date
views 613

Петербургда дарёга қулаган автобус ҳайдовчиси авариядан олдин тормозда муаммо пайқаган

Петербургда дарёга қулаган автобус ҳайдовчиси авариядан олдин тормозда муаммо пайқаган
Санкт-Петербургдаги Октябр райони суди 10 май куни Мойка дарёсига тушиб кетган автобус ҳайдовчиси Раҳматшоҳ Қурбоновни 9 июлга қадар ҳибсга олди. У эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ одам ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларини бузишда айбланмоқда.

Раҳматшоҳ Қурбонов билан гаплашган таржимоннинг айтиб беришича, 9 май куни смена якунлангач у кейинги куни соат 5:30 да ишга чиқиш тўғрисида хабар олган, деб ёзади «Фонтанка».

Қурбоновнинг сўзларига кўра, 10 май тонгида унга учта автобусдан бирини танлаш таклиф қилинган. Ҳайдовчи биринчи бўлиб танлаган автобусда бурилиш чироқларидан бири ишламаган. Шунда у таъмирлаш устахонасига борган, аммо у ердан уни паркка қайта чақириб олишган.

Аввалроқ ҳайдаган автобусини танлаган Қурбонов маҳаллий вақт билан эрталабки соат саккизларда йўналишга чиққан. Уч соат вақт ўтганидан кейин у автобус тормозидаги носозликни пайқаб қолган. Ҳайдовчининг айтишича, автобус дарҳол тўхтамаган — фақат қўшимча бир неча метр юрганидан кейин тўхтаган.

Бу вақтда Тергов қўмитаси ушбу иш доирасида иккинчи гумонланувчи қўлга олингани ҳақида эълон қилди.

Идоранинг маълум қилишича, автобус ҳайдовчисидан ташқари одамларни ташиш хизматини кўрсатган «Такси» МЧЖ автоколоннаси бошлиғи ушланган. Унинг шахси очиқланмаган.

«Лавозимига кўра, ушбу шахс меҳнат ва транспорт интизоми, жумладан, „Такси“ МЧЖда ишловчи ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилишга масъул бўлган. Тергов маълумотларига кўра, дарёга қулаган автобус ҳайдовчиси бир неча кун мобайнида зарур дам олиш вақти берилмаган», — дейилади ТҚ пресс-релизида.

10 май куни кундузи Петербургда йўналишли автобус Поцелуев кўпригидан Мойка дарёсига қулаган, натижада етти киши ҳалок бўлганди. Тергов қўмитаси иккита жиноий иш қўзғатган: икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳақидаги модда (РФ ЖК 264-моддаси 5-қисми, максимал жазо — етти йилга озодликдан маҳрум этиш) ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш ҳақидаги модда бўйича (РФ ЖК 238-моддаси 3-қисми, максимал жазоси — ўн йилга озодликдан маҳрум этиш) бўйича. Тергов доирасида автобус ҳайдовчиси икки йил муқаддам Россия фуқаролигини олган 44 ёшли тожикистонлик Раҳматшоҳ Қурбонов қўлга олинганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Петербургда дарёга қулаган автобус ҳайдовчиси авариядан олдин тормозда муаммо пайқаган