингдек, «Толибон»ни ҳам етарлича радикал эмас деб ҳисоблайди ва ўзлари учун рақиб ҳисоблайди.

Гуруҳ аъзолари сони ўзгариб туради, энг юқори нуқтасида уларнинг сони тахминан уч минг киши атрофида бўлган. Ўтган йилнинг кузида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раиси Александр Бортников «гуруҳ ўз салоҳиятини ошираётганини ва вақт ўтиши билан бу уларга Афғонистондан ташқарида ҳам терактлар содир этишга имкон бериши» ҳақида айтиб ўтганди.

«Сўнгги икки йилда ИШИД-Хуросон Россияга диққат-эътиборини қаратган эди. Улар асосан Владимир Путинни танқид қилишарди. ИШИД-Хуросон Москванинг Афғонистон, Чеченистон ва Сурия ишларига аралашувини қоралайди ва Кремлни мусулмонларни ўлдиришда айблайди», дейди терроризмга қарши кураш бўйича аналитик Солин Кларк NYT’га.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвадаги теракт. “Крокус”га ҳужум қилган гуруҳ ҳақида ҳозирча нималар маълум?