05:00 / 02.04.2024
814

Исроил Эрон элчихонасига қақшатқич зарба берди: эронлик генерал ҳалок бўлди

Исроил Эрон элчихонасига қақшатқич зарба берди: эронлик генерал ҳалок бўлди
Сурия ва Эрон оммавий ахборот воситалари Исроил томонидан Дамашқ шаҳридаги Эрон консуллигига ҳаво ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берди.

Қайд қилинишича, Сурия пойтахтидаги консулликка берилган зарба оқибатида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Сурия ва Ливан кучлари генерали ва қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳалок бўлган. Бу ҳақда Reuters Ливан хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб ёзди.

Эрон давлат телевидениесига кўра, ҳодиса жойида эронлик бир қанча дипломат ҳалок бўлган.

Исроил расмийлари ҳодисага изоҳ беришдан бош тортган. «Биз хорижий ОАВ хабарларига изоҳ бермаймиз», деди Исроил ҳарбий вакили.

Эроннинг «Tasnim» агентлиги Исроилнинг зарбаси оқибатида беш киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Сурия давлат ахборот агентлиги SANA бир қанча ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақида хабар берди.

7 октябр куни ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганидан сўнг, Сурия ва Эрон ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлади. Исроил Суриядаги «Ҳизбуллоҳ» жангариларига қарши ҳаво ҳужумларини кучайтирди. 20 январ куни Дамашқ туманларидан бирига берилган ракета зарбаси чоғида Эроннинг Суриядаги разведка бошқармаси бошлиғи ва яна тўрт нафар аъзоси ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Эрон ҳужумда Исроилни айблади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг