15:21 / 04.05.2024
155

Украинада сафарбарлик тўғрисидаги янги қонуннинг бир қисми кучга кирди

Украинада сафарбарлик тўғрисидаги янги қонуннинг бир қисми кучга кирди
Фото: EPA
Украинада 4 май, шанба куни сафарбарлик тўғрисидаги янги қонуннинг айрим қисмлари кучга киради. Шу кундан бошлаб кучга кирадиган янгиликлардан бири ҳарбий хизматга «чекланган яроқли» мақомининг бекор қилинишидир. Бунинг ўрнига «яроқсиз» тоифаси ва тўртта «яроқли» тоифаси киритилади.

Хусусан, бу - тўлиқ яроқли; ҳарбий олий ўқув юртларида, ҳудудий шакллантириш марказларида, таъминот бўлинмаларида, муассасаларда, ташкилотларда хизмат қилиш учун яроқли (лекин ҳужум қўшинларида, денгиз пиёда сафида, махсус операциялар кучларида, махсус кучлар бўлинмаларида ва бошқаларда хизмат қилиш учун яроқсиз); муайян мутахассисликлар учун яроқли (масалан, ҳарбий университетга кириш учун номзодлар); муайян вазифалар учун яроқли.

«Чекланган яроқли» мақомига эга бўлган барча эркаклар 60 кун ичида ҳудудий шакллантириш марказлари (ҲШМ)да ўз маълумотларини янгилашлари, шунингдек, 2024 йил охиригача яна тиббий кўрикдан ўтишлари керак.

Украинада сафарбарлик тўғрисидаги қонун 18 майдан тўлиқ кучга киради

Украина Мудофаа вазирлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Оксана Сухорукованинг сўзларига кўра, ҳарбий-тиббий комиссиялар тўғрисидаги буйруқда шахснинг ҳарбий хизматга яроқли ёки яроқсизлигини аниқлайдиган янги мезонлар киритилган. Уларда бир неча минг ташхис мавжуд. Янгиланган тартиб 18 майдан кучга киради.

Шу куни «Сафарбарлик тўғрисида»ги қонун тўлиқ кучга киради. Унинг лойиҳасида 36 ойлик ҳарбий хизматдан сўнг демобилизация ва ротация тўғрисидаги низом бор эди. Украина Қуролли кучлари қўмондонлигининг илтимосига кўра, ушбу нормалар қонун лойиҳасидан олиб ташланди, улар 2024 йил охирига қадар алоҳида қонун билан тартибга солиниши режалаштирилган.

Қонунга кўра, ҳарбий хизматни ўташга мажбур бўлган барча шахслар 2024 йил 17 июлдан бошлаб ўз гувоҳномаларини янгилаши, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган барча эркакларнинг ҳарбий гувоҳномаси ёки вақтинчалик ҳарбий хизматни тасдиқловчи гувоҳномаси бўлиши шарт. 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган украиналиклар учун ҳарбий хизмат тинчлик даврида беш ойгача, уруш даврида эса уч ойгача бўлган асосий хизматга алмаштирилади.

Апрел ойида сафарбарликка тортиладиганларнинг ёшини 27 ёшдан 25 ёшгача пасайтирувчи қонун кучга кирди. Украина Қуролли кучлари Бош штаби аввалроқ хабар берганидек, ҳарбий рўйхатга олиш идоралари апрел ойининг биринчи ярмида 25 ёшга тўлганларга чақирув қоғозларини беришни бошлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада сафарбарлик тўғрисидаги янги қонуннинг бир қисми кучга кирди