
Фото: AP
Россия ва Хитой энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Россия газини Мўғулистон орқали Хитойга ўтказиш учун «Сибир қудрати 2» газ қувурини қуришдан икки давлат ҳам манфаатдор эканини тасдиқлади, деди Россия президенти Владимир Путин 17 май, жума куни Хитойга давлат ташрифи чоғида.
«Стратегик жиҳатдан Россия ҳам, Хитой ҳам ёқилғи-энергетика комплекси соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни хоҳлайди ва компаниялар «Сибир қудрати 2» газ қувурини қуриш бўйича икки томоннинг ҳам манфаатдорлигини тасдиқлади. Бунга параллел равишда нефть қувурини давом эттириш мумкин. Бир коридорда ҳам газ, ҳам нефт қувурини ётқизиш мумкин, лекин энг яхшисини мутахассислар ҳал қилиши керак», деди Путин.
Ўзаро ҳисоб-китоблар муаммоси
«Хитой иқтисодиёти ўсиб бормоқда, бу ўсишни таъминлаш учун зарур бўлган энергия ресурсларини кўпайтириш талаб қилинади», деди Россия президенти. У Россия ва Хитой ўзаро ҳисоб-китобларга оид ечимни топишига ишонч билдирди, бу Хитой банкларига Россиянинг Украинага қарши уруши фонида АҚШ томонидан жорий қилинган иккиламчи санкциялар таҳдидидан қочиш имконини беради.
Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак кеча икки давлат яқин келажакда «Сибир қудрати 2» газ қувурини қуриш бўйича келишув имзолашни режалаштираётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Мўғулистон орқали 50 миллиард куб метргача Россия газини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаш кўзда тутилган.
Россия-Хитой лойиҳалари
Россия Ямал яриморолидан Мўғулистон орқали Хитойга газ етказиб бериш учун 2600 километрлик «Сибир қудрати 2» газ қувурини қуриш бўйича кўп йиллардан бери музокаралар олиб бормоқда. Узунлиги 3 минг километр бўлган, аллақачон қурилган «Сибир қудрати» газ қувури Россия газини Сибирдан Хитой шимоли-шарқидаги Хэйлунцзян провинциясига етказиб беради.
Путиннинг Хитойга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари стратегик ҳамкорликнинг «янги даври»ни бошлаб беришди, дея таъкидлайди ахборот агентликлари. Путин Россиянинг Украинага қуролли ҳужуми туфайли Ғарб томонидан киритилган санкциялардан азият чекаётган Россия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун тобора кўпроқ Хитойга яқинлашмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар