Видеолардан кадрлар
Москва яқинидаги “Крокус сити ҳолл” концерт залида вайроналар остидан янги жасадлар топилиши билан теракт қурбонлари сони 133 кишига етди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси маълум қилди. Уларнинг ярмидан кўпининг шахсига ҳали ойдинлик киритилмаган.
Қатор манбаларда бу ҳалок бўлганларнинг якуний сони эмаслиги айтилмоқда. “112” Telegram-канали манбасига кўра, ўт ўчирувчи ва қутқарувчилар вайроналар остидан инсон жасадлари бўлакларини топмоқда, бу эса қурбонлар сонига аниқлик киритишни қийинлаштирмоқда.
РФ бош вазири ўринбосари Татьяна Голиковага кўра, воқеада жароҳат олганлардан 107 нафари касалхонада қолмоқда. Улар орасидан бир бола ва 15 нафар катта ёшли фуқаронинг аҳволи жуда оғир.
“Крокус”даги ҳодиса жабрланганлар сони бўйича РФ тарихида Беслан воқеасидан кейинги иккинчи энг қонли теракт бўлди.
Аввалроқ бир қатор йирик халқаро нашрлар ИШИДга алоқадор “Амақ” ахборот агентлигига таяниб теракт учун масъулиятни ИШИД-Хуросон гуруҳи ўз зиммасига олгани ҳақида хабар берган эди. Америка нашрлари бу маълумот АҚШ расмийлари томонидан ҳам тасдиқланганини ёзди. Кейинроқ, 23 март куни “Амақ”да эълон қилинган баёнот ИШИДнинг асосий Telegram-каналида ҳам эълон қилинди.
Баёнотда “Крокус”даги теракт “охирги йиллардаги энг шафқатсиз ҳужум” деб аталган. Гуруҳ жангарилари 22 март куни “христианларнинг катта оломонига мувофиқлаштирилган ҳужумни амалга оширгани” таъкидланган. ИШИДга кўра, жангарилар бу ҳудудни аввалдан кузатиб борган, ҳужумни амалга оширишда пулемёт, пистолёт, пичоқ ва Молотов коктейли билан қуролланган тўртта жангари иштирок этган. Улардан учтаси томоша залида одамларга қарата ўқ узган, тўртинчиси бинога ўт қўйган.
Баёнотда ҳужум оқибатида камида 300 киши ҳалок бўлгани ёки жароҳатлангани, воқеа жойида эса катта ёнғин келиб чиққани айтилади.
Террористик гуруҳга алоқадор “Амақ” агентлиги ўз манбаларига таяниб бу ҳужум ИШИД ва “исломга қарши курашаётган давлатлар ўртасида бораётган шиддатли урушнинг одатий контекстида рўй бергани”ни қайд этган.
ИШИД, шунингдек, террорчи экани айтилаётган тўртта шахснинг биргаликда тушган суратини ҳам эълон қилган, суратда уларнинг юзлари хиралаштирилган. Кун давомида рус Telegram-каналларида ҳам теракт ижрочилари экани айтилган тўрт эркак сўроқ қилинаётган ҳолатдаги видеолар тарқалди. The Insider'нинг қайд этишича, Россияда қўлга олинган тўрт эркакдан иккитасининг эгнидаги кийими ИШИД эълон қилган суратдаги икки эркакнинг кийимларига ўхшаш.
Тўрт шахснинг қўлга олинганидан кейин дастлабки сўроқ ҳолати акс этган видеоларни бир қатор манбалар, хусусан RT телеканали раҳбари Маргарита Симонян ҳам ўз Telegram-каналида эълон қилди.
Улардан бири, ўзини 1998 йилда туғилган Фаридуни Шамсиддин деб таништирган шахс 4 март куни Туркиядан учиб келгани, у ерга “ҳужжатлар учун” борганини айтади. Кадр ортидаги шахснинг 22 март куни Крокус сити ҳоллда нима қилдинг деган саволига жавобан пул учун одамларни отганини айтиб жавоб беради. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун унга 500 минг рубл ваъда қилишган, бу пулларнинг ярмини аллақачон банк картасига ўтказиб беришган.
Қўлга олинган эркак сўроқ давомида Telegram орқали номаълум шахслар билан алоқада бўлгани, қуролни улардан олганини айтади. Эркакнинг сўзларига кўра, у Telegram орқали тинглаб борадиган воизнинг “ёрдамчиси” унга “кимлигидан қатъи назар одамларни ўлдириш эвазига пул таклиф қилган”.
Қўлга олинганлардан яна бири, теракт ижрочиларининг раҳбари экани айтилаётган эркак сўроқ давомида саволларга таржимон орқали жавоб берган. У Дмитровск туманида трасса яқинида (Москвага элтувчи йўллардан бири – Дмитровск шоссеси назарда тутилган бўлиши мумкин) Муҳаммад исмли шахс билан ҳостелда яшагани, 10-12 кун олдин Абдулло исмли шахс билан Telegram'да танишиб, унинг қариндошидан Муҳаммад билан биргаликда машина сотиб олганини айтади. Видеода кадр ортидаги одам гумондордан “Абдулло шуми” дея сўрайди (эҳтимол, қандайдир сурат кўрсатган ҳолда), сўроқ қилинаётган эркак буни тасдиқлаб жавоб беради. У видеода теракт борасида гапирмаган.
Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин Telegram-каналлар яна иккита гумондорнинг фото ва видеоларини тарқатди, улар қўлга олиш вақтида жароҳатлангани айтиляпти. Бирининг юзи ва кийими – қон, боши бинт билан ўралган, ўзини 30 ёшдаги Ражаб Ализода деб таништирган. Тўртинчи эркак ўзини 19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов деб таништирган – у чап кўзидан жароҳатланган.
Гумондорларнинг фуқаролиги ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ. “112” Telegram-канали тўрт асосий гумондорнинг барчаси Россия фуқаролари эканини ёзди. Улардан бири – 19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов Душанба шаҳридан экани ҳақида маълумотлар тарқалди. Пропагандачи Маргарита Симонян жиноятчиларнинг ҳеч қайсиси Россия фуқаролиги эмаслигини айтиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ РФ Федерал хавфсизлик хизмати теракт ишида гумондор сифатида 11 киши ҳибсга олингани, улардан 4 таси ҳужумнинг бевосита ижрочилари эканини маълум қилганди. ФХХ бу тўрт киши Брянск области ҳудудида ушлангани, улар Украина чегараси томон ҳаракатлангани, “Украина томонида тегишли алоқаларга эга бўлгани”ни таъкидлаган.
Россия президенти Владимир Путин ҳам ўз мурожаатида гумондорлар чегара томонга қараб интилгани, Украина томони “уларнинг чегарадан ўтиб олиши учун дарча ҳозирлаб қўйгани”ни айтди. Расмий Киев терактга алоқадорлигини рад этган.
Москвадаги теракт, Крокус сити ҳолл, террорчи, ИШИД “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”