Исроил сиёсий доираларида Ғазо секторидан фаластинликларни бадарға қилиш ва у ерга яҳудий оилаларини жойлаштириш режаси тобора қатъий оҳангда муҳокама қилинмоқда. Бу гал ушбу хатарли таклиф Кнессетнинг (Исроил парламенти) миллий хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси Цвика Фогель тилида янгради.
«Исроил яҳудийлар Ғазо сектори шимолига жойлашганидан кейингина урушни якунлаши лозим. Ўз ихтиёри билан (Ғазони) тарк этадиганларни моддий рағбатлантиришга тайёрман», – деган депутатликка қадар узоқ йиллар мудофаа тизимида фаолият юритган бригада генерали Цвика Фогель.
2023 йил 7 октябрдан буён муттасил бомбардимон қилинаётган Ғазо аҳолисига Исроилнинг мутаассиб кайфиятдаги амалдорлари ҳудудни тарк этиш ва қўшни Мисрдан паноҳ топишни таклиф этмоқда.
Хусусан, молия вазири Бецалель Смотрич фаластинликларни Ғазони тарк этишга чақирган. Фаластин аҳлига нисбатан радикал муносабати билан отнинг қашқасидек танилган Смотричга кўра, Ғазода 100-200 минг чоғли арабни қолдириб, икки миллион аҳолини кўчириш керак.
Бир муддат аввал Буюк Британиянинг «The Guardian» газетасида чоп этилган мақолада Тель-Авив маъмурияти вазиятдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда Мисрнинг Синай ярим оролига кўчириш ва шу орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.
Фаластиннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад ҳам айни шу хавотирли режа ҳақида гапирган.
«Исроилнинг ҳозирги ҳаракатлари бирор гуруҳ, хусусан, ҲАМАСга қарши шунчаки кураш эмас. Балки бу Фаластин халқига қарши урушдир. Бундан кўзланган мақсад эса Ғазо секторида қолган фаластинликларни Синай саҳросига сиқиб чиқаришдир. Моҳият эътиборига кўра, сионистларнинг «Ерсиз халқ учун халқсиз ер» деган машҳур шиори амалга оширилмоқда. Улар Фаластиннинг ушбу қисми ва Ғазо сектори бутунлай тозаланиши керак деб ҳисоблайди», – деган доктор Жавад Муҳаммад Авад.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос на Ғазодан, на Ғарбий соҳилдан аҳолини кўчиришга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.
ҲАМАС ҳаракати Исроил мулозимларининг фаластинликларни кўчириш ҳақидаги таклифини ҳарбий жиноят ва агрессия деб баҳолаган.
Таҳлилчилар Ғазо аҳолисининг кўчирилиши иккинчи Нақба (1948 йилда юз минглаб фаластинлик ватанидан кўчирилгани «Нақба», яъни «Фожиа» деб аталади) бўлишидан огоҳлантирмоқда. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германияда ишлаш истагида бўлган ўзбекистонлик мутахассислар учун немис тили ўргатилади
Мария Захарова украиналикларни Америка ҳиндуларига ўхшатди
Хитой АҚШни «қизил чизиқлар»ни кесиб ўтишдан огоҳлантирди ва «душман эмас, ҳамкор» бўлишга чақирди
Владимир Путин «Крокус»да содир этилган теракт учун ўч олишга чақирди
“Толибон” Афғонистоннинг Хост вилоятида беш нафар фуқарони қамчи билан жазолади
Америкалик олимлар барча учун бирдек фойдали жисмоний фаоллик турини аниқлади
Велосипедда сайр қилиш учун 3 сабаб: ёшартиради, оздиради ва умрни узайтиради
Учар автомобил йўловчи билан биринчи парвозини амалга оширди (видео)