09:35 / 19.04.2024
719

Исроил дронлар орқали Эронга зарба берди

Исроил дронлар орқали Эронга зарба берди
Исроил бир неча дронлар ёрдамида Эронга зарба берди, ҳаво мудофааси ишга тушди, деб хабар берди Эрон телевидениеси.

Tasnim хабарига кўра, Исфаҳондаги ядро иншоотлари хавфсиз ҳолатда. CNNнинг ёзишича, Исроил ядровий иншоотларга ҳужум қилишни режалаштирмаган. Бир кун олдин Исроил АҚШни Эронга 24-48 соат ичида ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирган, деб ёзади Bloomberg.

Эрон ОАВлари Исфаҳон шаҳри яқинида портлашлар содир бўлганини хабар қилмоқда.

«Манбаларнинг айтишича, Исфахон вилоятида кучли портлаш овозлари эшитилган», — дея хабар берди давлат телевидениеси.

FARS агентлиги маълумотларига кўра, портлашлар халқаро аэропорт яқинида жойлашган Ҳарбий ҳаво кучлари базаси олдида содир бўлган.

Жами учта портлаш содир бўлган. Эҳтимолий нишонлардан бири ҳарбий радар бўлган ва портлашлар натижасида бир қанча маъмурий биноларнинг ойналари ҳам синган.

Эроннинг бир қанча ядровий иншоотлари Исфахон вилоятида жойлашган, дея қайд этади Reuters.

Теҳрон ва бошқа шаҳарлар устидан парвозлар тўхтатилгани хабар қилинмоқда. Хусусан, Эрон пойтахтидаги Имом Ҳумайний номидаги халқаро аэропорт ёпилган. Теҳрон, Исфахон ва Шерозга, шунингдек, мамлакат ғарби, шимоли-ғарби ва жануби-ғарбидаги аэропортларга парвозлар тўхтатилган.

Эроннинг бир қанча ҳудудларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушган.

«Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари мамлакатнинг бир қанча вилоятлари осмонида фаоллашди», — дейилади IRNA ахборот агентлиги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалро Исроил Эрон ҳужумига жавоб бериш ниятида экани ва АҚШни режалари ҳақида хабардор қилиши ҳақида хабар берилганди.

Бунга қадар Эрон 13 апрель оқшомида Исроилга ҳужум қилганди. Ҳужум пайтида юзлаб ракета ва дронлардан фойдаланилган. Америка кучлари Исроил армиясига ҳужумни қайтаришда ёрдам бериб, 80 дан ортиқ дрон ва камида олтита баллистик ракетани йўқ қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил дронлар орқали Эронга зарба берди