19:45 / 06.04.2024
231

Журналистлар Украинада 50 минг россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлганини тасдиқлади

Журналистлар Украинада 50 минг россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлганини тасдиқлади
Фото: TASS/imago images
BBC рус хизмати ва «Медиазона» нашри журналистлари кўнгиллилар гуруҳи кўмагида очиқ манбаларга асосланиб, 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли ҳужум бошланганидан кейин ҳалок бўлган 50 016 нафар россиялик ҳарбийнинг исмини аниқлади. Бу ҳақда 5 апрел, жума куни BBC рус хизмати хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, тасдиқланган йўқотишларнинг қарийб 18 фоизи маҳбуслар, 13 фоизи фронтга кетган кўнгиллилар, 12 фоизи сафарбар қилинганлардан иборат. Ҳалок бўлганлар орасида камида 3354 офицер, шу жумладан 1016 нафар элита қўмондонлик даражасидаги мутахассислар ҳам бор. Шу тариқа, BBC таъкидлашича, ҳалок бўлганлар камида 43 фоизи Россиянинг Украинадаги уруши бошланишида армияга алоқадор бўлмаган, аммо уларнинг ҳақиқий сони 70 фоизгача етиши мумкин.

BBC тақдим этган жадвалга кўра, 2022 йил кузида сафарбарлик эълон қилинганидан бери ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони кескин ошган, ўша йилнинг сентябрида 1000 дан сал кўпроқ бўлган бўлса, 2023 йил январида 3000 га яқин ҳарбий ўлган.

2023 йилнинг кузидан бери, Донецк вилоятида Россия қўшинларининг ҳужуми фонида, РФ армияси йўқотишлари ҳафтасига 550-600 кишини ташкил этяпти, дея таъкидлайди журналистлар. Бундан ташқари, BBC маълумотларига кўра, 2023 йил октябридан 2024 йил апрелигача бўлган даврда қурбонлар сони ўсиш суръати Украинага ҳужумнинг дастлабки 12 ойидаги ўртача кўрсаткичдан бир ярим-икки баравар юқори бўлиб қолмоқда.

МРБ РФ йўқотишларини 315 минг кишига баҳоламоқда

АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уилям Бернс 30 январ куни Американинг Foreign Affairs нашри учун рукнида Россия армиясининг умумий йўқотишларини 315 минг киши атрофида баҳолаган эди.

«Медиазона» ва BBC бу баҳога қўшилди: «Бир ярим йилдан ортиқ давом этган кузатишлар натижасида биз очиқ манбалар барча ҳарбийлар ўлимининг ярмини аниқлаши мумкинлигини англадик. Бу кўрсаткич кўп жиҳатдан минтақа, ёш ва ижтимоий мақомга боғлиқ. Биз ундан доимий равишда ҳисоб-китобларда фойдаланмаймиз. Аммо бу жуда қўпол ва тахминий ҳисоб-китобларга мос келади: ижтимоий тармоқларда топилган 43 минг некролог бизга тахминан 80-90 минг реал ўлимни беради. Шунда маълум бўлишича, қолган 230 минг киши яраланган, бу ўлганлар сони ҳисобга олинса, бу ҳақиқатдан ҳам кўпроқ кўринади», деб таъкидлади журналистлар.

РФда янги сафарбарлик ва Харкивга ҳужум ҳақидаги миш-мишлар

«Верстка» нашри 22 март куни Россия ҳукуматидаги манбаларига таяниб, яқин келажакда Украина билан урушга яна 300 минг кишини юбориш режалаштирилгани ҳақида хабар берди. Нашр суҳбатдошларига кўра, бунинг учун улар захирадаги фуқароларни жалб қилмоқчи, хизмат муддати тугайдиган чақирилувчилар эса шартнома имзолашга «ҳар қандай йўл билан кўндирилади». Нашр манбалари бу ҳаракатларнинг барчасини «мобилизация 2.0» деб атади. «Верстка» шунингдек, Москвада мудофаа корхоналари ва бюджет ташкилотлари ўз ходимлари учун бронни фаол равишда ташкил қила бошлаганига эътибор қаратади.

ОАВ хабарларига кўра, Харкивга ҳужум қилиш учун Россия армияга янги қабул қилинган ҳарбий хизматчилардан фойдаланиши мумкин. «Медуза»нинг Россия ҳукумати амалдорлари орасидаги суҳбатдошлари бу «жуда эҳтимолий сценарий» деган фикрга қўшилди. Россия президенти Владимир Путин Харкив вилояти билан чегарадош ва Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилаётган Белгород вилояти атрофида «санитария зонаси» яратиш зарурлигини маълум қилди. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Россияни Харкивга ҳужум қилмаслик тўғрисида огоҳлантирди ва бу шаҳар РФ учун «ҳалокатли» бўлишини ваъда қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг