
Фото: AP
Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасидаги Новороссийск ва Туапсе, шунингдек, Қрим 17 май, жумага ўтар кечаси Украина Қуролли кучларининг учувчисиз учиш аппаратлари ва денгиз дронлари томонидан оммавий ҳужумга учради. Бу ҳақда Украина ОАВ ҳамда рус тилидаги оммавий ахборот воситалари ва Telegram-каналлар хабар берди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бир кечада Краснодар ўлкаси узра 44 та дрон тутиб олинган. Краснодар ўлкаси оператив штабига кўра, эрта тонгда 2 та УУА Туапседаги «фуқаролик инфратузилмаси»га ҳужум қилган. «Аппаратнинг қулаши натижасида нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ёнғин содир бўлди», — дейилади хабарда. Кейинроқ тезкор штаб ёнғин ўраб олингани ҳақида маълумот берди.
Шу билан бирга, Astra Telegram-канали Туапседа ёниб кетган нефтни қайта ишлаш заводига бошқа дрон томонидан ҳужум қилинган пайт тасвирланган видеони эълон қилди.
Telegram-канал, шунингдек, Новороссийск аҳолисига таяниб, улар кечаси 35 дан ортиқ портлаш овозини эшитгани ҳақида хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, порт ва нефт базасида портлаш овозлари эшитилган. Шунингдек, порт ва шаҳарнинг бир қисми электр таъминотисиз қолгани маълум қилинган. Краснодар ўлкаси расмийлари, ўз навбатида, портга тунги ҳужум муваффақиятсиз якунланганини билдирди.
Севастополга УУА ҳужуми
Россия томонидан тайинланган Севастопол «губернатори» Михаил Развожаев 17 май куни эрталаб Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг Telegram’даги хабарини қайта эълон қилди, унга кўра Россия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари бир кечада Қрим ҳудудида 51 та учувчисиз учоқни тутиб, йўқ қилган.
«Тунда денгиз авиацияси ва Қора денгиз флоти патрул катерлари Қора денгизда олтита экипажсиз катерни йўқ қилди», — дейилади Россия мудофаа вазирлиги хабарида.
Шу куни эрталаб Развожаев тунги ҳужумдан сўнг Севастопол нимстанциясида тиклаш ишлари олиб борилаётгани, унинг устига УУА қолдиқлари тушгани ва шунинг учун шаҳарда электр энергиясининг «манзилли ўчиришлари» кутилаётгани ҳақида хабар берди. Мавжуд вазият фонида шаҳар «раҳбари» барча мактаблар ва болалар боғчаларида дарсларни бекор қилишга қарор қилди.
Белгород ва Курск вилоятларида портлашлар
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, 17 майга ўтар кечаси Белгород вилояти ҳудудида олтита, Курск вилояти ҳудудида эса битта УУА уриб туширилган.
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков 17 май куни эрталаб Telegram’да Октябрский қишлоғида тунги ҳужум натижасида она ва тўрт ёшли бола ҳалок бўлганини маълум қилди. «Камикадзе дрон ҳужумига учраган машинанинг ҳайдовчиси ва оила бошлиғи бўлган эркак жароҳат олди», - дея қўшимча қилди у.
Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов хабар эълон қилинган пайтда Telegram-каналида ўзига ишониб топширилган минтақага тунги ҳужум ҳақидаги сўнгги маълумотларни эълон қилмаган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар