10:50 / 22.04.2024
286

Олигарх Илан Шор Москвада россияпараст «Ғалаба» блокини тузди

Олигарх Илан Шор Москвада россияпараст «Ғалаба» блокини тузди
Фото: Taras Rybyanov/TASS/dpa/picture alliance
Молдовада банк фирибгарлигида айбланиб, сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган олигарх Илан Шор 21 апрел, якшанба куни Москвада ўзига алоқадор Молдова партиялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Россия пойтахти марказидаги беш юлдузли Carlton меҳмонхонасида бўлиб ўтган тадбирда Шор «Ғалаба» сиёсий блоки тузилганини эълон қилди. Апрел ойи давомида сиёсатчи Москвада ўз тарафдорларини уч марта йиғди.

Молдовада тақиқланган «Шор» партиясидан ташқари мухолифатдаги сиёсий кучларни «Ғалаба» блокига бирлаштириш тўғрисидаги битимни Молдова Гагауз мухторияти раҳбари (бошкан) Евгения Гуцул, шунингдек, «Уйғониш», «Имконият», «Молдовани қутқариш учун муқобил куч» ва шу йилнинг январ ойида яратилган Victorie партиялари имзолади. Йиғилишда мухолифатдаги социалистлар ва коммунистлар блоки вакиллари қатнашмади.

Молдовадаги жиноий ишларда блок раҳбарияти вакиллари номи тилга олинган

Илан Шор янги сиёсий блокнинг раиси, Евгения Гуцул миллий сиёсий кенгашнинг ижрочи котиби, Молдова парламенти депутати Марина Таубер эса ижроия қўмита котиби этиб сайланди. Молдовада Гуцул ва Тауберга нисбатан сиёсий партияни ноқонуний молиялаштиргани учун жиноий иш қўзғатилди.

Россия матбуотида тадбир «Кишинёвнинг ЕОИИга (Евросиё иқтисодий иттифоқи) қўшилишини қўллаб-қувватловчи Молдова сиёсатчиларининг қурултойи» деб аталди, Илан Шор эса ўз ижтимоий тармоқларида учрашувни «Молдова мухолифатининг бирлашиши» дея таърифлади. Тадбир россиялик эстрада хонандалари Николай Басков ва Филипп Киркоровнинг чиқишлари билан якунланди.

Инфратузилма вазирининг муносабати: Кремлга хизмат қилувчи сотқинлар

Янги мухолифат уюшмаси ташкил этилиши ҳақидаги хабарга биринчи бўлиб Молдова инфратузилма ва минтақавий ривожланиш вазири Андрей Спину муносабат билдирди. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида у янги уюшмани «уюшган «Ғалаба» жиноий блоки», унинг асосчиларини эса «бутун мамлакатга юзи очилган миллат хоинлари» деб атаган.

«Улар кимга ишлаётгани ва кимга хизмат қилаётгани аниқ бўлиши учун» тадбир Кремл яқинида бўлиб ўтди, деди вазир. «Келгуси йилларда биз улардан халос бўлишимиз керак», деб таъкидлади Андрей Спину.

Молдовада президентлик сайловлари 20 октябр куни бўлиб ўтади. Шу куни Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдум ўтказилиши режалаштирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олигарх Илан Шор Москвада россияпараст «Ғалаба» блокини тузди