
Фото: Kremlin via Reuters
Россия президенти Владимир Путин миграция сиёсатига ёндашувларни тубдан янгилаш зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда у Ички ишлар вазирлигининг ҳайъат йиғилишида айтди.
«Миграция сиёсатига ёндашувларимизни чуқур, тубдан янгилашимиз зарурлигини аллақачон айтгандим», деди у бу борада Ички ишлар вазирлиги, бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари, разведка хизматлари, ҳукумат ва президент маъмуриятига иш олиб боришни топширди.
«Биринчидан, давлат ва жамият манфаатлари ва хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни, маданий ва тил ўзлигимизни сақлаш зарур – буларнинг барчаси Россиянинг кучидир. Тамойил шундан иборатки, фақат урф-одатларимиз, тилимиз, маданиятимиз, тарихимизни ҳурмат қиладиганларгина Россияга келиб яшаши ва ишлаши мумкин», деб таъкидлади Путин ва бу тамойил ҳал қилувчи бўлиши кераклигини қўшимча қилди.
Давлат раҳбарининг фикрича, ноқонуний миграция экстремистик фаолият ва жиноятчилик учун тўғридан-тўғри заминдир. Путин экстремизмга қарши кураш бўйича ишлар минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин алоқада олиб борилиши кераклигини таъкидлади.
«Крокус Сити Холл»даги терактни изоҳлар экан, Путин фожиадан Россияда миллий нафрат, ксенофобия ва исломофобияни қўзғатиш учун фойдаланишларини қабул қилиб бўлмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу терактга буйруқ берганлар ва унинг ижрочиларининг асосий мақсади «мамлакатимизда низо ва ваҳима, нифоқ ва нафрат экиш, Россияни ичкаридан бўлиб ташлаш» эди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Россия «Крокус Сити Холл»даги терактга буюртма берганларни аниқлаб олади.
«Ҳамма нарса осон сотилади: ҳар қандай маълумотни сотиб олиш ва сотиш мумкин, шунинг учун биз буюртмачиларни албатта топамиз», деб қўшимча қилди Путин.
Ўз навбатида, ИИВ раҳбари Владимир Колоколцев ахборот тизимлари ёрдамида 2023 йилда хорижий фуқаролар томонидан содир этилган 2400 га яқин жиноят фош этилганига эътибор қаратди. Колоколцев сўзларига кўра, ўтган йили Россиядан чиқариб юборилган ва депортация қилинган хорижликлар сони 65 фоизга ошиб, 108 минг 500 нафарни ташкил этган. ИИВ раҳбари ўтган йили ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ 92 фоизга кўп фактлар аниқланганини таъкидлади. Шу билан бирга, ўтган йили хорижликларнинг қотиллик жиноятлари 18 фоизга, ўғирликлар 14 фоизга ва талончилик 32 фоизга камайган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар