00:11 / 29.03.2024
793

Нима учун «Крокус»да керакли паллада хавфсизлик кучлари йўқ эди?

Нима учун «Крокус»да керакли паллада хавфсизлик кучлари йўқ эди?
Фото: Reuters
Жангариларнинг кичик бир гуруҳи қандай қилиб Москва шаҳри ва област чегарасидаги «Крокус Сити Ҳолл»да қирғин уюштириб, 140 дан ошиқ кишини ўлдирди ва ҳеч қандай қаршиликсиз ҳужум жойини тарк этди? Махсус хизматлар қандай ҳаракатланиши лозим эди?

Қандай қилиб бир неча минг киши иштирокидаги тадбирни (концерт зал 7 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган) қўриқлаш учун фақат ўзини ўзи мудофаа қилиш воситаларигина ажратилганди? Нима учун аҳоли жон бошига тўғри келадиган хавфсизлик кучлари сони бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этган Россия пойтахти регионида керакли паллада тинч аҳолини ҳимоя қила оладиган қуролланган одамлар етиб келмади? Россия ҳукумати нима учун АҚШнинг Москвада теракт тайёрланаётгани тўғрисидаги огоҳлантиришини эътиборсиз қолдирди?

Россия расмийлари учун ёқимсиз бўлган ушбу саволларга ҳалигача аниқ жавоблар йўқ.

Қуролли ҳужум тўғрисида хабар берилганда махсус бўлинмалар қандай ҳаракатланиши лозим?

ФХХнинг ўта хавфли жиноятчиларни қўлга олиш ва гаровга олинганларни озод этишга ихтисослашган, шахси сир қолдирилишини сўраган истеъфодаги зобити BBC билан суҳбатда бундай вазиятлар учун махсус хизматларнинг ҳаракатлари инструкцияларда аниқ белгилаб қўйилганини айтган.

«Ҳозир узоқ чўзилувчи тасдиқлаш жараёни йўқ. Навбатчи пултига отишма, гаровга олинганлар ҳақида маълумот етиб келиши билан у буйруқ беради, доимо жанговар шайлик ҳолатида турадиган биринчи гуруҳ зудлик билан воқеа жойига йўл олади, қолган жанговар гуруҳлар тревога бўйича жойидан қўзғалади.

Биринчи гуруҳ командири шароитга кўра ҳаракат қилади, зарурат туғилганда қўшимча кучлар олиб келинади, оператив штаб ташкил этилади, кейинги қарорлар шу ерда қабул қилинади.

Биринчи, навбатчи гуруҳнинг вазифаси — имкон қадар тезроқ етиб бориш. Фарқи йўқ — хоҳ вертолётда бўлсин, хоҳ машинада. Агар бундай имконият бўлмаса — эшакка миниб бўлса-да, бориш керак
», — дейди махсус хизматларнинг собиқ ходими.

Росгвардиянинг Махсус тезкор жавоб қайтариш отряди (СОБР) «Крокус»га қачон етиб келган?

СОБР жангчилари бино ичига киргани ҳақида биринчи бўлиб соат 21:32 да Mash телеграм-канали хабар тарқатди, бу полиция ва махсус хизматларга яқин манба ҳисобланади.

Шубҳасиз, бинога кириш бундан олдинроқ рўй берган, маълумотни қайта ишлаш ва нашр этишга маълум вақт кетган. Бўлинма воқеа жойига етиб келган заҳоти «Крокус» ичкарисига кира олмаслиги ҳам тушунарли, жангчилар нима бўлаётганини тушуниб олиши, йўналишларни белгилаши, атрофни ўрганиши, бинони ўраб олиши ҳамда эҳтимолий чекиниш йўлларини тўсиши талаб этиларди.

ТАСС мухбири воқеа жойидан берган хабарга кўра, Росгвардиянинг махсус бўлинмалари ходимлари соат 21:06 да етиб келган. Бу аниқ маълумот бўлмаслиги мумкин — айрим видеоёзувларда махсус сигналли машиналар соат 20:30 да бино атрофида бўлганини кўриш мумкин. Аммо қоронғи вақтда бундай машиналар қайси идораларга мансуб эканини аниқ айтиб бўлмайди.

Битта нарса аниқ — бу вақтда жангарилар бинода эмасди ва штурм ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу вақтга келиб штурм қилинадиган ҳеч ким йўқ эди, махсус хизматларнинг амалиёти моҳиятан қутқарув амалиёти эди. Улар бинога кирганидан ярим соат ўтганида том қулашни бошлайди.

Душанба куни Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Владимир Путинга «Крокус»га ҳужумнинг текширилиши бўйича ҳисобот берди ва ҳужум қилганлар бинога соат 19:58 да етиб келгани, у ерни соат 20:11 да тарк этганини айтди. ОАВ ҳисобларига кўра эса жангарилар бинода бундан кўпроқ вақт қолишган — тахминан 18 дақиқа.

ОАВ маълумотларига кўра, тез ёрдам ва фавқулодда хизматларга биринчи чақирувлар соат 20:01 да келиб туша бошлаган. «Крокус Сити Ҳолл»даги отишма тўғрисидаги илк хабар эса телеграм-каналларда соат 20:05 атрофида пайдо бўлган.

Росгвардия қўшинларининг Москвадаги бош бошқармаси базаси қўшни Строгино районида, «Крокус Сити Ҳолл»дан уч километр масофада жойлашган. Албатта, жума куни кечқурун Москвада барча кўчаларда тирбандликлар юзага келади, Москва ҳалқа автомобил йўлида бу вақтда ҳаракат тўхтаб қолади. Шу билан бирга, Строгинодан «Крокус»га етиб келиш учун айнан шу йўлдан юриш шарт эмас, Мякининский проездидаги кўприк орқали келса ҳам бўлади.

Жанговар бўлинма 3 км масофани пиёда, ҳатто тўлиқ жиҳозлари билан ҳам 15 дақиқада босиб ўтиши мумкин эди.

2002 йилда, чечен жангарилари Дубровкадаги Театр марказини эгаллаб олганида, ОМОН ва СОБР ходимлари воқеа жойига тахминан 55 дақиқадан кейин етиб келганди.

Аммо ўшанда вазият бошқача бўлган, махсус хизматларнинг дастлабки босқичдаги суст ҳаракатланиши кейинги воқеалар ривожига таъсир кўрсатмаганди. Ўшанда жангарилар томошабинлар ва спектакл ижрочиларини гаровга олишган, сиёсий талабларини илгари суришган, улар билан музокаралар олиб боришга ҳаракат қилинган эди.

Бу сафар воқеалар ривожи бутунлай бошқа сценарийда кечди ва хавфсизлик кучлари бунга тайёр эмаслиги аён бўлди.

СОБР жангчилари «Крокус Сити Ҳолл»га одатий чақирув сифатида йўл олгани ҳам истисно этилмайди. Ўтган ҳафтанинг ўзида Росгвардиянинг пойтахт бўйича бошқармаси ходимлари «Тревога» сигнали бўйича 4 мингдан ортиқ марта чиқиб келишган, дейилади идора сайтидаги хабарда.

Фото: EPA
Оддий полициячилар қаерда бўлган?

Янада яқинроқ жойда — қўшни бино «Крокус-Экспо»да — Красногорск райони Павшино полиция бўлими жойлашган.

«Бу қандайдир таянч нуқта эмас, балки катта бўлим. Уларнинг „Экспо“ биноси ёнида шлагбаумли автотураргоҳи бор, у ерда одатда ушбу бўлимнинг 12-15 та машинаси туради, — деган ВЧК-ОГПУ телеграм-канали манбаси. — Уларнинг патруллари бутун Павшино ҳудудини назорат қилади. Уларнинг ўз паспорт столи, ўз қурол-яроғ хонаси бор. Ходимлари сони кўп.

Бу шармандалик. Агар бу полициячилар гуруҳи одамларга ёрдамга келганида, шак-шубҳасиз уларни қутқарган бўлишарди. Полиция ходимлари шунчаки қўрқоқлик қилишган
», — деган манба.

Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волк тасдиқлашича, полиция ходимлари вазирликнинг Красногорск бўйича бошқармаси навбатчилик қисмига отишма тўғрисида хабар келиб тушганидан беш дақиқа ўтиб воқеа жойига етиб борган.

Унинг бу сўзлари полициячилар «Крокус Сити Ҳолл»даги фавқулодда ҳодисага керакли даражада реакция қилмагани тўғрисидаги постларга, шунингдек гўёки полициячи-кинолог хизмат ити билан биргаликда отишма бошланиши билан воқеа жойини тарк этаётгани акс этгани айтилган видеоёзувга муносабат сифатида янгради.

«Кўрсатилган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Видеодаги камуфляж форма кийган ва ит етаклаган шахс ички ишлар органларига алоқадор эмас», — деган Волк.

У навбатчилик қисмига чақирув қачон келиб тушганига аниқлик киритмаган, аммо унинг полициячилар отишма жойига тезда етиб келгани тўғрисидаги даъвосини гувоҳлар ҳам, ижтимоий тармоқларда тарқалган кўплаб видеоёзувлар ҳам тасдиқламайди. Қолаверса, у ҳолда ҳужум қилганлар хотиржамлик билан яширина олмасди.

ИИВнинг ит етаклаган эркак масаласидаги баёноти эса ҳужумдан бир неча дақиқа олдинроқ олинган видеоёзув орқали тасдиқланган, бу кадрларда унда кинология хизмати шевронлари йўқлигини кўриш мумкин — у катта эҳтимол билан хусусий қўриқлаш компанияси ходими бўлган.

Аммо Baza телеграм-каналида жойлаштирилган ўша видеода ит етаклаб кетаётган киши ёнида полициячи формасидаги одам ҳам акс этган. У ҳужум вақтида бинода бўлгани ва ёнида қурол олиб юргани — номаълум, бошқа видеоёзувларда у кўринмаган.

«Умуман олганда, бундай оммавий тадбир, айниқса Россия икки йилдан буён уруш олиб бораётгани ҳисобга олинса, полиция ҳамроҳлигида ўтказилиши керак эди. Камида битта наряд қуролланган ҳолда кириш қисмида навбатчилик қилиши керак эди, — дейди BBC билан суҳбатда ФХХ махсус бўлинмасининг истеъфодаги зобити. — Агар қўшни бинода полиция бўлинмаси жойлашган бўлса, полиция бу ерга биринчи бўлиб етиб келиши шарт эди. Нима учун олдиндан хавфсизлик чоралари кўрилмаган, нима учун томи кетган аҳмоқлар 20 дақиқа давомида дайдиб, ўт очиб юрганида ушбу полициячилар дарҳол шу ерга отланмаганини тушуна олмайман. Тартибсизлик ёки қўрқоқлик, бу ҳолатда иккиси ҳам бир».

«Булар ҳатто қўриқчи эмас»

«Крокус Сити Ҳолл»ни «Крокус Профи» номли хусусий қўриқлаш компанияси қўриқлайди. Бинога кириш қисмидаги ва унинг ичкарисидаги қўриқчиларда ҳам жанговар қуроллар бўлмаган. Қўриқчиларнинг айримлари яширинишга улгурган, қолгани дарҳол отиб ташланган.

«Террорчилар кириш қисмининг чап томонидан киришган. Улар, биласизми, шошилмасдан ҳаракатланишди. Катта эҳтимол билан, ҳеч қандай қўриқлаш йўқлигидан хабардор бўлишган, — деган гувоҳлардан бири Кремл пулидаги журналист Андрей Колесниковга. — Қўриқчи шунчаки сумкаларни текширган, биз кинолог кишини кўрдик ва бир полициячи турарди… Бу даҳшат, албатта, даҳшат…»

«Залга эшик орқали эмас, кўргазма марказининг қўшни биноси ойнаси орқали киришган. Автоматларини қия кўтарган ҳолда. Кўринган ҳаммани ота бошлашган. Ҳамма одамларни, қўриқчиларни. Бир қўриқчи ўлган, иккинчиси яраланган. Булар ҳатто қўриқчилар ҳам эмасди. Уларни бизда „контролерлар“ деб аташади», — деган РБК телеканалига «Крокус Сити Ҳолл» хўжайини Араз Агаларов.

Давлат думаси депутат, Росгвардия директори маслаҳатчиси Александр Хинштейн «Крокус Сити Ҳолл»даги қўриқчилар ҳатто махсус воситаларсиз хизмат қилганини тасдиқлаган. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, «Крокус Профи» хусусий қўриқлаш компаниясининг қўшни бинода кўплаб жанговар қуроллари бўлган — ўнлаб «ИЖ-71» тўппончалари ҳамда ўзи ўқланадиган «Сайга-20КВ» милтиқлари.

Ўша ерда тезкор реакция кўрсатиш гуруҳи жойлашган, аммо у реакция кўрсатмаган, деган Хинштейн.

Шу билан бирга, унинг ўзи Росгвардия ходимлари фожиа ҳақидаги илк хабардан 15 дақиқа ўтиб «Крокус Сити Ҳолл»га етиб келганини айтган.

Концертлар ва оммавий тадбирларни қўриқлаш бўйича хусусий ҳарбий компания собиқ директори Иван Рудин «Военний осведомител» телеграм-каналига маълум қилишича, ҳеч ким қўриқчиларга қуролли ҳужумга қарши ҳаракатланиш вазифасини қўймайди.

Фото: Reuters
«Амалдаги қонунчиликка кўра, қўриқчи оммавий тадбирлар жойида ўқотар қурол билан хизмат қилмаслиги керак. Қўриқчиларга кўп сонли одамлар тўпланган вақтда ўқотар қурол қўллаш тақиқланади. Яъни периметр ичкарисида қўриқчи қуролсиз бўлиши керак», — деган қўриқлаш компанияси собиқ директори.

«Чиндан ҳам, қонун бўйича — бугунги кунда хусусий қўриқлаш ташкилотлари жамоат объектларида қуролли постлар ўрнатмаслиги лозим. Қонун бундай объектларни қўриқловчи хусусий қўриқлаш ташкилотларига фақат ўз арсеналида хизмат қуролларига эга бўлиш мажбуриятини юклайди», — дея бу гапларга қўшилади депутат Хинштейн. Унинг фикрича, бу қонунни ўзгартириш лозим.

ФХХ нима дейди?

Қўшма Штатлар март ойи бошида Москвада теракт содир этишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги разведка маълумотини Россия ҳукуматига етказганди.

«Шу ой бошида АҚШ ҳукумати Москвада оммавий йиғилишлар, жумладан концертларни ҳам нишонга олиши мумкин бўлган террорчилик ҳужуми тайёрланаётгани тўғрисида маълумот олди, натижада Давлат департаменти Россияда бўлиб турган америкаликлар учун огоҳлантириш эълон қилди», — дея Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсоннинг сўзларини келтирган Reuters.

«АҚШ ҳукумати азалий „мажбурий огоҳлантириш“ сиёсатига мувофиқ ушбу маълумотни Россия ҳукумати билан бўлишди», — дейилади унинг баёнотида.

CNN телекомпанияси ўз манбасига асосланган ҳолда АҚШ разведкаси Москвани Россияда ИШИД теракт содир этишга тайёрланаётгани тўғрисида огоҳлантирганини хабар қилган.

Россия ҳукумати Американинг разведка маълумотлари теракт режалаштирилган жой, унинг ташкилотчилари ва ижрочилари ҳақида аниқ маълумотларни ўз ичига олмаганини билдирган. «Теракт тайёрланаётгани тўғрисида Вашингтон томонидан берилган маълумот умумий характерга эга эди, Россия махсус хизматлари унга реакция қилди», — деди душанба куни ФХХ директори Александр Бортников.

The New York Times манбасига кўра, АҚШ ўз манбаларини фош этиб қўймаслик учун Москвада тайёрланаётган теракт тўғрисидаги барча мавжуд маълумотларни Россияга тақдим этмаган.

«Вашингтон ва Москва ўртасидаги душманлик муносабатлари АҚШга террорчиларнинг режаси ҳақида қўшимча маълумотларни етказишга тўсқинлик қилди, бунга Россия расмийлари манбалар ёки разведка методларини билиб қолишидан хавотир сабаб бўлган», — дея ёзган NYT.

Нашрнинг америкалик мулозимлар орасидаги суҳбатдошлари Россиядагилар март ойи бошида яқин 48 соат ичида теракт содир этилиши хавфи юқорилиги ҳақида маълумот олганида биринчи навбатда шу вақт оралиғига эътибор қаратган — ва бу оралиқда ҳужум рўй бермагач, огоҳлантиришни ишончсизлик билан қабул қилган.

Бортников Россия махсус хизматлари айнан қандай реакция кўрсатгани борасида аниқлик киритмаган. Бир томондан, Москва катта шаҳар, у ердаги ҳар бир одамни кузатиш, ҳар бир объектга қуролланган қўриқчилар жойлаштириш имконсиз. Бошқа томондан, «Крокус»даги фожиа ҳақидаги мавжуд маълумотларда махсус хизматлар оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлашда қайсидир даражада иштирок этгани кўринмайди.

Владимир Путиннинг реакцияси эса ошкора бўлди.

«Ғарбдаги қатор расмий тузилмаларнинг Россияда терактлар ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги провокацион баёнотларини эслайлик. Буларнинг барчаси очиқчасига шантаж ва жамоатчилигимизни қўрқитиш, беқарорлаштириш нияти бўлиб кўринмоқда», — деганди у 19 март куни ФХХ коллегияси йиғилишида.

Агар Россия махсус хизматлари ҳам Путин ортидан АҚШнинг эҳтимолий терактлар ҳақидаги огоҳлантиришига шантаж ва провокация сифатида қараган бўлса, бу агар ҳаммасини бўлмаса ҳам кўп нарсани изоҳлайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нима учун «Крокус»да керакли паллада хавфсизлик кучлари йўқ эди?