21:24 / 27.04.2024
1 272

Мигрантларни Россиядан чиқариб юборишнинг янги тартиби таклиф этилди

Мигрантларни Россиядан чиқариб юборишнинг янги тартиби таклиф этилди
Фото: ТАСС
Давлат Думасига Россиядан ноқонуний мигрантларни чиқариб юборишнинг янги тартибини жорий қилувчи қонун лойиҳаси киритилди. Ҳужжат парламент қуйи палатаси сайтида эълон қилинди.

Депутатлар қонунчиликка «депортация режими» тушунчасини киритишни таклиф қилмоқда. Қонун лойиҳасида айтилишича, бу «Россиядаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, мамлакатда қонуний асосларсиз бўлган чет элликларга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий режим.

«Депортация режими» мамлакатда қонуний қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган мигрантларга нисбатан қўлланади. Бу шундай мигрант ҳақидаги маълумотлар «Назорат қилинадиган шахсларнинг махсус реестри»га киритилган кундан бошлаб кучга киради. Шу билан бирга, ушбу маълумот реестрдан чиқарилган кундан бошлаб, «депортация режими» тўхтатилади.

Қонун лойиҳасига кўра, мигрант «Россия манфаатларига зарар етказувчи фаолиятдан ўзини тийса» ва унинг қонунлари, Конституциясига риоя қилса, Россияга кириш ва мамлакатда бўлиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Шундай қилиб, Россияда қонуний қолиш учун чет эл фуқароси:

- Россиянинг атроф-муҳитига, табиий ресурсларига, моддий ва маданий қадриятларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши;

- аҳоли турмуш тарзи хилма-хиллигини ҳурмат қилиши;

- фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятига аралашмаслик;

- мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатига аралашмаслик ва бошқалар.

Реестрга киритилган хорижликлар тегишли кўрсатма берилган тақдирда, белгиланган муддатларда Ички ишлар вазирлигига келиши шарт. Шунингдек, улар тақиқларга риоя қилиши ва давлат органларини жойлашган жойи, яшаш жойининг ўзгариши ва мамлакатдан мустақил равишда чиқиб кетишига тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида хабардор қилиши шарт. Шунингдек, мигрантлар Россиядан режалаштирилган чиқиб кетиш санаси, жойи ва маршрути ҳақида хабар бериши керак бўлади.

Қонун лойиҳаси реестрга киритилганлар учун қуйидаги чекловларни назарда тутади:

- юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинишни тақиқлаш;

- кўчмас мулк, автомобиллар ва бошқа турдаги ускуналарни сотиб олишни тақиқлаш. Кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва унга бўлган эгалик ҳуқуқи ҳам чекланади, худди шу нарса автомобилларга ҳам тегишли;

- никоҳни тақиқлаш;

- назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартиришни тақиқлаш;

- яшаш ҳудудини тарк этишни тақиқлаш, мамлакатдан чиқишдан ташқари.

Реестрга киритилган хорижликлар автомашинани бошқара олмайди, улар ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонига киритилмайди ва уларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилмайди. Гувоҳнома ҳам алмаштирилмайди.

Бундан ташқари, мигрантлар банк ҳисоб рақамларини очиб, маблағ ўтказа олмайди. Улар ҳисоб рақамидан ойига фақат 30 минг рублни бошқариш имкониятига эга бўлади. Пул фақат товар сотиб олишга, жарима тўлашга ва мамлакатдан чиқиб кетиш учун сарфланади. Бундай хорижликларга кредит ва микрокредитлар бериш тақиқланади.

Қонун лойиҳасида бошқа чекловлар ҳам назарда тутилган. Агар мигрант барча талабларни бажармаса, у мажбуран депортация қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мигрантларни Россиядан чиқариб юборишнинг янги тартиби таклиф этилди