date
views 1 022

Одамлари энг эрта уйғонадиган давлат – Колумбияда нега одамлар бунча саҳар туришади?

Одамлари энг эрта уйғонадиган давлат – Колумбияда нега одамлар бунча саҳар туришади?
Колумбия одамлар энг эрта уйғонадиган давлат деб топилди. Бу ерда саҳар соат 4-5 дан бошлаб ҳаёт бошланади. Ҳатто университетларда соат 6 дан дарслар бошланиши, одамлар саҳарги 5 да учрашувлар режалаштириши мумкин. Колумбияликлар нега бунча эрта уйғонишади?

Қуёш ҳали энди дунёга мўралай бошлаган, ярим одам уйғониб улгурмаган пайтданоқ дунёнинг бир ерида одамлар аллақачон фаол ҳаёт тарзига ўтиб бўлишади.

Колумбияга хуш келибсиз! Бу ерда хўрозлар тонг отмасдан қичқира бошлайди, кофе иси оёқлар полга тегмасдан олдинроқ таралиб туради.

Ўртача уйғониш вақти

Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти (OECD) ҳисоботига кўра, колумбияликлар дунёдаги энг эрта турувчилардир. Кўплаб колумбияликлар уйларидаги қўнғироқ соат тўрт ёки бешда чалинади. Мамлакатда ўртача уйғониш вақти соат олти ярим деб топилган. Рўйхатга кўра:

· Колумбия - 6:31
· Индонезия - 6:55
· Япония - 7:09
· Мексика - 7:09
· Дания - 7:19
· АҚШ - 7:20
· Германия - 7:25
· Бразилия - 7:31
· Канада - 7:33
· Буюк Британия - 7:33
· Ҳиндистон - 7:36
· Хитой - 7:42
· Туркия - 8:02
· Испания - 8:05
· Россия - 8:06
· Греция - 8:25
· Саудия Арабистони - 8:27 да ўртача уйғониш вақти ҳисобланади.

Саҳар бошланадиган ҳаёт

Колумбияда спорт заллари тонгги 4-5 даёқ ишлай бошлайди. Кўчаларда тўрт, тўрт яримда ҳам одамлар кетаётганини кўриш мумкин, соат олтида эса баъзи университетларда дарслар бошланади. Турли учрашувлар соат бешга ҳам қўйилиши мумкин.

Мамлакатда саҳар уйғониш фаол, сермаҳсул ва ҳаракатчан бўлиш деган сўзлар билан синоним саналади.

Нега колумбияликлар саҳар туришади?

Мамлакатда одамларнинг саҳар уйғониши одатий ҳолатга айланиши учун бир қанча сабаблар бор:

Дин. Колумбия ҳаётида дин муҳим ўрин тутади, одамлар саҳар ибодат қилишни муҳим деб билади. Қуёшнинг илк нурлари ибодат ва ўз-ўзини англаш учун муқаддас вақт сифатида қаралади, бу эса самарали ва муборак кун учун йўналишни ҳам белгилайди.

Оилавий қадриятлар: Кучли оилавий алоқалар Колумбия маданиятининг асосий қисмидир. Эрталабки вақт кўпинча севимли инсонлар билан вақт ўтказиш, нонушта қилиш ва олдиндан кунни режалаштириш учун ажратилади.

Меҳнатсеварлик. Колумбияликлар ўзларининг меҳнатсеварлиги билан эътироф этилади. Эрталабки соатлар қийин вазифаларни ҳал қилиш ва яхшироқ келажак қуриш учун қимматли қўшимча вақт беради. Фермерлик ишлари бўладими, бизнес юритишми ёки таълим олишми, нима бўлишидан қатъи назар колумбияликлар кунларини қатъий аниқлик билан ўлчаб ҳаракат қилишади.

Географик омиллар:

Тропик иқлим. Колумбия экваторга яқин жойлашган. Бу мамлакатда қуёш эрта чиқиб кеч ботишини англатади. Одамлар ҳам ёруғ тонгда эртароқ уйғонишга одатланишган. Бундан ташқари, тропик иқлим сабаб ҳаво ҳам анчайин иссиқ бўлади. Соат 11 дан то 3 гача кун қайнайди. Бу ҳам одамлар саҳар туришига сабаб бўлиши мумкин.

Қатновнинг тиғизлиги. Колумбиянинг кўп шаҳарларида қатновда тирбандликлар кузатилади. Одамлар ишига етиб олиш учун ҳам анча вақтни йўлда йўқотиши мумкин. Масалан, пойтахт Богота шаҳри 2022 йилда дунёдаги энг тирбанд шаҳарлар рейтингида бешинчи ўринни эгаллаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Одамлари энг эрта уйғонадиган давлат – Колумбияда нега одамлар бунча саҳар туришади?
-->