18:30 / 16.04.2024
811

Crocus теракти бўйича айбланаётган икки тожикистонлик ҳибсга олиниши юзасидан шикоят қилди

Crocus теракти бўйича айбланаётган икки тожикистонлик ҳибсга олиниши юзасидан шикоят қилди
Crocus City Hall’даги терактга алоқадорликда гумон қилинган Тожикистон фуқароси Лутфуллои Назримад ҳибсга олиниши устидан шикоят қилди. Бу ҳақда Москванинг Басманний судига таяниб, “ТАСС” хабар берди.

Фото: Лутфуллои Назримод / “Коммерсант”
Судга Лутфуллои Назримадни ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чораси юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят аризаси келиб тушган, у 15 апрель куни берилган. Москванинг Басманний суди 28 март куни Назримодни икки ойга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган.

Теракт ишидаги бошқа барча айбланувчилар сингари, у ҳам террорчилик хуружида (Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми “б” банди) айбланмоқда. Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг айтишича, Назримад “теракт иштирокчиларини молиялаштириш” схемасида иштирок этган.

Фото: Муҳаммадзоир Шарифзода / “ТАСС”
Бундан ташқари, яна бир тожикистонлик айбланувчи Муҳаммадзоир Шарифзода ҳам уни ҳибсга олиш ҳақидаги Басманний суд қарори устидан 8 апрель куни шикоят қилган. Тергов Шарифзодани Crocus’даги терактни уюштиришда иштирок этганлардан бири деб ҳисобламоқда. Унга қўйилган модда бўйича энг оғир жазо умрбод қамоқ жазоси бўлиши мумкин.

Crocus’даги теракт

Москва вилояти Crocus City Hall’даги теракт 22 март куни кечқурун содир бўлди. Бир неча қуролланган шахслар концерт зали биносига бостириб кириб, оломонни отиб ташлаган, кейин эса бинони ёқиб юборган. Теракт оқибатида 143 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган. Ҳужумни содир этишда Тожикистоннинг тўрт нафар фуқароси айбланган, суд улар айбига иқрор бўлганини маълум қилган.

Мазкур ҳолатдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан муносабат ўзгарган. Тожикистон президенти ҳужумни “шармандали ва даҳшатли воқеа” деб атаган ҳамда ота-оналарни фарзандлари тарбиясига жиддийроқ эътибор қаратишга чақирган.

Ўз навбатида, Россия терговчилари теракт иштирокчиларининг оиласини сўроқ қилиш учун Тожикистонга борган. Шундан кейин Ваҳдат шаҳрида яшовчи тўққиз нафар тожикистонлик Crocus’даги теракт ижрочилари билан алоқадорликда айбланиб, қўлга олинган. Ҳибсга олинганлар ИШИД билан алоқада бўлганликда ҳам гумон қилинмоқда.

Доғистонда ҳам аксилтеррор операция ўтказилиб, тўрт нафар Тожикистон фуқароси ушланган. Улар терактнинг асосий иштирокчиларини қурол ва пул билан таъминлагани айтилмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина ҳукуматини расман Crocus City Hall’даги терактда айблаган. Украина расман мазкур айбловларни рад этган. Ўз навбатида, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими “Вилояти Хуросон” ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини бир неча бор таъкидлаган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Crocus теракти бўйича айбланаётган икки тожикистонлик ҳибсга олиниши юзасидан шикоят қилди