09:38 / 16.04.2024
586

АҚШ Киевнинг дронларни йўқ қилишда ёрдам бериш ҳақидаги илтимосига жавоб қайтарди

АҚШ Киевнинг дронларни йўқ қилишда ёрдам бериш ҳақидаги илтимосига жавоб қайтарди
Фото: Yasuyoshi Chiba/AFP
Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россия томонидан Украинага ҳужум қилган дронларни йўқ қилишда бевосита иштирок этмайди. Бу ҳақда 15 апрел, душанба куни Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби баёнот берди.

«Агар АҚШ ва иттифоқчилар Эроннинг учувчисиз учоқларини Исроил осмонида уриб туширишда ёрдам бера олса, нега Украина осмонида ҳам худди шундай қилиш мумкин эмас?» – дея журналистлардан бири Кирбига савол берди. Унинг жавоби қуйидагича бўлди: «Турли можаролар, турли ҳаво ҳудуди, турли таҳдидлар вазияти. Ва президент (Жо Байден) Украинадаги можаронинг бошиданоқ аниқлик киритди: Қўшма Штатлар бу тўқнашувга комбатант сифатида аралашиш ниятида эмас».

Аввалроқ, 15 апрел куни Украина президенти Володимир Зеленский халқаро ҳамкорлари кўмаги туфайли Исроил мудофааси самарадорлигини таъкидлар экан: «Агар Украина худди шундай тўлиқ ҳимояга эга бўлганида, Европа осмони анча олдин ҳам худди шундай ҳимоя даражасини олган бўларди. Террор баъзи жойларда кўпроқ, бошқа жойларда камроқ эмас, тўлиқ ва ҳамма жойда мағлуб этилиши керак».

«Энди биз бирдамлик ҳақиқатан ҳам юз фоиз ишлай олишини, дронлар ва ракеталарнинг деярли юз фоизини тутиб олиш мумкинлигини кўряпмиз», — деди Зеленский ўзининг X микроблогида.

АҚШ Конгрессидаги Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсоннинг 16 апрелга ўтар кечаси маълум қилишича, шу ҳафта палата Украина ва Исроилга алоҳида қонун лойиҳаси кўринишида ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқади.

Эроннинг Исроилга ҳужуми

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди. Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, 170 та дрон, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 дан ортиқ қанотли ракеталар мамлакатга ҳужум қилишга уринган, бироқ Исроил ва унинг иттифоқчилари уларнинг 99 фоизини, аксариятини - мамлакат ташқарисида уриб туширишга муваффақ бўлган. Фақат бир нечта ракета Исроил ҳудудига етиб борди, жанубдаги авиабазага тушиб, «кичик зарар» келтирди», дейилади ЦАҲАЛ хабарида.

Эрондан ташқари, Исроилга ҳужумлар Яман ҳусийчилари, шунингдек, Ироқ ҳудудидан эронпараст гуруҳлар томонидан амалга оширилган.

10 апрел куни Теҳрон Исроилга Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтариш билан таҳдид қилган эди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эроннинг олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Киевнинг дронларни йўқ қилишда ёрдам бериш ҳақидаги илтимосига жавоб қайтарди