
Фото: АГН «Москва»
Россияда «Шакро Молодой» тахаллуси билан танилган нуфузли жиноятчи Захарий Калашов соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли Краснодардаги қаттиқ тартибли колониядан шартли равишда озод қилинди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.
Умумий ҳисобда у ўзига тайинланган 9 йилу 10 ойнинг 6 йилини қамоқда ўтказди. Энди у фақат 800 минг рубл жарима тўлаши керак.
2024 йил март ойида Краснодар ўлкаси суди Захарий Калашовни соғлиғи ёмонлашгани (кўзи кўрмай қолгани) учун қамоқдан шартли равишда озод қилиш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантирди.
Шакро Молодой 1953 йилда туғилган. 1990-йилларнинг бошидан бери Россиядаги энг нуфузли криминал авторитетлардан бири ҳисобланади. У 2003 йилда ўзига нисбатан уюштирилган бир қатор суиқасдлардан сўнг Испанияга кўчиб кетган. 2006 йилда БАА ҳудудида ҳибсга олинган ва Испанияга экстрадиция қилинган. У ерда 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Озодликка чиққанидан кейин Россияга қайтиб, жиноий фаолиятини давом эттирган.
Тахминларга кўра, у 2013 йилда россиялик криминал босс «дед Хасан» ўлимидан кейин жиноий оламда етакчига айланган.
2018 йил март ойида Москвадаги ресторанлардан бири эгасидан пул ундирмоқчи бўлиб, товламачилик қилгани учун 9 йил 10 ойга қамалган.
Шакро Молодой ҳибсга олинишидан олдин ўғриларнинг «умумий жамғармасига» раҳбарлик қилган, жиноят режаларини ишлаб чиққан ва уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳаракатларини мувофиқлаштирган.
Товламачилик ишидан ташқари Шакро Молодой номи Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича бош тергов бошқармасида қўзғатилган шов-шувли коррупция иши билан боғлиқ. Бу ишда Тергов қўмитасининг бир қанча аъзолари, жумладан Бош тергов бошқармаси хавфсизлик бўлими бошлиғи Михаил Максименко ҳам иштирок этган. У 2023 йил ноябр ойида ўз камерасида ўлик ҳолда топилган эди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар